Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ёшларга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари

Ёшларга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан «Баркамол авлод йили муносабати билан ёшларга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари» мавзуида семинар ташкил этилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Марказий Кенгаши масул ходимлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, «Ўзстандарт» агентлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари, мутахассислар иштирок этди.

— Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом қилиб вояга етказиш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев. — Бундан 12 йил олдин қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва 2004 йилда унинг мантиқий давоми сифатида эълон қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг амалдаги ижроси таълим-тарбия соҳасида, умуман халқимиз ижтимоий ҳаётида туб бурилиш ясади, десак, муболаға бўлмайди. 2010 йилга «Баркамол авлод йили» деб ном берилиши муносабати билан ёшларга бўлган эътибор янада юксак поғонага кўтарилди. Давлат дастурида белгиланган энг муҳим вазифалардан бири — ёшларимизга оид мавжуд ҳуқуқий базани танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиш, уларга замон талаби даражасида тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиб, қабул қилишдан иборат.

Бугун таълим соҳасида замонавий ахборот ва компютер технологиялари, интернет тизими, рақамли ҳамда кенг форматли телекоммуникацияларнинг замонавий усулларидан фойдаланиш масаласига катта эътибор қаратилган. Интернет, уяли телефон алоқаси ва бошқа ахборот технологияларидан фойдаланиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Лекин масаланинг ўзига хос мунозарали томонлари ҳам йўқ эмас. Айниқса, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт турли хуружлар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли ҳаракатлар кучайиб бораётгани барчамизни янада ҳушёр бўлишга даъват этади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда айрим хорижий мамлакатларда ёшлар ўртасида уяли телефондан фойдаланишни тартибга солиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Уяли телефондан чекловсиз фойдаланиш таълим олиш жараёнига, саломатлик ва маънавиятга салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, қонунчиликда ёшлар ўртасида уяли телефонлардан фойдаланишда маълум чекловлар ўрнатиш талаб этилмоқда. Ривожланган хорижий мамлакатлардаги тажрибани ўрганиб, бу йўналишдаги қонунчилигимизни янада такомиллаштириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Франция, Германия, Испания, Буюк Британия олимлари болаларга мобил телефондан фойдаланишни имкон қадар чеклашни тавсия этмоқда. Буюк Британияда 2001 йилда мактабда уяли алоқа воситасидан фойдаланиш тақиқланди. Шунингдек, Италия, Чехия, Ҳиндистонда ҳам шундай тақиқлов мавжуд.

Айни пайтда мамлакатимизда кўпчилик мактаб ёшидаги болалар мобил телефондан фойдаланмоқда. Бу бир томондан ота-она билан бола ўртасида алоқа воситаси бўлиб хизмат қилса, иккинчи томондан боланинг ёши, ўсиб келаётган организмига, асаб тизимига жиддий таъсир кўрсатади. Шунинг учун улар тегишли қоидаларга қатъий риоя қилиши талаб этилади. Шу ўринда айтиш керакки, мобил телефони орқали мактабга инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, маънавий бузуқликни тарғиб этувчи, умумэътироф этилган ахлоқий қадриятларга зид, ўқувчиларнинг жисмоний ва маънавий камолотига зарар келтирувчи, шунингдек, диний ва миллий низо келтириб чиқарувчи, диний ақидапарастлик ва миссионерлик билан боғлиқ ҳар қандай кўринишдаги ахборотларни олиб кириш ва тарқатиш, ўқувчиларнинг ёшига ҳамда ижтимоий ҳолатига тўғри келмайдиган уяли алоқа операторлари таклиф этаётган хизматлардан фойдаланиш, мактабда мобил телефоннинг ўта баланд овозда созланиши тақиқланади.

Ҳали шаклланаётган организмда уяли алоқа воситаларидан тарқалаётган электромагнит тўлқинлар органик ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Демак, болаларнинг мобил телефондан фойдаланиши қатъий назорат остида бўлиши керак, дея таъкидлашди семинар иштирокчилари. Бундан ташқари, ҳозирги телефон аппаратлари ҳатто ўчирилган вақтда ҳам станция билан алоқада бўлади. Шунинг учун ўчирилган ҳолатда ҳам унинг таъсири бор. Демак, ҳар қандай ҳолатда уни болалардан имкон қадар узоқда тутиш мақсадга мувофиқдир.

Кун тартибидаги масала батафсил муҳокама этилганидан сўнг ёшларга оид қонунчиликни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлса, баъзи бир қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.


Кўришлар сони: 10334

Депутатлар минбари

Янгиликлар

09.07.2020
Томорқа хизмати кластери ташкил қилиш ишлари қай ҳолатда?

Ҳозирги мураккаб вазият — коронавирус пандемияси шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз да...

08.07.2020
Хусусий бандлик агентликларига ишониш мумкинми? Соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бандлик. Аслида дунёнинг аксарият мамлакатлари учун ўта долзарб, айниқса, бугунги коронавирус панде...

06.07.2020
Аудиторлик ташкилотлари аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказади

Аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакалилик ва махфийлик принципл...

Тадбирлар тақвими