Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши
2009 йил 24 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция йиғилишини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосари, ЎзМТДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Х. Дўстмуҳамедов олиб борди.

Фракция йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритилиши назарда тутилаётган масалалар муҳокама қилинди.

Давлат бюджетининг 2009 йил биринчи ярим йиллиги бўйича ижроси якунлари.

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2009 йил биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор вазифаларини изчил амалга ошириш, шунингдек инқирозга қарши чоралар дастури доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш натижасида иқтисодиётнинг барқарор ва мувозанатлашган ўсишига эришилди.

Бу давр ичида ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,2 фоизга ошди.

Саноатнинг етакчи тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар эвазига ушбу соҳадаги ўсиш 9,1 фоизни ташкил этди. Қишлоқ хўжалигидаги кўрсаткич эса 4,6 фоизга тенг бўлди. Ярим йиллик даврида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 13,1 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажмининг 17,7 фоизга, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажмининг 18,5 фоизга ўсганлиги ички эҳтиёжни қондиришнинг асосий омилларидан бўлди.

Шунингдек, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги” йили Давлат дастурини амалга оширишга, иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб - қувватлашга, қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган қатор тадбирлар бажарилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Мажлисда Давлат бюджетининг харажатларида бюджетнинг ғазна ижросини амалиётга тўлиқ жорий этиш орқали аҳолини манзилли ижтимоий кўллаб-қувватлашни таъминлаш, бюджетдан ажратилган маблағларнинг самарадорлигини ошириш, инвестиция дастури харажатларини бюджетдан молиялаштиришни мақбуллаштириш, иш ҳақи, стипендия ва аҳолига бошқа тўловлар бўйича харажатларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, солиқ юкини камайтириш асосида тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб бериш, кўпроқ янги иш ўринлари яратиш масалаларига асосий эътибор қаратилди. Маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган харажатлар ўз вақтида ажратиб берилганлиги таъкидлаб ўтилди.

“Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш).

Халқимиз маданий меросида архив ҳужжатларининг салмоғи каттадир. Бугунги кунда 120 та архив муассасаси, 7600 га яқин идоравий архив фаолият кўрсатиб, Миллий архив фондига киртилган 8 милиондан ортиқ сақлов бирлигида юз миллиондан кўпроқ архив ҳужжатлари мавжудлигининг ўзиёқ Ўзбекистоннинг бу соҳадаги имконияти ва салоҳияти нақадар улкан эканлигидан далолат беради, албатта.

Мустақиллик йилларида архив иши — архив ҳужжатларини бутлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва, айниқса, улардан ўтмишимиз ва бугунимизнинг турли йўналишларини ўрганиш натижаларини жамотчиликка етказиш йўлида фойдаланиш тизимида жуда кўп ишлар амалга ошириб келинмоқда.

1999 йили “Архивлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, у архив иши соҳаси бўйича миллий қонун ижодкорлигида қўйилган илк залворли қадам бўлганди. Ўтган қисқа давр ичида тўпланган миллий тажриба ва реал воқелик асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун архивларни шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда архив муассасалари фаолиятини тартибга солиш, Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган барча архив ҳужжатларини тўлиқ қамраб олиш, Миллий архив фондининг яхлитлигини сақлаб қолиш ва фуқаролар, жамият ва давлатнинг ижтимоий, маданий, илмий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида архив ҳужжатларини ҳисобга олиш, экспертиза қилиш, рўйхатдан ўтказиш, бутлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг ягона тартибини белгилашга қаратилган эди.

Шу билан бирга охирги ўн йил ичида сўз кетаётган соҳада жадал ривожланиш ва кўплаб ўзгаришлар юз берди. 2004 йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлигига айлантирилди, яъни архив иши соҳасига масъул давлат идорасининг мақоми оширилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Мазкур қарор ижроси йўлида Архив иши ва иш юритишни ривожлантириш дастури, Архив иши ва иш юритишни ривожлантиришнинг мақсадли мўлжаллари қабул қилинда (2008 йил). Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йилдаги Фармони билан эса Марказий давлат архивларини реконструкция қилиш ҳамда уларни техник модернизациялаш чора-тадбирлари белгилаб қўйилди. Бинобарин, мазкур жараён қонун ижодкорлиги соҳаcида ҳам ўз аксини топиши лозимлиги табиий вазифадир. Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг амалдаги “Архивлар тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан Агентликнинг ўзида ва бир қатор вилоятларда олиб борган назорат-таҳлил ишлари ҳам буни тасдиқлайди.

Негаки,биринчидан, амалдаги қонун “Архивлар тўғрисида” деб номлангани билан унда асосан архив ҳужжатларини бутлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш бўйича фаолият масалалари ўз аксини топган, яъни қонуннинг номи ва мазмуни ўзаро мутаносиб эмас;

иккинчидан, соҳа учун бош масала — архив муассасаси, идоравий архив, архив ҳужжати каби ҳар бири алоҳида-алоҳида амалий аҳамият касб этувчи, соҳанинг ўзаги ҳисобланмиш институтлар битта тушунча орқали таърифланганки, ушбу ҳолат қонуннинг ўзида ҳам, айниқса, ундаги қоидаларни ҳуқуқий қўллашда ҳам қарама-қаршиликлар ва муаммолар туғдирмоқда;

учинчидан, соҳа ҳолати ва ривожи учун мутасадди давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари очиб берилмаган, аниқ ва мақсадга мувофиқ тарзда белгилаб қўйилмаган;

тўртинчидан, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларини ҳисобга олиш, сақлаш вазифаси юклатилган жуда муҳим институт — Миллий архив фондини шакллантириш ва сақлаш билан боғлиқ мавжуд қоидалар бугунги кун талабларига жавоб бермайди;

бешинчидан, архив муассасаларининг мулк шаклига кўра турлари, уларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига доир масалалар қайта кўриб чиқишга муҳтож.

олтинчидан, архив ҳужжатларини ҳисобга олиш масаласи фақат Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари билан чекланиб, фондга киритилмаган ва янгитдан пайдо бўлаётган архив ҳужжатларини ҳисобга олиш тартиби умуман назардан четда қолган. Ваҳоланки, бундай ҳужжатларнинг сони ҳозирги кунда миллионлабдир.

еттинчидан, архив ҳужжатларини сақлашда асосий урғу доимий сақлаш институтига қаратилиб, архив ҳужжатларини муддатидан қатъи назар сақлаш талаби ва у билан боғлиқ умумий тартиб ўз аксини топмаган;
саккизинчидан, соҳа учун муҳим саналган бир қатор институтлар тушунча сифатида очиб берилмаган ёки умуман қонунда назарда тутилмаган;

тўққизинчидан, ташкилотлар қайта ташкил этилганда, хусусийлаштирил-ганда уларда мавжуд архив ҳужжатларининг келгуси тақдири каби муҳим масала умуман назардан четда қолган;

ўнинчидан, архив ҳужжатларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш каби муҳим масалалар ҳам саёз ёритилган;

ўн биринчидан, қонун кўпроқ Миллий архив фонди ва давлат архивларини назарда тутиб ёзилганлиги яққол кўриниб туради. Ваҳоланки, архив ҳужжатлари нафақат Миллий архив фонди ва давлат архивлари, балки нодавлат архивлар, идоравий архивлар, шахсий архив ҳужжатлари таркибида ҳам бутланиши, ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан фойдаланилиши мумкин. Реал воқелик ҳам аслида шундай;

ва, ниҳоят, ўн иккинчидан, қонун ҳозирги замон қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилишга жиддий муҳтождир.

Шулардан келиб чиқилган ҳамда соҳа мутасаддилари ва мутахассисларининг фикрини ҳам инобатга олган ҳолда “Архив иши тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида қуйидаги муаммолар ўзининг ҳуқуқий ечимини топиши назарда тутилмоқда:

биринчидан, қонунинг номи, мақсади ва мазмуни ўзаро ҳамоҳанг ҳолатга келтирилмоқда. Яъни у архив иши — архив ҳужжатларини бутлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни соҳасидаги муносабатларни тартибга солади;

иккинчидан, архив муассасаси, идоравий архив, архив ҳужжати каби ўзига хос муҳим институтлар моҳияти амалиётга мос равишда ажратилиб, ҳар бирининг ҳаққоний тушунчаси берилмоқда;

учинчидан, соҳа ҳолати ва ривожи учун мутасадди давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ ва мақсадга мувофиқ тарзда белгилаб қўйилмоқда;

тўртинчидан, Миллий архив фондини бутлаш ва сақлаш, айниқса, унинг таркибига киртитилган архив ҳужжатларини ҳисобга олиш масалалари аниқ ёритиб берилмоқда. Хусусан, архив ҳужжатлари Миллий архив фондининг таркибига киритилган архив фондларининг ҳажми ва таркиби тўғрисидаги асосий маълумотларни ҳисобга олиш вазифаси юклатилган янги институт — Миллий архив фондининг Давлат каталоги жорий этилмоқда. Миллий архив фондининг таркибига киритилган архив ҳужжатларининг фуқаролик муома-ласининг хусусиятлари билан боғлиқ қоидалар жорий этилмоқда;

бешинчидан, архив муассасаларининг мулк шаклига кўра турлари, уларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига доир масалалар бугунги кун талабига мос равишда қайта кўриб чиқилмоқда;

олтинчидан, архив ҳужжатларини бутлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш каби муҳим масалалар фақат Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари нуқтаи назаридан эмас, балки умумийликдан хусусийлик ва алоҳидаликка мезони асосида ёритиб берилмоқда;

еттинчидан, архив ҳужжатларини сақлаш масаласига сақлашнинг турлари ва муддатлари каби омиллардан келиб чиқиб ёндошилмоқда;

саккизинчидан, соҳа учун муҳим саналган бир қатор институтлар тушунча сифатида очиб берилмоқда (алоҳида қимматли ҳужжат, иш юритиш, ноёб ҳужжат, суғурта нусха, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар, ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси);

тўққизинчидан, хусусийлаштирилган, қайта ташкил этилган ташкилотлар архив ҳужжатларининг келгуси тақдири билан боғлиқ муаммо ечиб берилмоқда;

ўнинчидан, архив ҳужжатларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш каби муҳим масалаларни тартибга солувчи янги қоидалар киритилмоқда;

ўн биринчидан, лойиҳа ҳозирги замон қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан тайёрланиб, муайян йўналишларга биноан бобларга ажратилган ҳолда тақдим этилмоқда.

Шунингдек йиғилишда, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш) муҳокама қилинди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалар юзасидан фракциянинг нуқтаи-назари белгилаб олинди ва улар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Йиғилишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш Ижроия Қўмитаси девони ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар

Кўришлар сони: 11207

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими