Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилгани, ўз навбатида, уларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, юртимиз равнақи йўлида бор салоҳият ҳамда имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишларига зарур шароит яратаётир.
Асосий Қонунимиздаги мазкур норма қатор қонунларимизда ўз ифодасини топган. Чунончи, Фуқаролик кодексининг 17-моддасида барча фуқароларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати тенг равишда эътироф этилиши, Оила кодексининг 2-моддасида эса оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган. Меҳнат кодексининг 6-моддаси талаблари барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиши ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгалиги, уларнинг жинсига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга йўл қўйилмаслиги ва бундай ҳолатлар вужудга келса, камситиш деб ҳисобланиши ҳуқуқий норма сифатида белгиланган.
Айни чоғда мамлакатимиз БМТ томонидан қабул қилинган аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид кўплаб халқаро ҳужжат ҳамда шартномаларга қўшилган. БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва бандлик соҳасида камситишлар тўғрисидаги конвенциялари шулар жумласидандир. 
Яна бир эътиборли томони шундаки, айнан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини янада жадаллаштириш мақсадида 1991 йили Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди. Мазкур жамоат ташкилоти ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётига кенг жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни тизимли равишда амалга ошириб келаётир. 
Президентимизнинг 1995 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янги поғонага кўтарди.
Айни пайтда мазкур муҳим ҳужжатлар асосида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан мамлакатимизда аёлларнинг оила ҳамда жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида ибратли ишлар олиб борилаётир. 
Юртимизда аёллар эркаклар билан барча соҳадаги каби таълим олишда ҳам тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳозирги вақтда қизларнинг нафақат билим олишлари, балки иқтидорларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришлари учун ҳам барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган. Давлатимиз раҳбарининг 1999 йил 10 июндаги “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони бунинг яққол тасдиғидир. Мазкур Фармон асосида ҳозирги пайтгача республикамиздаги 226 нафар қиз ушбу мукофот совриндори бўлгани, шубҳасиз, уларни юрт тараққиётига муносиб улуш қўшиш йўлида руҳлантирмоқда. 
Хотин-қизлар саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўтган даврда бу бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси изчил таъминланаяпти. Чунончи, мамлакатимиз раҳбарининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига асосан, ҳудудларда перинатал ва туғуруқ мажмуалари томонидан ҳомиладор аёлларга бепул тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Натижада охирги йилларда ногирон болалар туғилиши 40 фоиз камайишига эришилди.
Президентимизнинг ўтган йил 
1 августдаги қарори асосида қабул қилинган 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг изчиллигини таъминлади. Қамрови жиҳатидан кенг ва тизимли ишлар натижасида юртимизда охирги йилларда оналар ва болалар ўлими уч баробардан кўпроқ камайди, аёлларнинг ўртача умр кўриш даражаси 75 ёшни ташкил этаётир. 
Мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган имтиёзлар ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 7 декабрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи аёлларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2004 йилнинг 1 декабридан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёлларга ёшга оид пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгилаб қўйилди. Бу мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд маҳаллаларда меҳнат қилаётган кекса ёшдаги аёлларимизга кўрсатилаётган катта ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, Юртбошимизнинг 2010 йил 1 апрелдаги “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2010 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси, спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш белгиланди. Бу, ўз навбатида, чекка қишлоқлардаги спорт мураббийси бўлган хотин-қизларни моддий рағбатлантириш орқали аёллар спортини янада ривожлантиришга туртки бермоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар уларнинг салоҳияти ҳамда имкониятларини юзага чиқаришга, пировард натижада фаол, ташаббускор, фидойи аёллар сафининг кенгайишига, энг муҳими, хотин-қизларнинг оиладаги, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари.


Кўришлар сони: 13226

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими