Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Эркинлик ва фаровонлик кафолати

Эркинлик ва фаровонлик кафолати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида 1992 йилда қабул қилинган мустақил Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Бош қомусимиз қабул қилинган 8 декабрь алоҳида қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни, умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Таъкидлаш керакки, мустақил Ўзбекистон собиқ иттифоқ республикалари орасида биринчи бўлиб ўз Конституциясини қабул қилди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Конституциямизнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритар экан, Конституциямиз асосий қонунимиз сифатида давлатни давлат қиладиган, миллатни миллат қиладиган қонунларга асос бўлиши муқаррар, деб таъкидлаган эди.

Давлатнинг жамиятга раҳбарлик қилиш ва бошқариш соҳасидаги ролини унинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати белгилайди. Ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш эса турли хил ҳуқуқий асос орқали амалга оширилади. Улар орасида асосий ўринни, ҳеч шубҳасиз, конс¬титуция эгаллайди.

Конституция ҳар бир давлатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Унинг меъёрлари нафақат давлат тузуми, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш принципларини, балки ижтимоий ҳаёт меъёрларини ҳам белгилаб беради. Масалан, Ўзбекистон Конституциясининг 14-бобида оилавий турмуш тарзининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи принципиал қоидалар белгиланган. Унинг 12-боби эса жамиятнинг иқтисодий асослари, иқтисодий фаолият эркинлигини кафолатли таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган. Конституциявий ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, конституция ўзининг асосий қоидаларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш учун кенг имконият яратади.

Асосий конституциявий қоидалар, принциплар юридик базани ташкил қилади. Ушбу юридик база негизида эса ҳуқуқнинг барча — молиявий, фуқаролик, жиноий, меҳнат ва бошқа соҳаларининг нормалари мужассам. Ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат (қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқалар) конституцияга асосланади. Бошқача айтганда, конституция барча қонун ҳужжатларининг асоси, манбаи ҳисобланади. Қайд этиш лозимки, конституцияларнинг юридик жиҳатдан анча мукаммал авлоди йигирманчи асрда пайдо бўлган. Унгача яратилган конституциялар орасида энг қадимийси Англия конституцияси ҳисобланади. Унинг пайдо бўлиш тарихи ўн учинчи аср боши, яъни 1215 йилга тўғри келади.

Маълумки, асосий қонун, яъни конституцияда бошқа барча жорий қонунлар учун асосий аҳамиятга эга ғоя ва қоидалар мустаҳкамланади. Шу тариқа ҳар қандай давлатнинг ҳуқуқ тизимида у устувор аҳамият касб этади.

Конституциянинг устуворлиги яна шунда намоён бўладики, унга нафақат шу давлат фуқаролари, балки давлатнинг ўзи ҳам риоя қилиши керак. Ҳуқуқ ва давлат ўзаро боғлиқ бўлгандагина жамиятда конституция ва қонунлар устуворлиги таъминланади.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: хўш, қандай функциялар конституцияга хос, ижтимоий-сиёсий ҳаётни ривожлантиришга у қандай таъсир кўрсатади?

Ушбу саволнинг жавоби ўқувчига давлат ва ҳар бир фуқаро ҳаётида конституциянинг аҳамияти ва ўрни нимадан иборат эканлигини англаб етишга ёрдам беради.

Биринчидан, конституция асосий қонун сифатида ижтимоий ҳаётнинг ҳуқуқий тартибга солинадиган объекти ҳисобланган барча жабҳаларига бевосита ўз таъсирини кўрсатади. Бироқ конституциянинг тартибга солувчи таъсири бавосита шаклда ҳам амалга оширилади. Масалан, унинг жорий ва соҳавий қонунчиликка сингдирилган асосий принцип ва қоидалари бошқача, яъни бавосита шаклда таъсир кўрсатади. Умуман айтганда, конституциянинг таъсири қандай шаклда намоён бўлишидан қатъи назар, ижтимоий муносабатларни мунтазам тартибга солувчи, ҳамжиҳатлик ва тартиб-интизомни ижтимоий ҳаётга жорий этиш, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи восита бўлиб қолаверади.

Иккинчидан, конституция ҳуқуқ манбаларидан бири сифатида давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини ифода этиш ва юритиш воситаси ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистон Конституциясининг тўртинчи боби тўлиқ мамлакатимиз ташқи сиёсати асосларини тартибга солишга бағишланган. Мамлакатнинг Асосий қонунидан ушбу бобнинг ўрин олиши сиёсий масалани ҳал этишда конституция нечоғлик муҳим ўрин тутишидан далолатдир. Учинчидан, конституция асосий ғояларни мустаҳкамлайдиган сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида муайян тарзда шахс онг-тафаккури, дунёқарашининг шаклланишига мафкуравий таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам замонавий демократик давлатлар конституцияси сингари барчанинг қонун олдида тенглиги, шахснинг давлатга нисбатан устуворлиги, давлатнинг инсон ва жамият фаровонлиги учун хизмат қилиш мажбурияти каби инсонпарварлик тамойилларига катта аҳамият берилган. Чунончи, Конституциямизнинг 14-моддасида "давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади," деб қайд этилган. Ушбу ғояларни жамоатчилик онгига сингдириш ҳар бир фуқаронинг қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишини шакллантиришга кўмаклашади.

Тўртинчидан, конституция тегишли давлат ҳокимият тузилмаларини таъсис этиш орқали ижтимоий ривожланиш жараёнига ҳам таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан ҳокимлик институтлари таъсис этилди. Шунингдек, мамлакатимизда Конституция талабларидан келиб чиқиб, ўзини ўзи бошқариш шакли сифатида ўзбек халқи менталитетига мос ва кўп асрлик ривожланиш амалиёти билан синалган маҳалла институти ташкил этилгани ҳам бу фикрнинг исботидир.

Бешинчидан, конституциявий ҳуқуқий тартибга солиш давлат-ҳуқуқ меъёрларини яратиш билан чекланиб қолмайди. Ушбу меъёрларнинг яратилиши ягона мақсад эмас, балки улар жамоатчилик ҳамда тегишли давлат органлари фаолиятига татбиқ этиш учун мўлжалланган. Конституция муҳим амалий ташкилотчилик вазифасини бажариб, ҳуқуқни амалга ошириш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш, тегишли давлат тузилмаларини қайта ташкил этиш ва такомиллаштиришга жиддий таъсир кўрсатади.

Дарҳақиқат, ҳар бир демократик давлатнинг конституциявий асосини инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ташкил қилади. Шу маънода, мамлакатимиз Конституциясидан "Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари" бўлими алоҳида ўрин эгаллагани бежиз эмас. Шунингдек, Бош қомусимизнинг "Асосий принциплар" бўлимида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканини қайд этувчи асосий ғоялар мустаҳкамланган.

Конституциямизнинг қолган барча бўлимларида ўзининг ижтимоий йўналиши бўйича жамоат ва давлат тузилмаларининг шахс ҳамда жамият олдидаги вазифалари баён этилган.

Собиқ шўро тузуми даврида давлатнинг манфаатлари шахс манфаатларидан устун эканлиги қатъий белгилаб қўйилган бўлса, ушбу масала мустақил Ўзбекистон Конституциясида адолатли ҳал этилган. Яъни, шахс манфаатлари устунлиги, уни "олий қадрият" деб эътироф этиш нуқтаи назаридан ҳал этилган (13-модда). Шунингдек, Конституциямизда "фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги" принципининг мустаҳкамлангани бундай нуқтаи назар изчиллигини таъминлайди (19-модда). Ўзбекистонни конституциявий ривожлантириш тарихида илк марта давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани белгилаб қўйилгани халқимиз барпо этаётган адолатли фуқаролик жамиятининг маъно-моҳиятини англатади. Мамлакатимиз Конституциясида мустаҳкамланган демократик қоидалар орасида сиёсий плюрализм, яъни сиёсий институтлар, фикрлар хилма-хиллиги эътироф этилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бундан ташқари, мамлакатимизда цензуранинг бекор қилиниши, ҳокимиятларни тақсимлаш ғоясининг амалга оширилгани, қонун устуворлигининг эътироф этилгани, бирон-бир шахс томонидан давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштиришга йўл қўймаслиги, Конституция ва қонунлар томонидан ваколат берилган органларнинг давлат ҳокимиятини халқ манфаатини кўзлаб амалга ошириши — буларнинг барчаси ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда шакллантириш жараёнига таъсир кўрсатган ҳолда, ижтимоий ривожланишнинг асосини ташкил этадиган муҳим ва асосий конституциявий принциплардир.

Мустақил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 23 йил мобайнида унинг қоидалари ҳаётга изчил жорий этилди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида илгари тасаввур қилиб бўлмайдиган ютуқларга эришилди. Мамлакатимизда Конституция туфайли фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланиб, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваффақиятларга эришилмоқда.

Н.Акбаров

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати, Ахборот

ва коммуникация технологиялари

масалалари қўмитаси аъзоси. 


Кўришлар сони: 10938

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими