Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракция аъзолари бир қатор масалаларни муҳокама қилди

Фракция аъзолари бир қатор масалаларни муҳокама қилди

Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, партия Ижроия қўмитаси аъзолари, партия девонининг масъул ходимлари ва мутахассислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Фракция йиғилишида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қароридан келиб чиқадиган партия фаоллари ва унинг фракцияси аъзолари олдидаги турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги илғор тажрибалар асосида замонавий маданият ва санъат муассасалари барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига давлатимиз томонидан устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Шу билан бирга, маданият ва санъат соҳасини бошқаришда эскича усуллар сақланиб қолаётгани, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича комплекс ёндашувнинг етишмаслиги, маданият муассасаларининг фаолиятини ташкил этиш, аҳолига маданий хизмат кўрсатишда оқсоқликка йўл қўйилаётгани, аксарият жойларда маданият ва санъат масканларининг моддий-техник базаси бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этиш зарур. Айниқса, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда мавжуд талаб ва эҳтиёжларни ҳисобга олмаслик, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш борасида пухта тизим яратилмагани маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, бу йўналишдаги устувор вазифаларни тўлиқ бажариш имконини бермаяпти. 

Қарорда таъкидланганидек, маданият ва санъат муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, жумладан, музейлар ва театрлар фаолиятини ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, моддий маданий мерос ва археология объектларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш механизмларини янада кучайтириш, маданият ва санъат муассасалари, театрлар, музейлар, бадиий жамоалар, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, маданият ва истироҳат боғлари фаолияти, моддий-техник базаси ҳолатини атрофлича ўрганиш, уларни таъмирлаш ва зарур жиҳозлар, мусиқа асбоблари билан таъминлаш, самарали ижодий фаолият учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ўзбек миллий рақс ва хореография санъатини янада ривожлантириш, маданият ва санъат ривожига катта ҳисса қўшган таниқли санъаткорлар, жаҳон миқёсидаги нуфузли кўрик-танловларда юқори ўринларни эгаллаган ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш каби устувор вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Президент Қарорида, шунингдек, маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасаларининг малакали кадрлар ва мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, бу борада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, замонавий илғор тажрибалардан фойдаланиш, дунёнинг машҳур мусиқачилари, бастакорлари иштирокида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этиш, маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасаларини ўқув дастурлари ва ноталар, ўқув қўлланма ва дарсликлар, илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, фракция йиғилишида жорий йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселекторда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг маърузаларидан келиб чиқиб, фракция олдида турган устувор вазифалар кенг муҳокама этилди. 

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг 7 моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганининг тасдиғи сифатида эътироф этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат – судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани тизим ривожи йўлида муҳим қадам бўлгани қайд этилди.

Шунингдек, фракция йиғилишида жорий йилнинг 15 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган «Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги видеоселекторда сўзлаган нутқларининг мазмун-моҳияти, шу асосда фракциянинг маънавий-маърифий соҳадаги келгусидаги фаолиятининг устувор вазифалари белгилаб олинди.  

Президентимиз томонидан таъкидланган ёт оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан иш олиб борувчи имом-хатиб, маслаҳатчилар, профилактика инспекторларининг малакасини ошириш учун курслар ташкил этиш, ёлғон ғояларга алданганларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик уларни маънавий ҳаётга қайтариш - «Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш» зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Фракция аъзолари юртбошимизнинг мутафаккир Абдулла Авлоний айтган: «Олийжаноб кишилар узрни қабул қилур» деган сўзларини ёдга олиб, ёт оқимга адашиб қолганлар ўз хатосини тушунса, кечирилиши ва уларнинг соғлом фикрловчи жамиятга қўшилиши йўлида имом-хатиб ва жамоатчиликни шижоат билан меҳнат қилиш кераклиги, лекин, оқни оқ - қорани қора дейдиган пайт келгани, ёт оқимга қўшилиб, бу йўлдан қайтмаслиги аниқ бўлган кимсалар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилиши ҳамда имом-хатиблар ва жамоатчилик вакилларига жазони ўташ жойларига бориб иш ташкил этиш вазифаси қўйилганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, йиғилишда фракция аъзолари Президентимиз томонидан билдирилган устувор вазифалар Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар хусусан, халқимизнинг маънавияти ривожи ва жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мурувват, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, яхшилик ва саховатпешалик каби миллий хусусиятларимиз тарғиботига асосланган лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Фракция аъзолари таъкидлаганларидек, Президентимиз қўйган вазифаларни ижросини сифатли таъминлаш учун қонунчиликни инвентаризация қилиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш, партиянинг маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятини янада жонлантириш, аҳолимиз билан учрашувларни кўпайтириш ва кўтарилаётган масалаларни ҳал қилишга кўмаклашиш муҳим вазифалар эканлиги алоҳида белгилаб олинди. 

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан партия фракциясининг олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.


Кўришлар сони: 1204

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.08.2017
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 14-15 август кунлари бўлиб...

14.08.2017
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.  ...

14.08.2017
ЎзМТДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳаларини қатъий ҳимоя қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш»демократик партияси фракциясининг ...

Тадбирлар тақвими