Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Аҳоли фаровонлигини ошириш — ислоҳотларнинг бош мезони

Аҳоли фаровонлигини ошириш — ислоҳотларнинг бош мезони

Амалга оширилган ишлар сарҳисоби истиқболдаги режаларни белгилаб олишнинг муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, бу барча соҳаларда мамлакат миқёсида олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижалари билан боғлиқ бўлса, унинг аҳамияти янада ортади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 январдаги мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ўтган йилдаги ислоҳотлар ва уларнинг натижалари чуқур таҳлил қилиниб, 2016 йил ва ундан кейинги даврда юртимизда амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим ва устувор вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, ўтган 2015 йил бизнинг бош мақсадимиз бўлмиш асосий вазифа — одамларимизнинг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш ва ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш бўйича, аввало, муҳим ислоҳотларни амалга ошириш йўлида катта қадам бўлди.

Хусусан, ўтган йилда барча соҳаларда ўсиш суръатлари сақланиб қолгани, айниқса, аҳоли даромадларининг ортиши натижасида ички истеъмол талаби кенгайиб бораётгани, чакана савдо айланмаси бир йилда 15 фоиздан зиёд, пуллик хизматлар ҳажми эса 10,8 фоизга ўсгани, аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар билан таъминланиш даражасида ҳам сифат ўзгаришлари рўй бергани эътиборга молик.

Буларнинг самарасини биз бугунги кунда дунёнинг бир қатор нуфузли рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилаётганлигида ҳам яққол кўришимиз мумкинлигини Президентимиз аниқ мисоллар билан келтириб ўтди. Чунончи, халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014 — 2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016 — 2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани ёки бўлмаса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар иштирокида 2015 йилда 158 та давлатда “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилиб, ҳар қайси мамлакатнинг ўз фуқароларини бахтли ҳаёт билан таъминлаш қобилиятини ифода этадиган ушбу индекс бўйича Ўзбекистон 44-ўринни эгаллагани мана шу юртда яшаётган ҳар бир инсонда фахр ва ифтихор туйғусини янада оширишга хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Албатта, бу ютуқларга мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, уларнинг қонуний асослари такомиллаштириб борилаётгани ва энг аҳамиятли жиҳати, юртдошларимизнинг ана шу ислоҳотларга дахлдорлик хисси билан яшаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Ўз навбатида, маърузада кўзда тутилган чора-тадбирлар, хусусан, 2016 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларини бажариш бўйича дастурий вазифалар биз, депутатларнинг масъулиятини янада оширишга ундайди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш, бандликни таъминлаш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги масалалар эътиборимиз марказида бўлиши ҳаётий заруратдир.

Бинобарин, 2016 йилда ижтимоий соҳага Давлат бюджети жами харажатларининг 59,1 фоизи ёки ўтган йилга нисбатан кўпроқ маблағ ажратилиши кўзда тутилгани бир қатор ишларда, хусусан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш соҳаларида кўплаб ижобий ўзгаришларни рўёбга чиқаради. Бунинг нечоғли аҳамиятга эгалигини жойларда ўтказиладиган учрашувларда тарғиб қилишимиз, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашимиз мақсадга мувофиқдир. Бу ҳар бир фуқаронинг эртанги кунга бўлган ишончини оширишга хизмат қилиши баробарида, уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, пировардида, қонунчилик механизмларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлайди. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, янги тарихимизнинг энг ёрқин саҳифасини ташкил этадиган озод ва обод Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллиги нишонланадиган буюк санага ҳар томонлама муносиб ва салмоқли ҳисса қўшиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун улкан шарафдир.

Акмал БУРХАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати. 

Кўришлар сони: 7941

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими