Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Демократик кучлар блоки бухгалтерия ҳисоби тизимининг самарадорлиги учун

Демократик кучлар блоки бухгалтерия ҳисоби тизимининг самарадорлиги учун Демократик кучлар блоки бухгалтерия ҳисоби тизимининг самарадорлиги учун Демократик кучлар блоки бухгалтерия ҳисоби тизимининг самарадорлиги учун Демократик кучлар блоки бухгалтерия ҳисоби тизимининг самарадорлиги учун

2016 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Демократик кучлар блоки»нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, 2015 йилда иқтисодий, сиёсий, гуманитар ривожланиш ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги муҳим масалалар бўйича нуқтаи назарлари ва дастурий мақсадлари яқинлигини инобатга олиб, шунингдек, мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятимизни демократик янгилаш вазифаларини самарали ижро этишдаги ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» ДП фракцияларининг вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент кўпчилигини ташкил қилувчи Демократик кучлар блокини тузиш ҳақида қарор қабул қилдилар. Блок мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича нуқтаи назарларни дастлаб муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш мақсадида тузилди.

Йиғилиш иштирокчилари «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги амалдаги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланиб, ўтган йилнинг декабрь ойида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Таъкидланганидек, республикамизда бухгалтерия ҳисоби тизими шаклланиши ва ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминламоқда. Бу, мазкур соҳада яхлит тизимни ташкил қилиш вазифаларини самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Шу аснода, бухгалтерия ҳисобининг 23 та Миллий стандарти, бухгалтерия ҳисоби алоҳида жиҳатларини тартибга соладиган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат тасдиқланиб рўйхатга олинган. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун доимий равишда такомиллаштириб борилди, шу жумладан, унга Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу билан бирга, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги қонуннинг айрим нормаларини бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш, асосий тушунчалар ҳақидаги нормаларни жорий қилиш, бухгалтерия ҳисобини ва молиявий бошқарувни амалга оширадиган масъул шахсларнинг ҳуқуқлари ва вазифаларини мустаҳкамлаб қўйиш, бухгалтерия ходимлари касбий малакасига нисбатан қўйиладиган талабларни ва бошқа нормаларни тартибга солиш зарурати юзага келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Йиғилиш иштирокчилари таъкидлаганидек, амалдаги қонунга киритилаётган нормалар бухгалтерия ҳисоби тизимини халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш масалаларида, иқтисодиётни модернизация қилишни рағбатлантириш асосида макроиқтисодий кўрсаткичлар ўсишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, ҳисоб тизими кадрларининг малакаси ва тайёргарлик даражасига боғлиқдир. Айниқса, мазкур соҳани ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ва уни тартибга соладиган ҳужжатларни такомиллаштириш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари, қонунчилик ташаббусига эга субъект томонидан «бухгалтерия ҳисоби» соҳасидаги айрим тушунчалар юзасидан нормаларни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш, хусусан «бухгалтерия ҳисоби» ва «бухгалтерия ахбороти» тушунчаларининг аниқ таърифларини белгилаш ўз вақтида ва тўғри таклиф этилаётганини қайд этдилар. Бу, ўз навбатида, бухгалтерия ҳисобини юритиш тамойилларининг янада тўлиқ очиб берилишини таъминлайди.

Блок аъзолари шунингдек, қонун лойиҳасидаги бухгалтерия хизматлари раҳбарларига нисбатан талабларни ошириш орқали амалиётда уларнинг масъулиятини кучайтиришга қаратилган нормаларни қўллаб-қувватладилар. Йиғилиш давомида блок аъзолари лойиҳада таклиф этилган бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг малакасини ошириб боришни назарда тутувчи нормани фақат йирик корхоналарнинг, яъни мажбурий аудиторлик текширувлари ўтказиладиган хўжалик субъектларининг бухгалтерия хизмати раҳбарларига нисбатан белгилаш лозимлигини таъкидладилар.

Қонунчилик ташаббусига эга субъект томонидан амалдаги қонуннинг аксарият нормаларига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш таклиф этилганини эътиборга олиб, «Демократик кучлар блоки» аъзолари «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритган ҳолда, уни янги таҳрирда қабул қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар.

Йиғилиш якунлари бўйича «Демократик кучлар блоки» нуқтаи назари ишлаб чиқилди ва масъул Қўмитага қонун лойиҳасини такомилига етказиш бўйича тавсиялар тақдим қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда экспертлар, молия, иқтисодиёт, адлия вазирликлари, Марказий банк, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, журналистлар қатнашди. 


Кўришлар сони: 9064

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими