Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Конституция – демократик ислоҳотлар асоси

Конституция – демократик ислоҳотлар асоси

Барчамиз Конституциямизни 1992 йил 8 декабрда қабул қилинганлигини ва ундан кейинги конституциявий ислоҳотларни, амалга оширишда Конституциямиз лойиҳасини тайёрлаш, Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва бошчиликларида ҳали мустақиллик эълон қилинмасидан аввал, яъни 1990 йил 21 июлда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ишлаб чиқиш бўйича комиссия тузилганлиги, 1992 йил сентябр-октябр ойлари мобайнида лойиҳа икки маротаба умумхалқ муҳокамасига қўйилганлиги ва унда 6000 дан ортиқ таклифлар келиб тушганлиги диққатга сазовордир. Манбаларига келсак, миллий-ҳуқуқий асос сифатида Авесто, муқаддас китобларимиз, Темур тузуклари, Қобуснома, ва бошқа қатор тарихий асарларни келтирсак, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган 30 дан ортиқ ҳужжатлари, илғор хорижий конституциявий тажриба асос бўлиб хизмат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши мустақил, янги суверен демократик давлат — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигини қонуний тасдиқлаб берди. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддас ҳуқуқий ҳужжат сифатида келажаги буюк Ўзбекистоннинг инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Конституция ўз шаклига кўра ҳозирги мамлакатларнинг аксариятида парламент, махсус конституциявий ассамблея томонидан умумхалқ референдумида қабул қилинадиган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Конституция мамлакат қонунчилигида биринчи ўринда туради ва миллий ҳуқуқ тизимининг асосларини белгилаб беради.
Конституция — энг олий ҳуқуқий шакл бўлиб, унда конституциявий тузум қадриятлари, институтлари ва нормалари, давлат ҳокимиятининг ижтимоий алоқалари ва муносабатларида давлат-ҳуқуқий тартибга солиш асослари мустаҳкамлаб қўйилади.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Конституциямиз давлат халқ иродасини ифода этишини, унинг манфаатларига хизмат қилишини, давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи шу юртда яшовчи халқи эканлигини, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишини белгилаб берди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципини ўзида мустаҳкамлаб қўйди. Ҳар қандай демократик давлатнинг асосий ҳал қилувчи шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини шакллантирди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзида энг юксак умум­инсоний демократик тамойилларнинг ютуқларини мужассамлаштирган. Конституцияда ўзбек халқи маданияти ва миллий анъаналарининг чуқур илдизларига суянилганлиги ҳам унинг ўзига хос муҳим хусусияти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳужжатлари, айниқса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, халқаро ҳуқуқ қоидалари асосида қабул қилинган ва жаҳон ҳамжамиятининг энг замонавий демократик давлатлар конституцияларидан бири ҳисобланади.

Конституциямиз негизига қўйилган талаб ва қоидаларга тўлиқ мос келадиган, дунё ҳамжамиятида "ўзбек модели" деб ном қозонган, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда".

Конституция жамиятда амалда бўлган барча қонунларни бир мақсад, бир ғоя, бир тартибда бўйсундирадиган ягона, умумдавлат миқёсидаги асосий қонундир. У амалдаги қонунчиликнинг ҳуқуқий базаси ҳисобланади. Амалдаги қонунчилик Асосий Қонунимиз туфайли такомиллашиб, янгиланиб бормоқда. Конституцияда мустаҳкамланган нормалар Ўзбекистон давлати конституциявий тузумининг асосларини, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, фуқаролик жамиятининг таркибий қисмларини, Ўзбекистон Республикасининг давлат тузилиши, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизимини белгилаб берди.

Президентимиз "Давлатимизнинг келажаги, халқимизнинг тақдири кўп жиҳатдан Конс­титуциямиз қандай бўлишига боғлиқ", деб бежиз таъкидламаганлар. Конституциямизнинг нақадар сермазмун ва мукаммал яратилганлигини ҳозирда юртимизда амалга оширилаётган улкан ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар, тобора ривожланиб бораётган жамиятимиз ҳамда юксалиб бораётган турмуш фаровонлигимиз мисолида кўришимиз мумкин.

Конституцияда, шунингдек халқнинг иродаси, руҳияти, онги ва маданияти акс этган бўлиб, унинг 7-моддаси биринчи қисмига мувофиқ "Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир", деб мустаҳкамлаб қўйилган. Конституцияга мувофиқ, давлат ўз фаолиятини халқ манфаатлари, жамият фаровонлигини кўзлаб амалга оширмоқда.

Конституциямиз халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган мустақиллик, тенглик, инсонпарварлик ва адолат ғояларига асосланади ҳамда тўлиқ равишда халқаро ҳуқуқий андозаларга мос келади. Конституция шарофати туфайли мамлакатимиз инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан ривожланмоқда. Асосий Қонуннинг 11-моддасида "Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади", деб белгилаб қўйилган. Мазкур принципнинг Конс­титуцияда мустаҳкамланиши ва амалга оширилиши инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади.

Конституцияда қонун устунлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унинг III бобида ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси бўлган Конституция ва қонуннинг устунлигини таъминлаш принципи мустаҳкамланган. Конституциянинг 15-моддасида "Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар" ҳамда Конституциянинг 16-моддаси иккинчи қисмида "Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конс­титуция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас", деб мустаҳкамлаб қўйилган. Бу биринчидан, барча жорий қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Консти­ту­ция­га мувофиқ бўлишини, иккинчидан, қонун олдида ҳамманинг тенглигини, учинчидан, ҳаётнинг барча соҳаларида қонуннинг ҳукмронлигини англатади. Бош­қача айтганда, Конституция барча қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунидан Президентимиз И.А.Каримов томонидан олға сурилган эволюцион усулда босқичма-босқич аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаган ҳолда бозор иқтисодиётига ўтиш, фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш асосий мақсад сифатида белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – мустақил давлатимизнинг асосий қонуни сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, демократик ислоҳотлар ва янгиланишларга мустаҳкам ҳуқуқий замин сифатида хизмат қилаётганлиги, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йили давомида эришган барча натижалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, давлат бошқарувининг энг самарали механизмини жорий этилиши, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби ютуқларнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг асосий йўли аниқ ифодалаб берилган ушбу қомусий ҳужжатда давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Конституциямизда алоҳида муҳрлаб қўйилганлиги мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этишнинг бош омили бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бугун жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз — буюк ҳаётимиз қомуси турибди. Бу эса, ўз навбатида, Бош Қомусимиз халқимизнинг руҳияти, маънавияти ва орзу-интилишларига ҳамоҳанг тарзда яратилганининг амалдаги яққол ифодасидир.

Конституция ўзбек давлатчилигини замонавий, маърифий асосда ривожлантириш, тинч-тотув яшаш ва тинчликни барча чоралар билан мустаҳкамлаш, демократияни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқ қолиш, адолатли ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш каби вазифаларга маъсул ва кафолат бўлиб ҳисобланади. Зотан, Юртбошимиз таъкидлаб айтганларидек: “Бизнинг Конституциямиз умуминсоний — тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади”. Бу эса айнан халқимиз асрлар оша ардоқлаб келаётган энг эзгу фазилатлар — тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, жамоанинг фикрига бўйсуниш, оила муқаддаслиги ва бошқа кўплаб қадриятларнинг Бош Қомусимизда акс эттирилган ҳуқуқий ифодаси эканининг яна бир исботидир.

Мустақиллик йилларида ҳаётнинг барча жабҳаларида — эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида қарор топтириш, жамиятни демократлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилиш борасида қандай улкан муваффақиятларга эришган бўлсак, барчасининг замирида Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқлар, ғоялар, принциплар мужассам эканини бугун ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис этмоқда.

Ўзбекистонда тараққиётнинг муайян босқичларига ҳамоҳанг тарзда Конституциямизга муайян ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ислоҳотлар замирида ҳам жамият ҳаётини янада демократлаштириш асосий мақсад қилиб олинди.

Ислоҳотлар даврида ҳар қайси ҳокимият тармоғи, бу қонунчилик, ижро ёки суд ҳокимияти бўладими, ўзига юклатилган ваколат ва вазифаларни тўлиқ бажаришига кўмаклашадиган қоидаларнигина Асосий қонунга киритишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2003, 2007, 2008, 2011 ва 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришлар мамлакатимизни янада демократлаштиришга ва фуқаролик жамияти институтлари фолиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Маълумки, 2014 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги ЎРҚ-366-сонли Қонун мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ҳамда сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда яна бир муҳим қадам бўлди.

Юқоридаги қоидалар асосида мамлакатимизда босқичма-босқич “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” деган ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Шу билан бир қаторда Конституциямизда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги тўғрисидаги қоида ҳам ўз ифодасини топди.

Жумладан, Конституциямизга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалардан асосий мақсад, ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципини босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро этувчи органлар фаолияти устидан қонун чиқарувчи олий органнинг, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтириш, шунингдек, ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мамлакатни ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги масъулиятини оширишдир.

Хусусан, Конституциямизнинг 32-моддасига киритилган ўзгартириш давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши, фуқароларнинг, шунингдек, сиёсий партияларнинг жамият ва давлат ишларини бошқариш борасидаги иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.

Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари ва давлат мустақиллиги ғояларига содиқлик, ҳозирги ва келажак авлодлар олдида чуқур масъулиятни ҳис этиш, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаларига таяниш, демократия ва қонунийликка ҳурмат, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган нормаларини тан олиш, Ўзбекистоннинг муносиб ҳаётини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат яратиш ва ниҳоят, мустаҳкам фуқаровий тинчлик ҳамда миллий келишувни таъминлаш каби эзгу ниятлар ўз аксини топган.

Инсон ҳуқуқларининг янги концепцияси конституциявий қонунчилигимизда ўз юридик тасдиғини топган бўлиб, улар Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқий мақоми сифатида муайян принципларга таянади.

Конституциянинг 20-моддасига кўра, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ­лари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциянинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилганидек «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади».

Конституциямизнинг 24-моддасида «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир», дейилган. Ҳақиқатдан ҳам, инсонга бахшида этилган энг буюк неъматдир. Маълумки, Конституциявий ҳуқуқ мақоми тизимида сўз ва эътиқод эркинлиги муҳим ўрин тутади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини либераллаштиришга, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Лекин, ҳар қандай демократик жамиятда демо­кратия­нинг бу шартлари амалдаги қонунларга асосан, ўз чегара меъёр ва мезонларига эгадир.

Асосий Қонунимизда билим олиш, фан-техника тараққиёти масалаларига алоҳида эътибор берилиб: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир», дейилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Бош Қомусимизнинг муқаддимасидан охирги моддасигача мустақиллик, демо­кратия, инсон ҳуқуқлари ва ­Ватан равнақи ғоялари мустаҳкам ўрин олган.

Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимиз мустақил давлатимизнинг буюк келажак сари интилишининг ҳуқуқий асоси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам пойдеворидир. 

Улуғбек Саматов, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.


Кўришлар сони: 17437

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими