Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар муҳокамада

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар муҳокамада

2017 йил 16 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида “Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти” мавзусида сўзлаган нутқидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП фракцияси олдида турган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ташкил этилди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари масъул ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, мутахассислар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки,  2017 йил 13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари раҳбарлари, Бош вазир, Судьялар олий кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари иштирок этди.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч - адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганига талоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан ўтказилган йиғилишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сўзланган маъруза мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, хусусан, партия ташкилотлари ва маҳаллий кенгаш депутатлари орасида кенг тарғиб қилиш, маърузада белгиланган вазифаларни партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб атрофлича таҳлил қилиш, таҳллилар асосида партия фракцияси, маҳаллий партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлик корпуси олдида турган долзарб вазифаларни шакллантириш бўйича зарур тавсиялар ва чора тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда судлар фаолияти тўғрисидаги миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар жараёнида партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, аниқ, асослантирилган, энг муҳими партия доимий электорати манфаатларига мос ҳаётий позицияни шакллатириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

 

Йиғилишни партия етакчиси Х.Кетмонов очди ва олиб борди.

Таъкидландики, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Эндиликда Президентимизнинг мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлашда давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта эканлиги ҳақидаги фикрларидан келиб чиқиб, фракция ҳам ўз олдида турган вазифаларни яна бир бор маърузада илгари сурилган мақсад ва вазифалар асосида кўриб чиқиши мақсадга мувофиқлиги каби масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Тадбирда партия фракцияси аъзолари сўзга чиқиб, кейинги пайтда мамлакатимиз фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат бериши, бу ўз навбатида депутатлардан ҳам мазкур соҳада янада фаолликни талаб этишини таъкидладилар.

Шунингдек, бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётгани ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш, дарҳақиқат, бугунги кунда энг долзарб вазифаларимиздан экани қайд этилди.

Партия Сайловолди дастуридан ўрин олган суд ва суд процесси иштирокчилари ўртасида ўзаро самарали алоқа ўрнатилишини, жумладан, суд ҳужжатлари ва хабарномаларини етказишнинг замонавий услубларини жорий этиш орқали процессуал механизмларни такомиллаштириш, шунингдек, суд қарорларининг сифатли ижросини таъминлаш ва суд қарорлари бажарилиши устидан судларнинг назоратини кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини қўллаб қувватлаш каби вазифаларни бажаришда маърузада таъкидланган устувор вазифалар атрофлича таҳлил қилинди.

Уларнинг ижроси бўйича билдирилган таклифлар муҳокама қилиниб, зарур тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсиялар бу борада ишлаб чиқиладиган чора-тадбирлар режасига асос бўлишига келишиб олинди.


Кўришлар сони: 13790

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.12.2017
Қирғизистон Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди

Президент Сооранбай Жээнбеков 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси...

13.12.2017
Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати депутатлар диққат марказида

Шу йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажли...

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

Тадбирлар тақвими