Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Мухолиф фракциялар “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мухолиф фракциялар “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Депутатлар бугунги кунда республикада бухгалтерия ҳисобининг яхлит тизимини ташкил этиш бўйича вазифаларни самарали ҳал этиш имконини берувчи ҳуқуқий асослар яратилганига алоҳида эътибор қаратдилар. Бундан ташқари, мазкур соҳадаги ҳуқуқий муносабатлар бошқа бир қатор қонун ҳужжатлари, хусусан 23 та Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари, 50 дан ортиқ норматив ҳужжатлар билан ҳам тартибга солиб келинмоқда.

Парламент аъзолари таъкидладиларки, бугунги кунда амалдаги қонуннинг айрим нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда, шу боис ушбу қонуннинг кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши долзарб бўлиб турибди.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, замонавий шароитда авваламбор бухгалтерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг касбий даражасини оширишга, шунингдек бухгалтерия ҳисоби соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштиришда уларнинг иштирокини таъминлашга қаратилган бухгалтерларнинг кўнгилли жамоат бирлашмаларини тузиш имкониятларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш долзарб бўлиб қолмоқда. Шу боис фракция ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шу билан бирга, ХДП фракцияси аъзолари, қонун лойиҳасининг айрим нормалари юзасидан ўзларининг алоҳида нуқтаи назарини билдириб, умуман олганда қонунлар лойиҳаларини расмийлаштиришнинг юридик-техник талабларига тўлиқ жавоб беришини инобатга олиб, Демократик кучлар блокининг қонунни янги таҳрирда қабул қилиш борасидаги таклифини қўллаб-қувватладилар.

Бунда фракция аъзолари кўрилаётган масаланинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг муҳим соҳаларига тааллуқли, жиддий ва муҳимлигини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини кенг жамоатчилик, бухгалтерларнинг профессионал бирлашмалари, молиячилар, иқтисодчилар, бизнес вакиллари ва хўжалик субъектларини жалб этган ҳолда ҳар томонлама муҳокамасини ташкил этишни илгари сурдилар. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ва вазифаларига ҳам мос келади.

Шу куни “Адолат” СДП фракциясининг ҳам йиғилиши бўлиб ўтди.Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасида “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Асосий мақсад – эскирган нормаларни қайта кўриб чиқиш, қонундаги оқ доғларни бартараф этиш, шунингдек уни қонунчиликдаги янги талаблардан ва хўжалик субъектларининг замонавий шароитдаги фаолиятидан келиб чиққан ҳолда янги нормалар ва қоидалар билан тўлдиришдир.

Бунда, фракция аъзолари қонун ташаббусига эга субъект томонидан таклиф этилган бухгалтерия ҳисоби объектлари, шунингдек ички назоратни ташкил этиш ва амалга оширишга оид янги нормаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Депутатларнинг фикрича, ходимлар ўртасида ҳар қайси босқичда бухгалтерия объектларининг кирими, уларнинг сақланиши, улардан фойдаланиш ва расмийлаштириш борасидаги вазифаларнинг аниқ тақсимланиши, шунингдек ўзаро назорат тизимининг ўрнатилиши, улар ўртасида хўжалик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти устидан самарали тезкор назоратни ташкил этишда қўл келади, бу эса ўз навбатида суиистеъмолчиликлар, ўғрилик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олади.

Депутатлар, буларнинг барчаси хўжалик юритувчи субъектлар даражасида олиб борилаётган ислоҳотларда муҳимлиги, боис бу эса адолат тамойилининг асоси эканлигини қайд этдилар. Бинобарин, бугунги кунда замонавий ишлаб чиқаришни тўғри бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари, қонунчилик техникаси қоидаларига риоя қилган ҳолда “Демократик кучлар блоки”нинг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш таклифини долзарб деб ҳисобламайди, чунки лойиҳа Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритиш олдидан қўшимча тарзда ўрганишни ва таҳлил қилишни талаб этади. Шу боис депутатлар қонун лойиҳасининг қонун ташаббусига эга субъект томонидан таклиф этилган тузилишини қўллаб қувватлайдилар. 


Кўришлар сони: 7572

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

19.11.2019
ХДП фракцияси аъзолари қандай фикрда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши...

Тадбирлар тақвими