Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Музейлар фаолиятига бағишланган семинар

Музейлар фаолиятига бағишланган семинар

2013 йил 11 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Олимпия шон-шуҳрати” музейида “Музей ишининг хуқуқий асосларини янада такомиллаштириш амалиёти ва хорижий тажриба” мавзуида семинар ўтказилди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекмузей” жамғармаси вакиллари, Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Тарих институти мутахассислари, аспирантлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, Тошкент шаҳридаги музейлар раҳбарлари ва илмий ходимлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Маълумки, Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Қува, Қўқон, Тошкент каби қадимий шаҳарлар, маданий мероснинг минглаб археология, меъморчилик объектлари билан бир қаторда моддий мерос ашёларига ҳам ниҳоятда бойдир. Халқимизнинг бир неча минг йиллик сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маънавий тараққиётидан сўзловчи, фуқароларни, айниқса ёш авлодни ватанпарварлик, миллий истиқлол руҳида тарбиялаш, юрт ва миллат ўтмишининг билимдонлари бўлиб етишишларида беқиёс аҳамият касб этган мазкур ашёлар асосан музей муассасаларида сақлаб келинмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 100 га яқин музей фаолият кўрсатиб, уларда тахминан 2 миллионта атрофида музей ашёси сақланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йили қабул қилинган “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони музейшуносликни ривожлантиришда катта аҳамият касб этди. Чунончи, мамлакатимизда музейлар тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг фуқаролар маънавий-ахлоқий камолотида тутган ўрнини ошириш, музей фондларида сақланаётган ноёб, нодир ашёларни авайлаб асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш, музейларни замон талабларига мос юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳон музейшунослиги тажрибаларини қўллаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш вазифалари қўйилди.

Семинарда мазкур Фармон ҳамда “Музейлар тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси, хусусан, музей ишининг хуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва соҳага оид хорижий тажрибани ўрганиш хусусида сўз юритилди. Чунончи, ҳозирги пайтда “Музейлар тўғрисида”ги Қонунни рўёбга чиқариш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти ҳукумат томонидан тасдиқланган бўлса-да, Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ҳамда сақлаш тартиби ҳанузгача белгиланмаган. Ваҳоланки, музейчиликнинг энг биринчи вазифаси бу музей ашёларини ҳисобга олиш ҳамда сақлашдир. Шундан келиб чиққан ҳолда йиғилишда ҳукумат томонидан мазкур масала юзасидан тегишли тартибни тасдиқлаш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда музейлар тўғрисидаги қонун хужжатларининг амалда ижро этилиши масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди, жумладан “Музейлар тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини жойларда назорат-таҳлил қилиш жараёнида учраган қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқ далиллар асосида кўрсатилиб, уларни бартараф этишга эътибор қаратилди, мавжуд муаммоларнинг ечимлари кўрсатиб ўтилди.

Семинарда шунингдек музейлар тизими фаолиятини янада такомиллаштиришга оид муаммолар ва уларни ҳал этиш, музейшуносликда хорижий тажриба ва чет элларда сақланаётган моддий-маънавий бойликларни ўрганишнинг ҳуқуқий асослари, музей мутахасссиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш якуни бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларга юборилди.


Кўришлар сони: 9059

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими