Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ижтимоий ҳимояга йўналтирилган маблағлар депутатлар муҳокамасида бўлди

Ижтимоий ҳимояга йўналтирилган маблағлар депутатлар муҳокамасида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган рақамлар, айниқса, Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури доирасида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар куни кеча парламент қуйи палатасида бўлиб ўтган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Чунончи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида тақдим қилинган ҳисоботда қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилгани ва ушбу мақсадлар учун жами 82,1 млрд.сўм ажратилгани ижобий баҳоланди.

Депутатлар аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишига алоҳида эътибор қаратди. Ҳисоботда қайд этилганидек, бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадлари 21,4 млрд. сўм, харажатлар 21,1 млрд. сўмни ташкил этган. Тушган маблағларнинг 81,3 фоизи Бандликка кўмаклашиш марказлари ва бюроларни сақлаш ҳамда моддий рағбатлантириш жамғармаси учун ажратилган. Мазкур маблағларнинг асосий қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига йўналтирилгани депутатларнинг қизғин мунозарасига сабаб бўлди. Фракция аъзоларининг фикрича, тушган маблағнинг 7,8 фоизи ишсизларни касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга, 7,5 фоизи ишсизлик нафақаларини тўлаш ва ишсизларни ҳақ тўланадиган ишларга жалб қилишга ишлатилганини ҳисобга олганда, бу борада ҳақли савол туғилиши, табиий.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Депутатлар томонидан мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги қайд этилди. Уларнинг айтишича, туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар кутилган натижани бермаётир. Шунингдек, ёш болаларни комплекс скрининг кўригидан ўтказишни ташкил этиш ва олиб боришда йўл қўйилаётган камчиликлар реабилитация тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатнинг бой берилишига ҳамда болалар ногиронлиги пайдо бўлишига олиб келаётир.

Йиғилишда тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, улар учун реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш талаб этилиши бўйича таклифлар билдирилди.

 

***

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этди.

Фракция аъзолари Бош молиявий ҳужжат ижросини бандма-банд муҳокама қилиш асносида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар мақсадли сарфланишини атрофлича кўриб чиқишди.

Ҳисобот даврида таъкидланганидек, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети умумий харажатларининг 55,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Уларнинг асосий қисми таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга йўналтирилган.

Таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ижроси фракция аъзолари диққат марказида бўлди. Чунончи, илм-фанни ривожлантиришга 103,1 млрд. сўм маблағлар ажратилган. Бу, депутатлар эътироф этганидек, мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари “Адолат” СДП сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижросини ҳам муфассал кўриб чиқди. Ушбу мақсадларга ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24,2 фоизи йўналтирилгани аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари ўз сайлов округларидаги амалий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, таълим муассасаларидаги тиббий хизмат хоналарининг керакли тиббий воситалар ва бирламчи дори-дармонлар, малакали мутахассислар билан таъминлаш, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли ижросини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди.

Йииғилишда ушбу соҳаларга ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини таъминлаш ва бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Таълим ва тиббиёт муассасаларининг молиялаштириш механизмини ва давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори таълим ва тиббиёт муассасаларида молиявий шаффофлик таъминлашга хизмат қилиши айтилди.

Шунингдек, ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муасасаларига қамраб олиш ҳамда ички йўлларни таъмирлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

***

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишида ҳам ушбу ҳисобот атрофлича кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, жорий йил биринчи ярим йиллигида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга сарфланган харажатлар миқдори 316,8 млрд. сўмни ташкил этган. Шу билан бирга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам муайян маблағлар йўналтирилган. 

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини ошириш, мақсадли сарфланишини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишларда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи қўллаб-қувватланди. 


Кўришлар сони: 4621

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими