Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши
2009 йил 11 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция йиғилишини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосари, ЎзМТДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Х. Дўстмуҳамедов олиб борди.

Фракция йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритилиши назарда тутилаётган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

“Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш).

Мазкур қонунни ишлаб чиқишдан асосий мақсад қишлоқда жадал ўзгариб бораётган ҳуқуқий муносабатларни замон талабларига мослаштириш, ишлаб чиқаришда ташкил бўлаётган инфратузилмаларни, хусусан сувдан фойдаланиш тизимини шакллантириш, унга таалуқли субъектларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, сувдан оқилона фойдаланиш механизмларини жорий этиш ва сувдан фойдаланишда қонун бузилишларининг олдини олиш мақсадида сувдан фойдаланувчи ва истеъмолчиларнинг жавобгарлигини кучайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларига ер бериш тартибини такомиллаштиришдан иборатдир.

Ушбу қонун лойиҳаси 11 моддадан иборат бўлиб, амалдаги 10 та қонуннинг 170 моддасига тўлдиришлар, таҳририй ўзгартишларни кўзда тутади.

“Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш).
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида суд ишларини юритиш турларидан қатъий назар демократик принципларга асосланган суд-экспертлик фаолиятини тартибга солувчи умумий нормалар қамраб олинган. Қонун лойиҳасида биринчи маротаба суд-экспертлик фаолияти тушунчаси, унинг принциплари, шу жумладан суд экспертининг мустақиллиги ва унинг хулосаси холислиги билан боғлиқ долзарб масалалар тартибга солинган.

Қонун лойиҳаси суд-экспертлик фаолиятининг барча ҳуқуқий асосларини қамраб олади.
Қонун лойиҳаси 6 боб ва 37 моддадан иборат.

“Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш).

“Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан ушбу қонун лойиҳасининг алоҳида қоидалари (экспертиза тадқиқотларининг объектлари, суд эксперти тушунчаси, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, эксперт бўлиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси, экспертиза тайинлаш ва ҳ.к.) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларининг айрим моддаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш).

“Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи низомини ва Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тавсифини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш).
Қонун лойиҳаси 3 моддадан иборат.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғининг Низоми ва тавсифини тасдиқлаш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғининг Низоми лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш тартибини, тақдирланиши мумкин бўлган шахслар таркибини белгилайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган шахсларга энг кам иш ҳақининг беш карраси миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофоти ёки шу қийматдаги эсдалик совғасини топширишни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғининг тавсифи лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғининг таркибий қисмлари, ўлчамлари, ранги, тасвирларнинг моҳияти ва бошқа тегишли маълумотларни белгилайди.

“Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2009 йил 25 февраль) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (биринчи ўқиш).
Шартномада ҳукм чиқарган давлат ҳудудида содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролигига эга бўлган маҳкумларни ўз давлатида жазони ўташни давом эттириш учун топшириш асослари шартлари белгиланган.
Шарнома кириш қисми ва 22 моддадан иборат.

Мазкур Шартнома доирасида Аҳдлашувчи Томонга шу давлатнинг фуқароси бўлган маҳкумни топшириш тартибини қўзғатиш учун ушбу шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг ёҳуд унинг қонуний вакилининг Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг марказий органига юборган аризаси асос бўлиб хизмат қилади.

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (иккинчи ўқиш).
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (иккинчи ўқиш).

“Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ва “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси (иккинчи ўқиш).

Йиғилишда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг нуқтаи-назари белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Йиғилишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш Ижроия Қўмитаси девони ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Кўришлар сони: 9440

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими