Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда 2018 йилги бюджет ва солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилгани эътироф этилди.

Фракция аъзолари 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамаси чоғида хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли даромадларига солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш, солиқ қонунчилигига солиқ назорати талабларини таъминлайдиган қўшимча механизм ва инструментларни киритиш йўли билан солиқ маъмурчилигини яхшилаш ва солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш кўзда тутилаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Бу борада депутатлар партия олдида турган вазифалардан келиб чиқиб, бир хил базага эга бўлган солиқлар ва тўловларни бирлаштириш йўли билан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар сонини қисқартириш, кам самарали, талабга эга бўлмаган ҳамда ўз долзарблигини йўқотган солиқ имтиёзларини, шунингдек, умумий солиқ солиш тизимидан истисноларни бекор қилиш ҳисобига солиқ солиш тизимининг соддалиги ва шаффофлигини таъминлаш, жисмоний шахсларга якка тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда, тегишли лицензия олиш шарти билан йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш каби кўзда тутилаётган чораларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

2018 йилги бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари борасида фракция аъзолари бюджет соҳасида ишловчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини ошириш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, бюджет харажатларининг самарадорлигини ошириш каби масалаларга тўхталиб ўтдилар.

Бундан ташқари, йиғилиш мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасининг 2018 йил учун асосий кўрсаткичлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, 2018 йилда Давлат бюджети даромадлари ЯИМга нисбатан 21,4 фоизни ташкил этади. Давлат бюджетига тушумлар ЯИМ номинал ўсишига мос равишда 25,9 фоизга ортиши кутилаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, давлат бюджети ҳаражатлари ЯИМга нисбатан 21,4 фоизни ташкил этади (ўтган йилга нисбатан 26,6 фоиз ўсиш билан), бу эса, ўз навбатида, барча белгиланган тадбирларнинг ўз муддатларида бажарилишини таъминлаши кутилаётганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, «Миллий тикланиш» партияси маданият муассасалари, «Баркамол авлод» болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари, шу жумладан, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ жойларни ривожлантириш учун бюджетдан маблағ ажратишни кўпайтиришни партия ўзининг ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларидан бири деб билади.

Шу сабабли ҳам йиғилиш мобайнида фракция аъзолари келгуси йилда таълим ҳаражатларига 19,5 трлн. сўм ёки жорий йилга нисбатан 22,9 фоизга кўп маблағ ажратилаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, 260 та мактабгача таълим муассасани янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 157 та муассасани мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 578,7 млрд.сўм ажратиш, мактабгача таълим муассасаларини жорий сақлаш харажатлари учун 2 282,8 млрд. сўм ёки жорий йилга нисбатан 32 фоизга кўп йўналтирилаётганлигига, болалар мусиқа ва санъат мактабларига 38,9 млрд.сўм ажратилиши натижасида 6 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиши режалаштирилаётганлигига  алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботларни қўллаб-қувватлаб, партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалаларга эътибор қаратдилар.

Аввало, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остида жаҳон бозорига маҳсулот чиқаришга ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга аҳд қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирларни тизимли давом эттириш зарурлиги эътироф этилди.

Шунингдек, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг субвенцияга боғлиқлигини кескин камайтириш лозимлиги таъкидланди. Ушбу соҳада маҳаллий бюджетлар мустаҳкамлигини таъминлашда уларни мустақиллигини босқичма-босқич амалга оширилиши муҳимлиги қайд этилди.

Фракция йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 10160

Депутатлар минбари

Янгиликлар

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

07.04.2020
Ер участкаси ноқонуний олиб қўйилмайди

Cўнгги пайтларда жойларда ҳокимлик ва идоралар томонидан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжла...

Тадбирлар тақвими