Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Навоий мероси бебаҳо манба

Навоий мероси бебаҳо манба

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим-тарбия масаласига давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”, деган фикрлари бунинг ёрқин мисолидир. Биз тарбия борасида ҳам беқиёс меросга эга саноқли халқлардан биримиз. Бу соҳада “авлиёларнинг авлиёси, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоирларнинг султони” Алишер Навоий мероси ҳаётбахш манба бўлиб хизмат қилмоқда.

“Қайси эл ери бўлсанг, ўшалардай бўл,

Қайси хилда бўлсанг, ўша томон бошла йўл”

Алишер Навоийнинг илмсеварлиги, илм олиш фазилатлари хақидаги ҳикматлари ҳамма учун ибратли ва ҳамиша аҳамиятлидир. Шоир болалигидан ғоят иқтидорли, ўткир зеҳнли бўлгани маълум. У беш-олти ёшларида Фаридидун Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини ёд олади. Ўн икки ёшида ўз ғазали билан Лутфийни қойил қолдирган. Ўн беш-ўн олти ёшларида шоир сифатида танилган.

Шоир бир байтида “оз-оз” бўлса ҳам илм ўрганган одам охири “доно” бўлиши, аксинча “орланиб” сўрамаган, илмни ўзлаштиришга ҳаракат қилмаган одам ўзига “золим” бўлишини таъкидлайди.

“Йигитликда йиғ илмнинг махзани,

Қарилик чоғи харж қилғил ани.”

Қаранг, шу икки сатрда ҳаётнинг мазмуни гўзал, лўнда ифода этилган. Навоий илм ўқитган устозларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш осон эмаслигини таъкидлайди.

“Хақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.”

Навоий илм-одоб бобида комиллардан бўлсада, ҳеч қачон ўзидан қониқмаган: умрини беҳуда ўтказгани, кўпроқ хайрли ишлар қилмагани, ғафлатда қолгани учун ўзини койиган. Шоир одамларни чин маънода одам бўлишга даъват қилган. Халқ ғамини емаган одамни одам санамаган. Илм аҳлини қўллаб-қувватлаган: талабаларга ва мударисларга маош тайинлаган, мадраса ва сўфийлар учун хонақолар, халқ учун кўплаб бинолар, кўприк ва мадрасалар, мактаб ва шифохоналар қурдирган, олимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаган.

Бундай мисолларни билиш, улардан ибрат олиш одамларни, ёшларимизни билимдонликка, яхшиликка ундайди, комилликка етаклайди.

Мустақиллик йилларида Навоий асарларини ўрганиш, чоп этиш, таржима қилиш бўйича кенг имкониятлар яратилди. Масалан, 2011 йилда 10 бобли тўплам кирилл алифбосида, 2013 йилда лотин алифбосида қайта, энди эса 20 бобли тўплам ҳамда луғатлар нашр этилди, бу бойликларнинг электрон версиялар яратилди. “Навоий энциклопедияси” устида иш олиб борилмоқда. Ғазаллар рус, инглиз, немис, француз, испан, итальян, хитой, япон ва бошқа тилларига таржима қилинган. Шоир ижодини кўп хорижлик олим ва мутахассислар ўрганишни давом эттирмоқда ва ҳозирги даврда буюк шоир ва файласуф ижод намуналари бутун дунё бебаҳо маданий меросига айналди. Ўзбек шоирига, унинг хотирасига бағишлаб Тошкент, Навоий, Самарқанд, Москва, Токио ва бошқа шаҳарларда Навоий ҳайкаллари ўрнатилган.

Шоир қаламга олган эзгу қарашларнинг бардавомлиги мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинган жорий йилда халқимиз фаровонлигини янада ошириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оналик ҳамда болаликни ҳимоялаш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, ота-онани эъзозлаш, ёшларга янада кўпроқ эътибор ва ғамхурлик кўрсатиш сингари ибратли ишларда ўз ифодасини топмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятдаги ролини кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, биз Алишер Навоийнинг бебаҳо меросидан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.

Алишер Шодмонов,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси. 


Кўришлар сони: 13047

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2020
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, барча соҳада инновацион технология ва илғор ғояларни қўллаш,...

18.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Имтиёзли кредитлар ёшларнинг таълим олишини кафолатлайди

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қара...

17.09.2020
Коронавирус пандемиясига қарши кураш масалалари Туркий тилли давлатлар Парламентлари муҳокамасида

Коронавирус бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Маълумотларга...

Тадбирлар тақвими