Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлиги янада юқори босқичга кўтарилади

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлиги янада юқори босқичга кўтарилади

Конституциямиз нормаларининг ҳаётга татбиқ этилиши жамиятимизда қарор топган тинчлик ва ҳамжиҳатликда, ҳаётимизга янгича мазмун бағишлаётган ислоҳотлар самарасида, одамларимизнинг ўзгариб бораётган онгу-тафаккурида, ҳар бир оила, ҳар бир инсон ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Дарҳақиқат мамлакатимизда оламшумул ўзгаришлар амалга оширилиб, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора чирой очиб, аҳолимиз фаровонлиги юксалиб бормоқда, бунинг натижасида фуқароларимизнинг ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга муносабати ва ишончи тобора мустаҳкамланиб, сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти ҳам юксалиб бормоқда.

Мамлакатимизда Конституция қоидаларининг барча соҳаларда изчиллик билан татбиқ этилишига қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Конституциянинг муҳим жиҳатларидан яна бири, фуқароларга берилган ижтимоий ҳуқуқларнинг қонуний мустаҳкамланганлигидир.

Куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда юртбошимиз кириб келаётган 2016 йилни “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилдилар. Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом авлодни вояга етказишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётир. Шу жумладан истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш тизимининг нафақат моддий техника базаси, балки ҳуқуқий базаси ҳам мустаҳкамланганлигига, бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатлар амалдаги 14 та қонунлар билан тартибга солинганлиги диққатга сазовордир. Биргина жорий йилнинг ўзида ҳам парламентимиз томонидан ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунлар қабул қилинди.

Дарҳақиқат, фуқаролар соғлиғини мустаҳкамлаш билан боғлиқ бўлган долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратилиши боис, мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи йилдан-йил камайиб бораётгани, аҳолини юқумли, вирусли ва ўта хавфли инфекциялардан асраш, соғлом, қулай атроф-муҳит шароитлари билан ва экологик хавфсизлигини таъминлаш, соғлом аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чоралар самарадорлигини ошириш ҳамда беморларга тегишли ҳажмдаги малакали тиббий хизмат, жумладан, шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш, қишлоқ жойларида замонавий қишлоқ врачлик пунктларини барпо этиш орқали у ерда истиқомат қилаётган фуқароларга врачлик тиббий ёрдамини яқинлаштириш, тиббиётнинг 10 та муҳим йўналишлари бўйича замонавий Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларини ташкил этиш каби талайгина самарали фаолият амалга оширилди. Халқимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73,5, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етгани, навқирон авлоднинг жисмоний ва интеллектуал салоҳияти ошгани бу эзгу ишларнинг самарасидир.

“Соғлом она-соғлом бола йили” муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастури ушбу соҳада амалга оширилаётган ислохотларни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқади.

Шу билан бирга соҳада ҳали ҳануз ўз ечимини кутаётган қатор долзарб вазифалар ҳам мавжуд эканлигини юртбошимиз маърузаларида яна бир бор таъкидладилар ва олдимизга ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор вазифаларни қўйдилар:

-она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш Миллий моделига мувофиқ оналар ва болалар соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, перинатал, скрининг марказлари, туғруққа кўмаклашиш ҳамда педиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, перинатал ҳамширалари билим ва кўникмаларини юқори даражага кўтариш;

-аёллар ва болаларни уйда патронаж тартибида бориб кўриш, аҳолининг санитария-эпидемия бўйича хотиржамлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни, санитария-гигиена жиҳатидан тарбиялаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш;

Муҳим вазифалардан яна бири бу фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишдир. Репродуктив ҳуқуқ – бу барча эр-хотин жуфтликлар ва алоҳида шахсларнинг болалар сони, улар орасидаги оралиқ ва уларнинг туғилиш вақти ҳақида эркин ҳамда тўлиқ масьулият ҳиси билан қарор қабул қилиши ва бунинг учун шарт бўлган маьлумот ва воситаларга эга бўлиши борасидаги асосий ҳуқуқларни тан олиш. Оиланинг мустаҳкамлиги кўпгина омилларга, жумладан улардан асосийси – она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир. Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келади. Аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериш масъулиятли вазифа ҳисобланади. Бу масалани тўғри ҳал этиш ёшларимиз олдига бир қатор талабларни кўяди. Оилавий турмуш қуришга тайёрланаётган йигит ва қизларимиз соғлом бўлишлари, аёлларни фақатгина ҳомиладорлик даврида саломатлигини сақлабгина қолмай, балки қизларни ёшлик давридан бошлаб соғ–саломат ўсишларини таъминлаш лозим. Бола туғилгандан кейин эса, унинг соғлом бўлиб ўсиши ҳақида қайғуришимиз зарур. Эрта турмуш қуриш кўпинча фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай чала туғилишига, ҳомиладорлик асоратларига олиб келиши мумкин. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Бу ирсий касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Ирсий касалликларини келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин. Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйган оилаларда туғма нуқсонли ва ақли заиф фарзандлар дунёга келиши мумкин. Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади. Ёши ўтган яъни 35 ёш ва ундан юқори бўлган аёллардаги ҳомиладорликлар нафақат аёлнинг саломатлиги балки, туғилажак фарзандлар учун ҳам хавфлидир. Туғруқлар оралиғини сақлаш (камида 3 йил) онанинг саломатлигини яхшилайди ва соғлом фарзанд туғилишини таъминлайди. Қолаверса,аҳолининг репродуктив жиҳатдан соғломлиги даражаси ўша аҳоли истиқомат қилаётган жамиятнинг соғломлиги даражасига, миллий генафонд саломатлиги даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боисдан ҳам, бутун дунёда репродуктив саломатлик фақат тиббий муаммо эмас, балки, тиббий-ижтимоий, қолаверса, ижтимоий-сиёсий муаммо ҳисобланади.

Бугунги мураккаб глобаллашув шароитида миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт ва бегона хуружлар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишларга қарши туриш, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, “оммавий маданият” каби таҳдид ва хатарлардан асраш долзарб аҳамиятга эга. Зотан, соғлом ва баркамол авлод нафақат жисмонан, айни пайтда маънан ва руҳан етук авлоддир. Президентимиз таъкидлаганидек, табиийки, барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради.

Бугунги кунда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи фуқароларимизнинг репродуктив саломатлик билан боғлиқ онгини, тиббий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга эътиборни янада кучайтириш, ёшларимизнинг соғлом ва аҳил оила қуришга, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга интилишини шакллантириш, жинсий тарбиясига жиддий аҳамиятни қаратиш, бу борада оилавий тарбиянинг ролини, ота-оналарнинг савияси ва масъулиятини ошириш, атроф-муҳитнинг инсон репродуктив саломатлигига таъсирини инобатга олган ҳолда-ёшларда экологик маданиятни шакллантиришга алоғида эътибор бериш каби вазифалар ечимига бевосита боғлиқ эканлигига, бу борада нафақат соғлиқни сақлаш тизими мутасадда ходимларининг, балки жойлардаги Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг, барча бўғимлардаги таълим масканларининг, кенг жамоатчиликнинг, хотин-қизлар қўмиталарининг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг масъулиятини ошириш ва олиб борилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш лозимлигига қаратилади. Шунинг учун партиямиз ташкилотлари, депутатлар жойларда ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда бу масалага алоҳида эътибор берган ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан ўзгаришларни натижасида эришаётган ютуқларимизни жонли мисоллар орқали тарғиб этишга қаратишлари лозим. Бунда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб бориш долзарб вазифаларимиздан биридир.

 Саттор Раҳматов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.


Кўришлар сони: 17781

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими