Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

2016 йилда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва соғлом авлодни шакллантириш йўлида юксак натижаларни қўлга киритамиз

2016 йилда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва соғлом авлодни шакллантириш йўлида юксак натижаларни қўлга киритамиз

Юртимизда 2016 йилнинг "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилиниши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдига ҳам катта вазифаларни юклайди. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда “Соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғлом бола туғилади!” Дарҳақиқат, асрлар давомида ўз қадр-қимматини йўқотмай келаётган ушбу ҳақиқатни теран англаб, миллий қонунчилигимизни, хусусан оналар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга оид нормаларни қайта кўриб чиқиб, уларни янада изчил ва самарали ишлаш механизмини кучайтиришимиз лозимлигини давр тақозо этмоқда

Албатта, ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади. Жамиятнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий тизимида ҳам тубдан ўзгаришлар юз бераётган ислоҳотлар даврида Конституциянинг аҳамияти янада ошади. Фақат давр талабларига жавоб берадиган Асосий Қонунгина йирик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлиги учун зарур бўлган ривожланиш ва барқарорлик уйғунлигини таъминлаб бера олади.

Конституция том маънода давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини, эзгу мақсадларимизнинг ҳуқуқий замин ва пойдеворини белгилаб берувчи ҳужжатдир. Унда белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш, юртимизда тинч, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида муттасил иш олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамиятда, ҳар қайси оила ва фуқаро ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчаси Конституциямизда белгилаб қўйилган талаб ва қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси, десак янгилишмаймиз.

Зеро, бу борада аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз ижтимоий сиёсатида асосий ўринни эгаллаб келмоқда. Чунки, ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва салоҳияти фуқароларнинг жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан соғломлик даражасига бевосита боғлиқ эканлигини бугунги кунда ҳеч ким инкор эта олмайди.

Таъкидлаш муҳимки, Конституциясмизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият эканлиги эътироф этилганлиги ҳам юртимиздаги барча саъй-ҳаракатлар аҳолининг фаровон, соғлом ҳаёт кечиришини таъминлаш учун хизмат қилишини англатади. Зеро, Бош Қомусимизнинг 40-моддасида "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга"лиги қатъий белгиланган. Ундан ташқари, "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида ҳам шундай дейилган: «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари соғлиқни сақлаш борасида дахлсиз ҳуқуққа эгадирлар. Давлат ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг соғлиғи сақланишини таъминлайди».

Бу каби мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам, халқ таълими тизимида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги даражасини оширишга олиб келди, бунинг учун пухта замин яратилди. Бу масалалар Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб, мунтазам равишда ривожланиб, тараққий этиб бормоқда. Тиббиёт тизими қисқа фурсат ичида миллий моделнинг умумэътироф этилган халқаро андозаларига мос ҳолда шаклланди. Янгидан-янги замонавий шифо масканлари ва уларнинг бугунги кун талабига монанд ҳолда жиҳозланиши, инсонлар саломатлигини яхшилаш ва касалликларни ўрганиш, тадқиқ қилиш, даволаш билан боғлиқ жараёнларга илм-фан ютуқларини кенг жалб этиш каби масалалар биргина Қомусимизнинг олтин қоидаларида ўз ифодасини топди. Шубҳасизки, миллий ўзликни англаш, миллат генофондини асраб-авайлаш, сифатли ва кафолатли тиббий хизмат турларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқи халқимизнинг эзгу мақсадлари йўлида хизмат қилмоқда.

Биргина оналик ва болаликни муҳофазалаш ҳақида сўз юритганда, дунё тажрибасида илк бор ҳомиладор аёлларни таркибида инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган микроэлементларга эга поливитаминлар билан таъминлаш амалиётига тўхталмасдан бўлмайди. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, ушбу амалиётнинг самараси оналар ва дунёга келаётган фарзандларнинг саломатлик кўрсаткичи янада яхшиланаётганида, вазни кам болалар туғилишининг олди олинаётганида намоён бўлмоқда. Она ва бола ўлими 3 баробардан зиёдга камайиши, шунингдек, мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келиши эътироф этилгани фикримизнинг тасдиғидир.

Аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ҳамда микронутриент етишмаслиги ҳолатларининг олдини олишга эътибор қаратилиши натижасида кам вазнли болалар фоизи 19 дан 5 гача, туғруқ ёшидаги аёллар ўртасида охирги йилларда камқонлилик фоизи 60,0 дан 33,15 гача камайди. Эпидемик барқарорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар натижасида йиллар давомида аҳоли ўртасида полиомиелит, бўғма, қоқшол касалликларининг рўйхатга олинмаганлигини айтиб ўтиш мумкин. Шу боис, 2002 йилда Ўзбекистон полиомиелит вирусидан ҳоли ҳудудлиги тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификатига эга бўлди.

Кези келганда тўхталиш жоизки, Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур қарор асосида мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган муассасаларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш бўйича 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Кўпгина таниқли халқаро экспертларнинг эътироф этишича, миллатлараро осойишталикни сақлаш, миллат, элат ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистоннинг ўз Конституциясига эга бўлганлиги эришган энг муҳим ютуқларидан бири ҳисобланади. Республикамизда миллатлараро тотувлик ва ўзаро уйғунлик муҳити ҳукмронлик қилаётгани барча хорижликларнинг ҳайрат ва ҳавасини келтирмоқда. Буни бугун кўпгина тармоқлар сингари тиббиёт соҳасида ҳам бевосита кўриш мумкин. Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон, Япония, Хитой, араб давлатлари, ғарб мамлакатларининг ривожланган тиббиёт клиникалари билан олиб борилган ҳамкорлик бугун ўз самарасини бермоқда.

Фахр билан айтиш жоизки, мустақиллик йилларида Ўзбекистон тиббиёти кўплаб муваффақиятларга эришиб келмоқда. Ўзбекистон Буюк Британиянинг "Save the children" ("Болаларни асрайлик") халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилгани ҳали-ҳанузгача ўз қийматини йўқотгани йўқ.

Бир сўз билан айтганда, "Соғлом она – соғлом бола" миллий ғоясини ўзида ифода этувчи дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётда қўлланилиши натижасида скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар ҳамда уларнинг вилоятлардаги филиаллари тиббиётимиз ривожида мустаҳкам ўрин эгаллади. Қолаверса, айни пайтда юртимизда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари, шунингдек, уларнинг жойлардаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Бу борада Скрининг марказлари, вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналари, шунингдек, ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида юксак натижаларга эришилди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, сўнгги уч йил давомида 960 мингдан зиёд чақалоқ ва қарийб 1 миллион 400 минг нафар ҳомиладор аёл скрининг текширувидан ўтказилди. Замонавий технологияга асосланган ультратовуш ҳамда биокимёвий усуллар бундай текширувлар натижасида кейинги икки ярим йил ичида қарийб 35 мингга яқин нуқсонли бола туғилишининг олдини олишга эришилди. Агар ушбу рақам ортида минглаб ота-оналар, оилалар қувончи борлигини назарда тутсак, тизимда нечоғли улкан ишлар амалга оширилаётганлигини англаш қийин эмас.

Юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласи ҳам соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этишда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда Тошкент тиббиёт академияси қаторида Самарқанд, Андижон, Бухоро, Урганч ва Нукус каби шаҳарларда тиббиёт олий ўқув юртлари ва Тошкент Давлат стоматология институти ҳамда унинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Олий маълумотли тиббиёт ҳамшираларини тайёрлашни ташкил этишнинг принципиал жиҳатдан мутлақо янги тизими шакллантирилди. Мамлакатимиз тиббиёт институтлари Шарите (Германия), Гарвард (АҚШ), Манчестер (Буюк Британия), Вена (Австрия) университетлари клиникалари, Япония, Жанубий Корея ҳамда бошқа давлатлардаги йирик госпиталлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шуни эътироф этиб ўтишимиз керакки, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида қарор топтириш борасида қонунчилик ва амалий сиёсатимизда қандай натижа ва ютуқларни қўлга киритган бўлсак, уларнинг барчаси Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган талаб ва тамойиллар билан узвий боғлиқдир.

Демак, биз қураётган янги жамият, ҳаётимизга тобора кириб келаётган янгиланиш жараёнлари, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг тақдири ва келажаги, аввало, халқимизнинг бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашига, одамлар дунёқараши ва фаоллиги, уларнинг онгу тафаккури юксалишига ҳамоҳангдир.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек: аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш, ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, ёш оналар ва болаларни талаб даражасида парвариш қилиш, уларнинг овқат рациони, унинг сифати ва калорияси каби масалаларга жиддий эътибор бериш лозим.

Ҳақиқатан ҳам, болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис-туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак. Бу борада барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур.

Биз депутатлар ҳам бу йўлда Юртбошимиз билан елкама-елка туриб, оналик ва болаликнинг ҳуқуқий-меъёрий томондан юксак босқичга кўтаришга ва миллий қонунчилигимизни мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз, деган умиддамиз. 

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Адолат" СДП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 15481

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими