Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Давлат бюджети: харажат ва даромадлар кўриб чиқилмоқда

Давлат бюджети: харажат ва даромадлар кўриб чиқилмоқда

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот атрофлича кўриб чиқилаяпти.


Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар рўёбини, хусусан, Давлат бюджетининг барча даражасида мутаносибликни таъминлаш, солиқ юкини камайтириш ҳамда солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш каби тадбирлар шу йилнинг биринчи ярмида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантиришни кафолатлагани қайд этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмагани бунинг амалий ифодасидир.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган йиғилишда Давлат бюджети даромад қисмининг бажарилишига тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 17,6 фоиз ўсди. Иқтисодиётимизга солиқ юкини камайтириш борасида қабул қилинган тадбирлар ўз самарасини бераётгани алоҳида айтиб ўтилди.

Давлат бюджетининг харажатлар бўйича ижроси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, мазкур саъй-ҳаракатлар аҳоли бандлиги ҳамда реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, арзон уй-жойлар барпо қилиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани қўллаб-қувватлаш ва модернизациялаш бўйича мақсадли дастурларни рўёбга чиқариш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ҳамда спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби бюджет параметрларида белгиланган асосий йўналишларга қаратилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, Давлат бюджетининг марказлашган инвестициялар маблағлари ҳисобидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тегишли маблағлар ажратилгани таъкидланди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган ярмида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш бўйича мустақиллигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш, маҳаллий ҳокимликларнинг бюджетни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишда масъулияти ҳамда жавобгарлигини ошириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилганига урғу берилди. Мисол учун, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 103,1 фоиз, харажатлар қисми эса режадагига нисбатан 99,5 фоиз ижро этилди.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтириш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш ва маҳаллий бюджетлар харажатларини республика бюджетига ўтказиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон -Республикаси ҳамда Тошкент вилоятининг 7 та туманини тўлиқ, шунингдек, республиканинг 27 та туман (шаҳар)ини субвенциядан чиқаришга эришилгани -таъкидланди.

* * *

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар, мутахассислар ҳамда журналистлар қатнашди.

Фракция аъзолари мамлакатда барқарор ва замонавий ишлаб чиқариш мавжудлиги ҳамда унинг изчил ривожлантирилаётгани, экспорт ҳажми ва аҳоли харид қобилиятининг тобора ортаётгани ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсишини таъминлаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, янги қувватлар ишга туширилди, замонавий саноат корхоналари барпо этилмоқда. Бу эса партиянинг иқтисодий соҳадаги мамлакатимиз ҳудудларини ўзаро уйғун ривожлантириш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш каби вазифаларига тўла мос келади.

Депутатлар жорий йилнинг биринчи ярмида Давлат бюджетининг ижроси Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаларини бажаришга, хусусан, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга йўналтирилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилганини эътироф этди.

Ҳисобот муҳокамасида бюджет муассасаларида Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш ҳолати юзасидан ўтказилган текширишлар жараёнида қатор хато ҳамда камчиликлар аниқлангани айтиб ўтилди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя қилинишини тўла таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Мунозаралар чоғида фракция аъзолари Ҳукумат томонидан тақдим қилинган ҳисоботларни қўллаб-қувватлаб, мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ қатор масалаларга тўхталдилар. Партия сайловолди платформасида кўзда тутилган экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификациялаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорларни ўз-лаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни тизимли давом эттириш, жойларда солиқ қонунчилигига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан риоя қилинишини таъминлаш ҳамда тақдим қилинган имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланиш кабилар шулар жумласидандир. Айни чоғда бюджетдан ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш, бунда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг қоида ҳамда нормалари бажарилишига вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини таъминлаш ҳамда парламент назоратини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Фракциялар йиғилишларида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.



Кўришлар сони: 4808

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими