Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ёшлар ҳуқуқининг ишончли кафолати

Ёшлар ҳуқуқининг ишончли кафолати

Бош Қомусимизнинг баркамол авлодни тарбиялаш, уларни халқимизнинг кўп асрлик анъаналари, урф-одатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, барча турдаги шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш борасида ғоявий-тарбиявий жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш жоиз. Хусусан, Конституциянинг 41, 45, 64, 65-моддаларида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари мустаҳкамланган бўлиб, ушбу моддалар вояга етмаганларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, нафақат кўплаб билимларни, ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам экани табиийдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари ва субъектлари, ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари қамраб олинган бўлса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ҳокимият ва бошқарув органларининг бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ваколатлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари ва соҳага доир бошқа ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ давлат ёшлар ва болалар ташкилотларига моддий ва маънавий мадад беради, уларга нисбатан имтиёзли солиқ сиёсати ўтказилишини таъминлайди. Болалар ташкилотларига, мактаб, мактабдан ташқари муассасалар биноларидан, клублардан маданият саройлари ва уйларидан, спорт иншоотлари ва бошқа иншоотлардан бепул ёки имтиёзли шартлар билан фойдаланиш имконини беради.

Конституциямизнинг 64-моддасида эса ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, деб таъкидланади. Шу маънода ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга йўналтирилган ушбу сиёсатнинг асосий моҳияти халқимизнинг том маънодаги хоҳиш-иродасини ўзида мужассам этган Бош Қомусимизда ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият эътиборга олинганини кўрсатади. Шунингдек, 41-моддада бепул умумий таълим олиш ҳуқуқининг ёшлар учун кафолатлангани ҳам эътиборга молик. Шахснинг билим олишга бўлган ҳуқуқи Конституция асосида қабул қилинган бир қатор қонунларда, шу жумладан, “Таълим тўғрисида”ги қонунда ва “Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури”да ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Ёшлар ўз салоҳиятларидан эркин фойдаланишга, ўз иқтидор ва истеъдодларини тўла намоён этишга ҳақлидирлар. 42-моддада эса ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши ва давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашув жараёни изчил ривожланаётгани мисолида ҳам ана шу конституциявий қоиданинг ҳаётимизга нечоғлик чуқур татбиқ этилаётганини кўриш, кузатиш кишига мароқ бағишлайди. Қонун билан белгиланган ёшга етгач, уларнинг сиёсий ҳуқуқлари доираси янада кенгаяди. Конституциянинг 34-моддасига биноан улар касаба уюшмаларига, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларига уюшиш хамда оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқларига эга бўладилар.

Энг муҳими шундаки, бизнинг янги авлодимиз, билимли, ўтмишнинг ҳар қандай иллатларидан озод бўлган ёшларимиз бугунги кунда мамлакатимизни демократлаштириш ва либераллаштириш, уни янгилаш ва ишончли тарзда равнақ топтиришнинг ҳал қилувчи ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда. Кези келганда, бу борада эришилган ютуқларга яна бир тўхталиш ўринли бўларди. Инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни эгаллаб турибди. Ёки 2014 йилда “Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган 161 мамлакатдан иборат жаҳон рейтингида ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган давлатлар орасида 9-ўринни эгаллади. Бу каби юксак эътироф ва эътибор намуналарини кўплаб келтириш мумкин. Албатта, буларнинг таг замирида давлатимизнинг асосий қонуни – Бош Қомусимиз устуворлик касб этишини таъкидлаш ўринли. Бугун Конституциямиз асосида қонун ва қонуности ҳужжатларнинг қабул қилиниши бир томондан ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва имкониятларини рўёбга чиқаришга имкон яратса, бошқа томондан уларнинг ҳуқуқий онг ва билимлари ҳамда ҳуқуқий хулқ-атворининг юксалишига замин яратади.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларимизнинг улкан салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш учун уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик каби соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистонда кучли ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарур. Айни пайтда Президентимиз томонидан кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод зиммасига залворли масъулият юклайди, ёшларимиздан халқимиз олдида турган юксак мақсадларга эришишда янада фаоллик кўрсатишни талаб этади.

Элбек ШУКУРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси. 


Кўришлар сони: 13249

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими