Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Қонун лойиҳалари депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди

Қонун лойиҳалари депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Дастлаб депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлда эълон қилинган “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарордан келиб чиқадиган устувор вазифалар муҳокамасига эътибор қаратдилар.

Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Қонунчилик палатаси депутати М.Хўжаева маънавий-маърифий тарғибот ишларининг мазмун-мундарижасини тубдан яхшилаш, уларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтириш, соҳада фаолият олиб бораётган муассаса ва ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарасини ошириш мақсадида ушбу қарор билан қайта ташкил этилган Республика Маънавият ва маърифат марказининг асосий вазифалари, уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, ушбу қарор мазмун-моҳиятини жойларда аҳоли ўртасида тарғиб этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қартилди.

Йиғилишда мазкур қарорнинг қабул қилиниши келгуси беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида энг аввало, давлат бошқаруви органларининг қуйи бўғинлари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг халқ билан мулоқот қилишини таъминлаш, бу борада самарали ижтимоий ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. Шундан сўнг депутатлар фракция йиғилиши кун тартибига киритилган  “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар.Таъкидландики, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади мақсади – тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асоссиз аралашувини олдини олиш, Вакил фаолиятининг ҳуқуқий механизмларини белгилашдан иборатдир.

Йиғилишда сўзга чиққанлар томонидан қонун лойиҳасининг мазмунига эътибор қаратилиб, унда Вакилнинг ҳуқуқлари қонуний  тартибга солинаётганини эътироф этишди. Қайд этилганидек, Вакилнинг давлат органлари (ташкилотлар), тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда. Хусусан, ахборот алмашиш, Вакил ҳузуридаги ишчи гуруҳларда иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, улар билан биргаликдаги тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишув ва шартномалар тузиш ва бошқалар.

Шунингдек, қонун лойиҳасида Вакилнинг девони фаолиятини ташкил этиш тартиби назарда тутилмоқда. Бунда девон юридик шахс ҳисобланади, ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб-варақларига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкларга эга бўлади. Девонга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Вакилнинг ўринбосари раҳбарлик қилади, девон ходимларини Вакил лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Қонун лойиҳаси хорижий мамлакатларнинг жумладан АҚШ, Франция, Буюк Британия, Австралия, Канада, Жанубий Корея илғор тажрибаси асосида ишлаб чиқилганлиги алоҳида таъкидланди.

– ЎзЛиДеПнинг дастурий мақсадларига тўла мос бўлган мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини янада яхшилаш орқали тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, янги иш ўринлари яратиш ва хусусий секторда аҳоли бандлигини кўпайтириш имконини беради, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ш.Бафаев. – Зеро, партиямиз дастурида алоҳида қайд этилганидек, давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи меъёрларни янада қисқартириш, бозор инструментлари ва механизмларини жорий этиш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, кичик бизнес субъектларининг кредит-молия ва хомашё ресурслардан, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга давлат буюртмаларидан кенг фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни давом эттириш давр талабидир.

Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда бутун дунёда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кенг ривожланиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувига қатъий чек қўйишга қаратилган самарали механизмларни жорий қилиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда бизнес-омбудсманларнинг фаолияти ҳуқуқий тартибга солинган ва улар юксак самаралар бераётганини кўриш мумкин.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиниши болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш, болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва (ёки) тақиқлаш, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жисмоний ва юридик шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ҳам қизғин баҳс мунозараларга сабаб бўлди. Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий тушунчалари, асосий тамойиллари белгиланган. Қолаверса, ҳуқуқий ахборотни тарқатишни амалга оширувчи ва ундан фойдаланилишини таъминловчи органлар ва муассасалар ваколатлари кўрсатилган. Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Ахборот-кутубхона ва таълим муассасалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашдаги ўрни ва иштироки бўйича ҳам моддалар мавжуд. Шунингдек, қонун лойиҳасида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тартиби назарда тутилиб, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишни таъминлаш тартиби ва механизми очиб берилмоқда.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ЎзЛиДеП фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 502

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.08.2017
Қонун лойиҳаси жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги...

15.08.2017
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 14-15 август кунлари бўлиб...

14.08.2017
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.  ...

Тадбирлар тақвими