Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Мақсадимиз — маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш

Мақсадимиз — маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда фракция аъзолари, партиянинг Марказий кенгаш ходимлари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ходимлари, депутатлари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни фракция раҳбари С.Отамуратов олиб борди. Унда, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг чора-тадбирлар режаси муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлис тарихида илк маротаба 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатнома тақдим этиши шубҳасиз давлатчилигимиз ривожланишида янги босқич бошланганидан далолат беради.

Албатта, дунёдаги кўпчилик тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд бўлсада, ҳар доим ҳам давлат раҳбарларининг маърузаси мамлакат тарихида туб бурилишлар ясай олмаган. Бироқ, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида 135 дан ортиқ миллат ва элатлардан иборат халқимизни кўпдан буён ўйлантириб келаётган мураккаб иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг асл сабаби ва моҳияти чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг асослантирилган ечими кўрсатиб ўтилгани билан беқиёсдир.

Йиғилишда фракция аъзолари давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномаларида 2018 йилга мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилиши келгуси йили фаол тадбиркорликни ривожлантириш давлатимиз эътибори марказида бўлиши, бу соҳани қўллаб-қувватлаш, бизнес субъектларини жадал ва барқарор ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилиши, божхона тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этишини алоҳида эътироф этдилар. Бу Сайловолди платформасида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш ва оилавий тадбиркорликни, касаначиликни тараққий эттиришни устувор вазифа этиб белгилаган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси учун ҳам ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидладилар.

Шунингдек, йиғилишда фракция аъзолари Президентимиз томонидан парламент олдига қўйилган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтдилар. Таъкидланганидек, Мурожаатномада парламент ва сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликлар келтирилиб, улар олдида турган долзаб вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизими, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллий Кенгашларда ишчанлик, ўз-ўзини танқид руҳини яратиш каби масалаларда парламентнинг роли сезиларли даражада эмаслиги, бирор-бир туманда халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти намунали асосда ташкил этилмагани танқидий баҳоланди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Боиси, ишлаб чиқадиган қонунларимиз ҳаётий, халқ манфаатларига хизмат қиладиган ҳамда одамларни ортиқча машаққат чекиши, вақт ва маблағ сарфлашга мажбурламаслиги лозим. Бунинг учун барча даражадаги депутатлар доимий равишда халқ орасида бўлиб, уларнинг муаммо, қизиқишларини ўрганиб ва шу асосда қонун лойиҳаларини тайёрлаши зарур. Бу борадақонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус «майдон»лар яратиш зарур. Фуқаролар давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикр-таклифларини билдиришлари учун «Менинг фикрим» деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ этиш орқали бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда ўз ифодасини топиши — халқ фаровонлиги, юрт равнақи, аҳолининг ислоҳотларга дахлдорлиги ошиши ҳамда ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

Президентимиз маърузасида давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш, кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш вазифаси қўйилди. Бу механизмнинг ҳар томонлама шаффоф ва самарали ишлаши учун маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада мамлакатимизда халқ депутатлари Кенгашларининг роли, халқ ноибларининг ваколатлари тубдан оширилди. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, депутатлик назорати эса мустаҳкамланди. Шундан келиб чиқиб, йиғилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депутатлар ўз вазифа-ваколатига масъулият билан ёндошиши, аҳоли мурожаатлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аниқ таклифлар, қарорлар қабул қилишда фаоллик кўрсатиши лозимлиги қайл этилди.

Фракция йиғилишида алоҳида эътироф этилганидек, давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномаси дунё тамаддуни гувоҳ бўлган оз сонли тарихий маърузалар қаторидан нафақат муносиб жой эгаллайди, балким Ўзбекистон Республикасининг эртанги куни, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни қаерда ва қандай бўлади? каби саволларга берган муфассал жавоби билан бизнинг тараққиёт стратегиямизни белгилаб берувчи дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Йиғилиш якунида, фракция томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг чора-тадбирлар режаси асос сифатида қабул қилинди.


Кўришлар сони: 18587

Депутатлар минбари

Янгиликлар

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

07.04.2020
Ер участкаси ноқонуний олиб қўйилмайди

Cўнгги пайтларда жойларда ҳокимлик ва идоралар томонидан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжла...

Тадбирлар тақвими