Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Соғлом она ва бола – оила бахти

Соғлом она ва бола – оила бахти

Юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳаёти, айниқса ёшлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор берилади. Хусусан, истиқлол қўлга киритилган илк кунларда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги – бу соҳадаги мақсадларимизга эришиш нақадар муҳим эканлигидан далолат беради.

Шуни айтиш лозимки, юртимизда 1997 йилдан бошлаб ҳар йили Конституция қабул қилинган кун арафасида кейинги йилга рамзий ном бериш ўзига хос анъанага айланган. Йилга ном берилиши муносабати билан муайян ижтимоий масалаларни ҳал қилишга қаратилган Давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, шу асосда тизимли ишлар олиб борилади.

Хусусан, ўтган йиллар давомида айнан ёшлар манфаати, оила ҳамда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, анъанага мувофиқ жорий йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда ҳам Президентимиз кириб келаётган янги – 2016 йилни мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилишни таклиф этдилар. Юртбошимиз соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб-улғайиши кўпгина талаб ва омилларга боғлиқ эканини айтиб ўтиб, ушбу йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни бирма-бир санаб ўтдилар.

Хусусан, ҳаммамизга маълумки соғлиқни сақлаш тизимига оналар ва болаларнинг соғлиғини таъминлашдек улкан масъулият юклатилган. Сўнгги йилларда тиббиёт муассасаларини тубдан янгилаш ва модернизация қилиш учун 750 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўналтирилган. Истиқлол йилларида юртимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 
3,2 баробарга камайган. “Она ва бола скрининги” дастурини амалга ошириш натижасида болаларнинг турли нуқсонлар билан туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 маротаба қисқарган. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Шу билан бирга давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кириб келаётган йилда тиббиёт муассасалари, жумладан, жойларда фаолият кўрсатаётган перинатал марказларнинг моддий-техник базасини, уларнинг кадрлар салоҳиятини янада кучайтириш, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарасини ошириш, перинатал ҳамширалар сонини кўпайтириш, акушер-гинекологлар, болалар шифокорларининг малакасини юксалтириш масалаларига эътибор янада кучайтирилади.

Сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спорт ёшларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Республикамиз ўтган қисқа даврда болалар спортини ривожлантириш соҳасида муайян ютуқларга эришди. Бугунги кунда спортчи, эпчил ва чаққон, жасур йигит ва қизларимизни машҳурликда дунё тан олмоқда.

Шу маънода, танатанали йиғилишда Юртбошимиз “Соғлом авлодни вояга етказиш борасида болаларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштириш, шу мақсадда янги спорт объектларини қуриш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби вазифаларни кун тартибига қўйиш зарурлиги ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ” дея таъкидладилар.

Албатта, соғлом болани тарбиялашда тиббий маданият муҳим ўрин тутади. Аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш, ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, ёш оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш, уларнинг овқат рациони, унинг сифати ва калорияси каби масалаларга жиддий эътибор бериш талаб этилади. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастуридаги чора-тадбирлар, аввало, шу муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилади.

Тантанали йиғилишда Президентимиз “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини ишлаб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган бошқа қатор долзарб вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Энг асосийси, бундай устувор вазифаларни амалга ошириш учун аввало ҳуқуқий замин яратилиши талаб этилади. Шунинг учун Президентимиз “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини ишлаб чиқишда, юртимизда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича шаклланган ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Айтиш жоизки, бола ҳуқуқлари ва ёшлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масаласи мамлакат парламентининг доимий диққат-эътиборидадир. Масалан, ўтган давр мобайнида республикамизнинг қонун чиқарувчи органи томонидан “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган, шунингдек “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги конвенциялар ва бошқа қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган.

Биргина жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида Олий Мажлис томонидан қабул қилинган “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (янги таҳрир), “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунлар юртимизда бевосита баркамол, соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган десак муболаға бўлмайди.

Шу билан бирга, 2016 йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилиши, ўз навбатида Олий Мажлиснинг кейинги йилда ўз дастурини шакллантириш, хусусан қонун ижодкорлиги ҳамда соҳага оид қонунлар ва давлат дастурларининг ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш ишларида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласига устувор вазифа сифатида қараш имконини беради.

Азал-азалдан ота-она ўз боласининг соғлом ва баркамол, ақл-заковатли, бахтли бўлишини хоҳлайди. Тарих ва аждодларимиз қолдирган буюк маънавий мерос ва миллий қадриятларимиз шуни кўрсатадики, қадимда ота-боболаримиз ўз наслларини умумбашарий туйғулар, ўлмас Шарқ фалсафаси, миллий қадриятларимиз руҳида тарбия қилиб келганлар ва улар асрлар давомида тилимизни, дилимиз ва динимизни, ўзбекнинг ўзлигини ҳар томонлама асраб-авайлаб, баркамол авлодларни вояга етказишни асосий мақсад қилиб қўйганлар.

Хулоса қилиб айтганда, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш масаласи биз учун умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлиб, бу эзгу мақсад йўлида амалга ошираётган ишларимизни изчил ва қатъиятлик билан давом эттириш олиб бораётган сиёсатимизнинг доимо диққат марказида бўлади.

Президентимиз таъбири билан айтганда “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”.

Ж.Ширинов, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати 
“Миллий тикланиш” демократик партияси 
фракцияси аъзоси.

Кўришлар сони: 13145

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими