Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш талаби кучайтирилади

Давлат бюджети маблағларидан  мақсадли фойдаланиш талаби кучайтирилади

Жорий йилнинг 17-19 сентябрь кунлари Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги қўмиталар томонидан «Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2013 йил биринчи ярим йиллиги ижроси якунлари»га бағишланган йиғилишлари бўлиб ўтди. Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари М.Мирзаев ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари депутатларга ўз ахборотларини тақдим этдилар.

Йиғилишларда 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари доирасида тизимли ва мақсадли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида иқтисодиётнинг изчил ўсиши ва мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик таъминланганлиги эътироф этилди.

2013 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари – 8,0 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 8,2 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми – 16,1 фоизни ташкил этди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 14,4 фоизга, чакана савдо айланмаси 14,6 фоизга, хизматлар кўрсатиш эса 12,1 фоизга оширишни таъминлади. Шунингдек, жорий йилнинг 1 ярмида машинасозлик ва металлни қайта ишлаш (23%), енгил саноат (15,1%) қурилиш материаллари саноати (11,9%), кимё ва нефт-кимё саноати (5,3%), озиқ-овқат саноатида эса (7,1%) жадал ривожланиш таъминланди.

Фан, таълим, маданият ва спорт соҳасидаги харажатлар.

Ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми, яъни 59,1 фоизини ташкил этган таълим муассасалари таъминоти ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 4 381,0 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Жорий ўқув йилидан бошлаб 1 синфлар учун инглиз тили фани киритилиши ҳамда инглиз тили ўқитувчилари учун қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида уларнинг тариф ставкаларига 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз устама ҳақлари тўлаш учун 29,2 млрд. сўм режалаштирилган.

Ҳисобот даврида “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида биринчи синф ўқувчилари учун ўқув қуроллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун бепул қишки кийим-бош ва пойафзал сотиб олиш учун 32,6 млрд. сўм, 64 та “Баркамол авлод” болалар марказларини капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлашга 5,6 млрд. сўм маблағ ажратилган.

2013 йилнинг 1 ярим йиллигида таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 381 та умумтаълим мактабларини, 159 та академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва уларни жиҳозлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Маданият, спорт ва оммавий ахборот воситалари учун харажатлар121,8 млрд. сўмни ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 1,6 фоизини ташкил этган.

Шунингдек, илм-фанни ривожлантиришга 62,3 млрд. сўм яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,4 фоизга кўп маблағ сарфланган. Жумладан, Давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга 39,5 млрд. сўм, шундан фундаментал ва амалий илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга 33,3 млрд. сўм, инновацион лойиҳаларни молиялаштиришга 6,2 млрд. сўм, қолган 22,8 млрд. сўм илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилган.

“Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига асосан илмий тадқиқот муассасаларида фаолият олиб бораётган катта илмий ходим-изланувчилар сони жорий йилда 2012 йилга нисбатан 363 тага кўпайган, ҳисобот даврида ушбу мақсадларга 2,7 млрд. сўм йўналтирилган.

Йиғилиш иштирокчилари юқорида эътироф этилган Давлат бюджети ижросидаги ижобий натижалардан келиб чиқиб, унинг ижросини маъқуллаган ҳолда 2013 йилнинг 1 ярим йиллигида Халқ таълими вазирлиги тизимида текшириш ўтказилган 3 389 та муассасаларнинг 2 958 таси ёки 87,3 фоизида 6,4 млрд. сўм миқдорида ноқонуний харажатлар қилинганлиги шунингдек Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимида текшириш ўтказилган муассасаларнинг 88,2 фоизида ёки 441 тасида 3,5 млрд. сўм миқдорида молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, шундан 394 тасида 3,2 млрд. сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар аниқланганлиги ва мазкур ҳолатнинг кейинги йиллардаги бюджет ижросида доимий равишда такрорланиб келаётганлигини эътироф этган ҳолда масалага янада жиддий ёндашиш зарурлигини таъкидладилар.

Савдо-саноат ва қурилиш тармоқларидаги харажатлар

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконстукция қилиш объектларида 350,0 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилди. Шунингдек, 292,5 млрд. сўми Республика йўл жамғармаси, 57,4 млрд. сўм эквивалентидаги маблағлар ҳукумат кафолати билан четдан олинган кредитлардир.

Ҳисобот даврида узунлиги 219,7 км автомобиль йўл участкалари, жумладан, Қўқон шаҳрини айланиб ўтадиган 15 км “Тошкент-Ўш” участкаси, “Тошкент айланма йўли” янги йўналиш участкасининг 8 километри, “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов” автойўли участкасининг 100 километрида қурилиш ва реконструкция ишлари ниҳоясига етказилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида инфратузилмани ташкил этиш ҳамда ривожлантириш учун «Микрокредитбанк»нинг 13 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилди.

Шунингдек, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида автомобиль газ баллонлари, арматура ва полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича иккита янги лойиҳа жорий этилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида жорий йил бошидан буён 15,8 минг янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Энг кўп кичик бизнес субъектлари саноат соҳасида (умумий сонининг 28,2 фоизи), савдо ва умумий овқатланиш (26,8 фоиз), қурилиш соҳасида (9,6 фоиз) ташкил қилинди. Фаолият кўрсатаётган кичик бизнес корхоналарининг умумий сони 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 4,6 фоиз кўпайди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари бюджет ижросида амалга оширилган ишлар билан бирга ўз ечимини кутаётган камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Жумладан, Республика йўл жамғармаси томонидан тузилган пудрат шартномаларига асосан 137,0 млрд. сўм маблағ молиялаштирилган, пудратчилар томонидан 75,9 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилган. Ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар жами 9,2 млрд. сўмни ташкил этган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларидаги сарф-харажатлар

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларига жами 670,1 млрд. сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилган. Жорий йилнинг 1 ярим йиллигида жами 44,8 млрд. сўмлик мелиоратив тадбирлар амалга оширилиб, 499,3 км очиқ коллекторлар, 25,4 км ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари, 1 та мелиоратив насос станцияси, 20 та мелиоратив тик қудуқлар, 18 та йирик гидротехник иншоотлар ва 814 та кузатув қудуқлари қурилиб битказилди ва режа кўрсаткичлари 109 фоизга бажарилган.

Бундан ташқари, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва замонавий агротехника услубларини жорий этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда илк бор 7,6 млн. тоннадан ортиқ ғалла ҳосили етиштирилди. Бунда ўртача ҳосилдорлик гектаридан 49,2 центнерни, жумладан суғориладиган ерларда 55 центнерни ташкил қилди ва 2013 йилга белгиланган тадбирларни амалга оширилиши натижасида республика бўйича 264 минг гектардан зиёдроқ майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши кутилаётганлиги қайд этилди.

Йигилиш якунида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2013 йилнинг 1 ярим йиллиги ижроси якунлари, шунингдек бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва молиявий қонун бузарликларнинг олдини олиш юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 11681

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими