Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракция олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди

Фракция олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга доир қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ижросида партия ва унинг депутатлик корпуси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Хусусан, дастлаб Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Эътироф этилганидек, мазкур Фармон 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқаришда муҳим қадам ҳисобланади ҳамда моҳиятига кўра Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани очиб беради.

Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та асосий йўналиши белгилаб берилди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар мазкур Концепцияни қўллаб-қувватлаган ҳолда унда белгиланган бир қатор устувор вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадларига муштарак эканлиги унинг ижросини таъминлашда партия депутатлик корпусининг масъулиятини янада оширишини таъкидладилар.

Жумладан, мазкур ҳужжатда белгиланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини (таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалиги, йўл-транспорт инфратузилмаси) ҳал қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилган ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштиришга доир вазифалар партия Ҳаракатлар дастури ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси иш режасида белгиланган “Давлат – хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тезроқ ишлаб чиқиш ҳамда муҳокамага киритишда депутатлардан янада фаолликни талаб этади.

Шунингдек, Концепцияда белгиланган илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятнинг замонавий ютуқларини жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш ҳамда соҳанинг норматив-ҳуқуқий базани шакллантиришга доир вазифалар партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилган “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиш ва уни қабул қилишни жадаллаштиришни тақозо этади.

Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш мақсадида давлат хизматини ташкил этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга қаратилган вазифалар “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фракция аъзоларидан янада фаоллик талаб этилиши қайд этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 9 сентябрда қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Депутатлар мазкур қарор таълимни замонавий демократик ва бағрикенг жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили деб ҳисобловчи Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадалари тўла мос эканлигини таъкидладилар. Жумладан, қарорда алоҳида қайд этилган мактабгача таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилишга, шу жумладан, ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, уларни моддий-техника жиҳатидан қайта жиҳозлаш ва илғор педагогик технологияларни қўллашга қаратилган давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш белгилангани ҳам ушбу шериклик механизмларининг норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш, унинг шаклларини қонунчиликда аниқ белгилаб қўйишда фракция аъзоларидан фаолликни талаб этади.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорини қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг ижросини таъминлаш ҳамда соҳага доир қонунчиликни такомиллаштиришда ҳудудларда депутатлар томонидан олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар ва берилган хулосалар муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.

Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва депутатлар назоратини олиб бориши бўйича асосий йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, соҳани ислоҳ этиш мақсадида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқиб, тиббий таълим тизимини янада ислоҳ этиш чора-тадбирлари доирасида амалга оширилаётган ишларни ҳамда тиббиёт муассасаларининг дори воситалари таъминоти даражасини, дори воситалари учун маблағларининг ажратилиши, уларнинг ишлатилишини доимий равишда таҳлил қилиб бориш фракция аъзоларининг доимий диққат марказида бўлмоғи лозимлиги белгиланди.

Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилиши ҳолатини ўрганиб бориш ҳамда уларнинг самарадорлик даражасини ошириш чораларини кўриш, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳам фракция олдида турган долзарб вазифа эканлиги депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Қирғизистон ва Қозоғистон Республикаларига ишчи ташрифи ва Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар саммити якунлари тўғрисидаги масала юзасидан фракция аъзоларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, бу борада партия фракциясининг нуқтаи назари белгилаб олинди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 264

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими