Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қўмита эшитуви вазирликда ўтказилди

Қўмита эшитуви вазирликда ўтказилди

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг “Аграр соҳага оид қонунлар асосида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳолати ҳамда уларни такомиллаштириш масалалари ҳақида”ги ахбороти тингланди. Мазкур Қўмита эшитуви вазирликнинг мажлислар залида ташкил этилган кенгайтирилган сайёр йиғилиш доирасида амалга оширилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад соҳага оид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш орқали амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш зарурияти юзасидан билдириладиган амалий таклиф ва тавсиялар асосида Қўмитанинг тегишли қарорини қабул қилишдан иборат бўлди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Ш. Рўзиев тақдим этган ахборотда қайд этилдики вазирликнинг асосий вазифалари қаторида, жумладан қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган ягона агротехника сиёсатини амалга ошириш белгиланган. Ўз навбатида, вазирлик қишлоқ ва сув хўжалигига оид ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ишларини амалга оширади, соҳага оид амалдаги қонун хужжатлари мониторинги билан эса 4 нафар ходимдан иборат Юридик бошқарма шуғулланмоқда.

Таъкидландики, чорвачилик соҳасини тартибга солувчи “Наслчилик тўғрисида”ги ва “Ветеринария тўғрисида”ги қонунларда юклатилган вазифаларни сифатли ва кенг қамровда ижросини таъминлаш, уларнинг тегишли моддаларини ҳозирги кун қонунчилик техникасига мувофиқлаштириш лозим.

Таҳлилларга кўра, “Наслчилик тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида белгиланган наслли маҳсулотни (материални) экспорт ва импорт қилиш ҳамда 16-моддада белгиланган наслли маҳсулотни (материални) сертификатлаштиришдан ўтказиш тартибларини, шунингдек наслдор ҳайвонларни текшириш ва баҳолаш услубиётини ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Қонуннинг 24-моддасида наслчилик тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган бўлиб, бу борада Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида тавсиялар билдирилди.

Тадбирда Қишлоқ ва сув хўжалигидаги ҳуқуқий механизмлар қай даражада амалга оширилаётганлиги юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Айни пайтда, Қўмита жамоатчилик экспертлар гуруҳи аъзоларининг фикрича, аграр соҳани тартибга солувчи қонунлар ва улар асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатлари сонининг кўплиги, кўламининг кенглиги уларни битта йиғилишда атрофлича муҳокама қилиш имконини бермайди ва мавзу юзасидан жами 4 та йўналиш, яъни Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, Деҳқончилик тармоғини тартибга солувчи, Чорвачиликни ривожлантириш бўйича ва Сув хўжалигини тартибга солувчи қабул қилинган қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатларни алоҳида-алоҳида муҳокама қилиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Тадбир иштирокчилари соҳага оид қонунлар асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатлари кўламининг кенглиги нуқтаи назаридан мазкур Қўмита эшитувида асосий эътиборни кейинги йилларда жадаллик билан ривожлантирилаётган чорвачилик соҳасига доир меъёрий хужжатлар муҳокамасига бағишлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Шунингдек чорвачилик соҳасининг жадал билан ривожлантирилиши жараёнларидан келиб чиққан ҳолда “Мамлакатда чорвачилик соҳасини ривожлантириш жадаллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда иштирок этган мутахассислар ва экспертлар томонидан кўпгина қонун ҳужжатларида тарқоқ бўлган нормаларни бирлаштирувчи яхлит қонунлар ишлаб чиқилиши зарурлиги ҳақида амалий таклифлар билдирилди. Аграр соҳанинг нафақат чорвачилик соҳаси, балки бошқа йўналишлари бўйича ҳам кенг фикр алмашиниб, 2012 йил давомида барча мавзуга тааллуқли ташкилотлар ва идоралар томонидан атрофлича чуқур ўрганишлар ва таҳлиллар олиб бориш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекитон Либерал-демократик партиясига келиб тушган мурожаатлар асосида 20 дан ортиқ фермер хўжаликларининг муаммолари тадбирда иштирок этаётган вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари томонидан жойида ҳал қилинишига эришилди.

Тақим этилган ахборот ҳамда билдирилган амалий таклиф, фикр ва мулоҳазалар, муҳокамалар жараёнида олинган маълумотлар асосида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 8445

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими