Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий пойдевори

Куни кеча Ўзбекистон ХДП Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати биланшу мавзуда давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов очди ва олиб борди.

– Давлатимиз ва халқимиз ҳаётида том маънода тарихий сана бўлган ушбу айём ҳақида гапирар эканмиз, ҳар биримиз албатта Концитуциямизнинг бугунги Ўзбекистон давлатчилигининг тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини эътироф этамиз, – деди фракция етакчиси. – Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадга эришиш, яъни юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришда Концитуциямиз мустаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда.

Ўтган мустақил тараққиёт йўлида Ўзбекистон эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани – буларнинг барчаси Концитуция асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, унга эришишга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.

Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан илгари сурилган машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг ҳуқуқий асоси аввало Концитуцияда мустаҳкамланган. Бугунги кунга келиб мазкур тамойил нақадар ҳаққоний ва самарали экани иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларида, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.

2015 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари мамлакатимизда ҳар томонлама пухта ўйланган тараққиётнинг «ўзбек модели» ҳаётга изчил ва мақсадли жорий этилаётгани натижасида жаҳон иқтисодиётида сақланиб қолаётган инқирозли ҳодисаларга ва глобал иқтисодий ривожланиш суръатлари сусайганига қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланаётганидан далолат беради.

Бугун Ўзбекистон Республикаси дунёда иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган давлатлар орасида бешинчи ўринни банд этиб турибди ва бу жаҳон ҳамжамияти ҳамда халқаро молия институтлари томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда оламшумул ўзгаришлар амалга оширилиб, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора чирой очиб, аҳолимиз фаровонлиги юксалиб бормоқда. Бундай янгиланишлар жараёнида одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва кайфияти тубдан ўзгариб, уларнинг ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга муносабати ва ишончи тобора мустаҳкамланиб, сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти ҳам юксалиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бош Қомусимизда белгиланган ҳуқуқий меъёрлар ҳаётимизда ўз ифодасини топиб келмоқда. Маълумки, Асосий қонунимизнинг 11-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда мустақиллик йилларида ушбу принципни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, парламент томонидан ўз ваколатларини амалга ошириш жараёнида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини шакллантириш, қонун ижодкорлигининг сифатини жиддий равишда ошириш, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришиш мақсадида икки палатали миллий парламентимиз ташкил этилди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда тараққиётнинг муайян босқичларига ҳамоҳанг тарзда Конституциямизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ислоҳотлар замирида ҳам жамият ҳаётини янада демократлаштириш асосий мақсад қилиб олинди.

Жумладан, Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”га мувофиқ Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бошқарувини демократлаштириш, давлат ҳокимияти субъектлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда жамоат ва парламент назоратини кучайтиришга қаратилди.

Бунда мамлакат парламентининг қонун чиқарувчи ҳокимият сифатидаги ролини кучайтириш муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, қонун ижодкорлиги жараёнида сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва масъулиятини янада оширишни, улар томонидан сиёсий партияларнинг дастурий вазифаларини, сайловчиларнинг манфаатларини ифодалашнинг, шунингдек, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишнинг янги, янада самаралироқ механизмлари татбиқ этилди. Буларнинг барчаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида сиёсий партиялар фракциялари иштирокини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, парламент фаолиятида ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан самарали парламент назоратини ўрнатиш амалиёти қонунлар, қарорлар ва муҳим давлат дастурилари ижосини пухта таҳлил қилиш ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, унинг мазмун-моҳиятига баҳо берилса, қисқа ва лўнда қилиб бу ҳужжатга “Инсонни эъзозлаган Қомус” деб таъриф берилса, айни ҳақиқат бўлади. Сўз олганлар мазкур жиҳатни алоҳида эътироф этиб, Конституциямизнинг махсус «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» деб номланган иккинчи бўлимида инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлари, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари алоҳида боблар ва моддаларда мустаҳкамлаб қўйилганига алоҳида эътибор қаратдилар. Конституциянинг Х боби эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатланиши масалаларини ўзида ифода этгани билан аҳамиятлидир.

Буларнинг барчаси шундан далолат берадики, Конституциямизнинг барқарорлиги ва ҳаётийлиги уни янги мазмундаги қонун ҳужжатлари билан доимо тўлдириб борилиши жараёнида, унинг нормалари ижтимоий-ҳуқуқий амалиётни мужассамлаштирганида яққол кўринмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси Конституциямизда кафолатланган тамойиллар билан чамбарчас боғлиқдир.

Конституциямизнинг муҳим жиҳатларидан яна бири, фуқароларга берилган ижтимоий ҳуқуқларнинг қонуний мустаҳкамланганлигидир. Асосий Қонунимизнинг 39-моддасида «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга», деб белгилаб қўйилган. Хусусан, парламентимиз томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ва бошқа шу каби қонунлар фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, 40-моддада ҳар бир инсон малакали тиббий химатдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, 41-моддада ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Мазкур нормалар юртимизда фуқароларни кучли ижтимоий муҳофазалашнинг конституцион асоси бўлиши билан бир қаторда, амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар замирида, аввало, инсон ва унинг манфаатлари ётишини таъминлаб келмоқда. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун йўналтирилган давлат харажатлари йил сайин кўпайиб, одамлар турмуш даражаси сезиларли равишда яхшиланиб бормоқда. Натижада халқимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73,5, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди. Юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар 100 ёшдан ошган табаррук кексалар яшамоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурида давлат ҳокимиятининг сайланма органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, шу жумладан, пенсионерлар манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурига мувофиқ, партия фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган масалаларни ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Конституциямизнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрнига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Қайд этилдики, Бош қомуснинг баркамол авлодни тарбиялашдаги ғоявий-тарбиявий аҳамияти беқиёс бўлиб, у ёшларда Ватанга садоқат, мардлик, биродарлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади. Унда жамиятнинг барча қатламлари сингари ёшларнинг ҳам шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари кафолатланган.

Шунингдек, тадбирда ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ёшларимиз, барча жамоат ташкилотлари қатори сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини янада ошириш каби масалалар ҳам иштирокчилар диққат марказида бўлди. Хусусан, электорат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш, сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа барча жабҳалардаги ислоҳотларда ҳар бир ташкилот, аҳоли вакиллари ва ёшларнинг иштироки ҳамда дахлдорлигини янада жонлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир сўнггида фракция етакчиси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида сиёсий партиялар зиммасига улкан масъулият юкланаётганини таъкидлаб, барча даражадаги партия ташкилотлари етакчилари ҳамда депутатларни қатъийлик ва ташаббускорлик кўрсатишга чақирди. 

Бош саҳифадаги сурат муаллифи Санжар Шотўлаганов.


Кўришлар сони: 14898

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими