Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Тинч ва фаровон ҳаётимизнинг ҳуқуқий асоси

Тинч ва фаровон ҳаётимизнинг ҳуқуқий асоси

 “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.

Эришилган натижаларнинг сарҳисоби ва келажакда ривожланиш истиқболларини ўзида мужассам этган давлатимиз раҳбарининг мазмунли чиқиши жамоатчилик томонидан чуқур ўрганилмоқда.

Маърузада билдирилган ғоялар ва қўйилган вазифалар бош қомусимизнинг Ўзбекистон мустақил ривожланиш йилларида эришган ютуқларнинг туб моҳиятини англаш, ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, балки инсон учун амалга ошириладиган, унинг манфаат, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар самараларини холисона баҳолашга яна бир имкон яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг маърузаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар.

Анварбек МАТЯКУБОВ, УзЛиДеП фракцияси аъзоси:

– Давлатимиз рахбарининг маърузасида кейинги йилларда мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда ватан туйғусини чуқур англайдиган ёшларимиз роли ҳам мухим эканлиги, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда албатта таълим олишини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги айтиб ўтилди.

Дархақиқат, бу сўзларнинг асоси сифатида мустақиллигимизнинг илк кунларида, 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунини келтириш мумкин. Ушбу Қонуннинг асосий мақсади этиб ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат эканлиги белгилаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари “...ўзининг кичик бир хусусий ишини, ўз бизнесини ташкил этишга интилаётган ёшларимизга имтиёзли кредитлар ажратиш, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари бериш борасидаги ишларимизнинг кўламини кенгайтириш ҳам диққатимиз марказида бўлиши керак” деб эътироф этганлари, Ўзбекистон Республикасида ёшларни, ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларнинг жамоат уюшмалари ва уларнинг корхоналарини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг фуқаро сифатидаги ташаббускорлигини рўёбга чиқаришга ёрдам кўрсатиш борасида хамма имкониятларни жалб этишимизга чақиради ва ўз навбатида, барчамизни мулоҳаза қилишга, истиқбол режаларининг муваффақиятини таъминлашда фаоллик кўрсатишга ундайди.

Зумрад Бекатова, «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзоси:

– Президентимиз ўз маърузаларида таъкидлаганларидек, - «Олдимизда турган улкан вазифаларни, амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва мантиқий якунига етказиш биз учун олдин ҳам осон бўлмаган, бугун ҳам катта синовдир. Лекин, шу борада ишончим комил, мустақил, озод ва эркин, демократик давлат ва фаровон жамият қуриш, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, ялинмасдан яшаш имконияти халқимизга юз йилларда бир марта берилади.

Айни шундай тарихий имкониятни қўлимиздан чиқариш – бу нафақат бугунги авлодимиз, балки келажак авлодлар олдида ҳам хиёнат бўлур эди». Шундай экан, бундай имкониятни биз ҳеч қачон ҳеч кимга бермаслигимиз ва бошлаган йўлимизни охиригача албатта етказамиз шарт. Ушбу эзгу мақсад йўлида парламентимиз олдида турган асосий вазифа – бу сифатли қонунлар ишлаб чиқиб хаётга татбиқ этиш ва уларни амалда қўллаш устидан изчил назорат ўрнатишдир.

Комила Каромова, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Конституциямизнинг бугунги Ўзбекистон давлатчилиги тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини сўз билан ифодалаш имконсиз. Зотан, мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадга эришиш, яъни юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришда Концитуциямиз мусаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда.

Давлатимиз рахбари томонидан бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар эътироф этилиб, келгусида айниқса, биз – депутатлар эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳатлар ҳам алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, энг аввало, депутатлар учун муҳим вазифалар хусусида сўз борди. Айниқса, қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқишга доир фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятимизда замоннинг ўзи олдимизга қўяётган янги талабларни инобатга олишимиз, қонунларнинг ижроси устидан ўзимиз мансуб бўлган сиёсий партия ва унинг махаллий ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари орқали янада самарали депутатлик назоратини йўлга қўйиш устида бош қотиришимиз лозим.

Саттор Раҳматов, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Юртбошимиз кириб келаётган 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилдилар. Ўйлайманки, “Соғлом онава бола йили” муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастури ушбу соҳада амалга оширилаётган ислохотларни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқади.

Бугунги кунда аҳолининг репродуктив саломатлик билан боғлиқ онгини, тиббий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга интилишини шакллантириш, бу борада оилавий тарбиянинг ролини, ота-оналарнинг савияси ва масъулиятини ошириш каби вазифалар ечимига бевосита боғлиқ эканлигига, бу борада нафақат соғлиқни сақлаш тизими мутасадд ходимларининг, балки жойлардаги Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг, барча бўғимлардаги таълим масканларининг, кенг жамоатчиликнинг, хотин-қизлар қўмиталарининг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг масъулиятини ошириш ва олиб борилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш лозимлигига қаратилади.

Шунинг учун партиямиз ташкилотлари, депутатлар жойларда ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда бу масалага алоҳида эътибор берган ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан ўзгаришларни натижасида эришаётган ютуқларимизни жонли мисоллар орқали тарғиб этишга қаратишлари лозим. Бунда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб бориш долзарб вазифаларимиздан биридир.

Шухрат Якубов, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси:

– Юртбошимиз Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида илгари сурилган принципиал ғояларга ҳамоҳанг масалаларни ўртага ташлаганликлари биз ҳам қувонтирди ҳам дахлдорликка чорлади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилганлигига эътибор қаратдилар. Бу мақсад ҳаётимизда мустаҳкам қарор топган оддий ҳақиқатдан, яъни халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларни яққол тушунишдан келиб чиққанлигини таъкидладилар.

Эски совет конституциясидан фарқли ўлароқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг манфаатлари давлат манфаатларидан устун эканини муҳрлаб қўйиш орқали одамлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш Конституциямизнинг муҳим мақсади қилиб белгилагани, ижтимоий адолат принципларини қонунчилик фаолиятимиз барча йўналишларининг асоси деб эълон қилганлиги хусусидаги фикрлари ҳам партиямиз ва депутатлик гуруҳларимиз томонидан қўллаб-қувватланадиган ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мужассам этадиган ғоялар билан чамбарчас боғлиқлиги бизни қувонтирди.

Айниқса, Президентимиз томонидан буюк донишмандлар фикридан келтириб ўтилган “Нимаики қонуний бўлса, у – адолатлидир”, деган фикр бизни адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни янада жадаллаштиришга ундайди.

Муҳаррам Дадаходжаева, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси:

— Таълим тизимига, кадрлар тайёрлаш масаласига ўз вақтида эътибор қаратилгани ҳолда, бундан 18 йил аввал қабул қилинган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” катта амалий аҳамиятга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Бугунги кунда мамлакатимиз тақдирини ҳал этишга хизмат қилаётган юксак демократлаштириш жараёнлари, инсонлар фаровонлигини таъминлаш йўналишларидаги ислоҳотларнинг таг замирида ҳозирги ёш, ташаббускор, истеъдодли ва салоҳиятли кадрларнинг ҳаракатлари, шижоати ва ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Агар, бу масалага ўз вақтида эътибор қаратилмагинида, дея қайд этади Президентимиз, бугунги тараққиётни тасаввур қилиб бўлмасди.

Шунингдек, Конституция асосида мустаҳкамланган қонун устуворлиги тамойилини амалга оширишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Президентимиз адолатга интилиб яшаш халқимизнинг қалбу шуурига сингиб кетганлигига эътибор қаратар эканлар, одамларимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка бардош бера олмаслигини таъкидлаб ўтдилар. Дарҳақиқат, адолат ва қонун устуворлигини рўёбга чиқариш барчамизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим.

Президентимиз томонидан депутатлар фаолиятини янги босқичга кўтариш, халқ билан, сайловчилар билан ишлашда замонавий усуллар, технологиялардан унумли фойдаланиш, қонун ижодкорлиги соҳасини янада ривожлантириш борасида ҳам бир қатор таклифлар илгари сурилди. Ушбу янги фикрлар, ғоялар фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, пухта режалар тузиб, янги марралар сари интилишимизда муҳим омил бўлади.

Фарҳоджон ҚУВВАТОВ, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси:

– Муҳтарам Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларини тинглар эканман қалбимда ғурур, ифтихор туйғулари жўш ўриб, шунинг билан бирга катта масъулиятни ҳам ҳис қилдим.

Дарҳақиқат, Конституциямиз халқимизнинг асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадриятларни ўзида мужассам этиб, унда инсон омили, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий мақомга кўтарилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг тенглиги, қонуний манфаатларининг барча жиҳати Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунларда ўз ифодасини топди.

Муҳтарам Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда Асосий қонунимизнинг 32-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати институти халқ ҳокимиятининг муҳим элементи сифатида конституциявий мақомга эга бўлди. Бунинг яққол мисоли сифатида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунлар қатори 2013 йилда қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонунни келтириш мумкин. Унда айнан атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди.

2016 йилни юртимизда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниши аждодларимизнинг азалий қадриятлари бўлиб ҳисобланган зурриёднинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний баркамол бўлиб етишиши каби ниятларини амалга оширишда муҳим ўринга эга. Албатта, Юртбошимиз маърузаларида белгилаб берган мазкур дастурий вазифаларни амалга оширишда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳам ҳамжиҳат бўлиб, бор куч, билим ва салоҳиятини ишга солиб, фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқишимиз даркор.

Ислом ХУШВАКТОВ, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси:

– Мустақиллик йилларида давлатимизнинг изчил сиёсати сифатида келажак авлодга бўлган энг катта эътибор туфайли Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги кунда мустақил ва янгича фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган авлод шаклланди, эртанги кунимизнинг энг мустаҳкам пойдевори, Ватанимизнинг тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган фарзандларимиз бугун минбарга чиқмоқда. Албатта, замонавий ва теран фикрлайдиган ёшларимиз саломатлиги ҳам юксак марраларни эгаллашда катта бир устун ҳисобланади. Бу эса халқимизнинг эзгу орзуси бўлган она ва бола саломатлигини мустахкамлаш, баркамол авлод тарбиялашдек олижаноб мақсадга ҳамоҳангдир. Ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиз фарзандларимизни соғлом ва ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг бахт-саодати, ёруғ келажагини кўришни ният қиламиз.Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш доирасида юқори самарадорлиги бутун дунёда эътироф этилган она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг миллий модели шакллантирилди. Мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилгани натижасида аҳоли, авваламбор қишлоқ жойлардаги оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди.

Юртбошимиз маърузаларидан келиб чиққан ҳолда, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги” ғояси асосида биринчи навбатда, аҳолининг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоялашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиши лозим деб ҳисоблайди.   
  

Кўришлар сони: 22616

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими