Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришнинг янги босқичи

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришнинг янги босқичи

Кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологияларининг барча жабҳадаги роли ва аҳамияти айни пайтда тобора ортиб бормоқда.

Бинобарин, Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида бугунги шароитда, интернет ва электроника даврида иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, “Электрон ҳукумат” тизими фаолиятини янада ривожлантириш устувор аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, бугун ҳаётнинг ўзи ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш бизнес юритишни яхшилашга, миллий иқтисодиётимизда рақобатдошликни оширишга, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилишини кўрсатиб турибди. Зеро, давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ахборот технологияларини кенг қўллаш унинг очиқлигини таъминлашда, муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этишлари учун зарур шарт-шароит яратишда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал тараққий топтиришда муҳим омил ҳисобланади. 
Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Очиқ маълумотлар портали, давлат органларининг расмий веб-сайтлари, ахборот ресурслари ва тизимлари, уларнинг мажмуалари ҳамда бошқа ресурслар самарали фаолият юритмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 260 дан зиёд давлат хизматлари жорий қилингани фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқишда қулайликлар яратаяпти. Очиқ маълумотлар порталида эса олтмишга яқин ташкилотнинг 600 дан ортиқ очиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилган. Шу билан бирга, электрон рақамли имзоларнинг амалиётда кенг қўлланилаётгани, ўз навбатида, солиқ ва статистика ҳисоботларини электрон шаклда топширишга имкон бермоқда. Божхонада юкларни декларация қилиш ҳам бевосита АКТ кўмагида амалга оширилаётганлиги эътиборга молик жиҳатдир. 
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги қарорига биноан қабул қилинган 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун дастлабки муҳим қадам бўлди. Шунингдек, 2015 йил 6 мартдаги қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш манзилли дастури бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги ва “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлар ушбу жараёнда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаяпти.
2015 йилнинг 9 декабрида Президентимиз томонидан имзоланган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса бу борадаги ишларнинг янги замонавий босқичини бошлаб берди. Унда белгиланганидек, электрон ҳукумат — давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматларини кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизимидир. 
Таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун давлат органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни ривожлантириш ва электрон ҳукумат соҳасини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу боис уни ҳар томонлама пишиқ, пухта тайёрлашда соҳа мутахассислари, давлат органлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари, тадбиркорлардан иборат эксперт гуруҳи аъзоларидан олинган таклифлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жойларда ўтказилган муҳокамаларда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган фикрлар ҳам атрофлича ўрганилди. Эътиборли жиҳати, бугун фуқаролар парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг аҳамиятига, ҳаётимизга қай даражада кераклигига оид тушунчага эга бўлиб бормоқда. Албатта, бу кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим омилидир.
Жорий йилнинг июнь ойидан кучга кирадиган мазкур ҳуқуқий ҳужжат давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларини янада соддалаштириш, сарф-харажатларни камайтириш, иш унуми ҳамда сифатини оширишга ва энг муҳими, иқтисодиётни жадал ривожлантириш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради. Қонун асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун мамлакатимизнинг барча ҳудудида давлат бошқаруви тизимида “бир дарча” принципи жорий этилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини статистика ва бошқа ҳисоботларни тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш, давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга кенг имкониятлар яратилди.
Қайд этиш лозимки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат давлат бошқарувида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш билан боғлиқ бир қатор устувор вазифаларни ўзида қамраб олгани билан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Хусусан, унда “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш ва жорий этиш, бошқарув ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини босқичма-босқич автоматлаштириш, шунингдек, давлат органларининг ахборот тизимларини электрон ҳукумат тизимига интеграциялаш каби масалалар белгиланган. 
Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва илғор хорижий мамлакатлар қонунчилиги билан қиёсий таҳлилдан ўтказилган ушбу Қонун эндиликда давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларга электрон давлат хизматлари тақдим этилишини яхшилаш, жамият ҳаётининг турли соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, қабул қилинаётган қарорлар ижросининг тезкорлиги ва сифатини ошириш, тегишли ахборот тизимларини яратиш ҳамда уларнинг ишлаши ҳисобига давлат бошқарувига сарфланадиган маъмурий харажатларни қисқартириш имконини беради.
Умуман айтганда, ушбу Қонун асосида мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, иқтисодиётимизнинг жадал суръатлар билан ривожланишига, шунингдек, фуқаролик жамияти шаклланишида давлат идоралари ва фуқаролар ўртасида ўзаро тенг ҳамда манфаатли муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим механизмини амалга оширишга хизмат қилади.

Эркин ХОЛБЎТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.


Кўришлар сони: 11889

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2020
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, барча соҳада инновацион технология ва илғор ғояларни қўллаш,...

18.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Имтиёзли кредитлар ёшларнинг таълим олишини кафолатлайди

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қара...

17.09.2020
Коронавирус пандемиясига қарши кураш масалалари Туркий тилли давлатлар Парламентлари муҳокамасида

Коронавирус бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Маълумотларга...

Тадбирлар тақвими