Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Брифингда устувор вазифалар ижроси бўйича маълумотлар берилди

Брифингда устувор вазифалар ижроси бўйича маълумотлар берилди

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан “Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзуида брифинг ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакилларига партия фракцияси ва жойлардаги депутатлик бирлашмалари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида депутатлик ва парламент назоратини ўрнатиш ҳамда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, тиббиёт йўналишидаги таълим тизимини ислоҳ қилиш, мазкур соҳалардаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Чунончи, “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари тиббиёт соҳасида депутатлар ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ташкил этилган Қонунчилик палатаси ҳузуридаги тиббиёт бўйича доимий Комиссия ишида фаол иштирок этмоқдалар ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил қилишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, шунингдек барча туман (шаҳар) Кенгашлари ҳузурида тузилган тиббиёт бўйича доимий Ҳудудий комиссиялар ишида партиядан маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар ҳам қатнашиб, жойларда ўрганиш ва мониторинг ишларини олиб бормоқдалар.

Жумладан, ҳар 15 кунда ҚВП ва оилавий поликлиникалар мудирларининг ахборотини маҳалла фуқаролари йиғинлари қўшма мажлисида, ҳар ойда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбарларининг ахборотини тегишли Кенгаш сессияларида, ҳар чоракда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг, ҳар ойда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг ахбороти эшитиб борилмоқда. Шунингдек, бир йилда икки маротаба Қонунчилик палатаси мажлисида Соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитиб бориш тизими йўлга қўйилди. Унда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар, шунингдек аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш кабилар ҳақида алоҳида тартибда тушунчалар бериб борилмоқда.

Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари ҚВПларни оптималлаштириш лойиҳасини тайёрлаш ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида тасдиқлашда ҳам фаол иштирок этдилар.

Брифингда келтириб ўтилганидек, депутатлар жойлардаги фаолиятлари давомида  ҚВП ва оилавий поликлиникаларнинг соат 8:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатиши, тез тиббий ёрдам хизматларининг эса куну-тун ишлаши ва тезкор хизмат кўрсатишини таъминлаш, ҚВП, оилавий поликлиникалар ва тез тиббий ёрдамнинг ўзаро доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, қишлоқ оилавий поликлиникаларида тор доирадаги мутахассислар қабулини ташкил этиш ишларига эътибор қаратдилар.

Бу ўз навбатида касалликларни эрта аниқлаш, оғир оқибатларини олди олиш, патронаж ҳамшираларининг хонадонларга мунтазам кириб бориши, чақирувлар сони ва вақтининг қисқаришига хизмат қилмоқда.  Қишлоқ оилавий поликлиникаларининг ташкил этилиши эса тиббий хизматни аҳолига яқинлаштиришга, қўшимча қулайликлар яратишга имкон яратди.

Бундан ташқари, “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг жойларга ўрганишга чиқишлари мобайнида барча туманларда тиббиёт соҳасини тўлиқ ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўрганишлар жараёнида жорий йилнинг шу даврига қадар Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 150 дан зиёд тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилди, 1100 дан ортиқ шифокор-ҳамширалар билан суҳбатлашилди, 500 га яқин аҳоли вакиллари ва беморлар билан юзма-юз мулоқот ўтказилди.

Учрашувларда асосий эътибор тиббиётнинг бирламчи бўғини, жумладан ҚВП, оилавий поликлиникалар ва тез тиббий ёрдам хизматлари, шунингдек дорихоналар фаолиятини ўрганишга, уларга энг аввало ишни тўғри ташкил этиш юзасидан ҳуқуқий ва амалий ёрдам беришга қаратилмоқда.

Айни пайтда, тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2016/2017 ўқув йилида тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг битирувчилари билан учрашувлар ўтказилмоқда, пенсионерларни ишга қайтариш чоралари кўрилмоқда, коллеж битирувчилари ишга жойлаштирилмоқда.

Энг муҳими аниқланган камчиликларни жойида ҳал этиш мақсадида ҳар бир туманда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланмоқда, республика даражасидаги муаммолар эса алоҳида тартибда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги тиббиёт бўйича Комиссияда кўриб чиқилиб, унинг қарорлари Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот ва ижро этиш учун юборилмоқда.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларининг мамлакатда тиббиёт соҳасида сўнги 9 ойда амалга оширилаётган ислоҳотларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига мувофиқлиги бўйича инвентаризациядан ўтказиш ҳамда мазкур Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда “Адолат” СДП депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Бундан ташқари, депутатлар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, тор соха шифокорларнинг етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасаларининг биноларини таъмирлаш ишларини ташкил этишда амалий кўмак берилмоқда.

Шу билан бирга, ҳар ойда ўтказилаётган ўрганишлар давомида жойларда дорихоналар фаолиятини тўғри ташкил этиш, уларда дори воситаларини қатъий белгиланган нархларда сотилиши тартибига риоя этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар аҳволи ҳам ўрганилиб, мутасаддиларга тегишли хулоса ва таклифлар берилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида илгари сурилган устувор вазифаларни рўёбга чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасидаги чора-тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.


Кўришлар сони: 649

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими