Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

2021 йилда энергетика соҳасини қандай ислоҳотлар кутмоқда?

2021 йилда энергетика соҳасини қандай ислоҳотлар кутмоқда?

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада энергетика соҳасини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб, мазкур йўналишда амалга ошириладиган лойиҳа ва режаларни бирма-бир санаб ўтди. Хусусан, иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин, энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб бориши, нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни ва бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказиш лозимлиги таъкидланди.

Президент 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозори шакллантирилиши, биргина энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланганини мисол тариқасида келтириб ўтди.

2021 йил 12 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, “Энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида янги электр станцияларини барпо этиш ишларининг бориши бўйича истиқболдаги режалар” мавзусида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари иштирокида мунозара ташкил этилди.

Тадбирга Энергетика вазирлиги мутасаддилари ҳам таклиф этилди. Унда Мурожаатномада энергетика соҳаси бўйича илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг амалиётда рўёбини таъминлаш, жумладан белгиланган лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш механизми ва муддатлари, эришиладиган натижалар ҳамда алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар батафсил муҳокома қилинди.

Республикамизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талабини тўлиқ қаноатлантириш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан Халқаро молия институтлари ҳамда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳаларини давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга ошириш каби масалалар депутатлар диққат марказида бўлди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунга келиб, электр энергетикаси соҳасида ўнга яқин халқаро ҳамкорлар билан қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган шартномалар имзоланган. Ушбу шартномалар доирасида Навоий, Самарқанд, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида фотоэлектр қуёш электр станцияси, буғ-газ электр станцияси ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, генерация қувватларини оширишда эълон қилинган танловлар бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Халқаро молия корпорацияси ва Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 600 МВт ва қиймати 535 млн. АҚШ доллари бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича тендер савдолари давом этмоқда. Режага кўра, станциялар 2023 йилнинг биринчи ярмидан тўлиқ қувватда ишлашни бошлайди ва йиллик 1,05 – 1,240 млрд. кВт∙соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаради.

Тадбирда газ таъминоти масалалари ҳам депутатлар эътиборида бўлди. Таъкидланганидек, газ таъминоти соҳасини тубдан такомиллаштириш ва соҳани халқаро бизнес юритиш стандартлари даражасига олиб чиқиш мақсадида ОТБ халқаро консультанти – Arild Dyrseth (Норвегия) билан биргаликда “Ўзтрансгаз” АЖнинг Корпоратив трансформация режаси ва Ислоҳотлар йўл харитаси ҳамда табиий газ бозорини ташкил этиш бўйича таклифи ишлаб чиқилган.

Унга кўра, “Ўзтрансгаз”АЖни газ узатиш тизимининг ягона операторига айлантириш ва газ таъминоти бозорида эркин рақобат муҳитини яратиб, барча иштирокчилар (ишлаб чиқарувчи, йирик истеъмолчилар, трейдерлар ва хкз) иштирок эта оладиган Табиий газ биржасини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 апрелга қадар харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказиш ҳамда “мувофиқлик тизими” (комплаенс) ва коррупцияга қарши хизматларни шакллантиришни назарда тутадиган замонавий корпоратив бошқарув тизими жорий этилади. Молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш, 3 йиллик бизнес-режа ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси нуфузли халқаро консалтинг ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ташкилий самарадорликни ошириш ва жараёнларни оптималлаштириш мақсадида халқаро амалиётга мувофиқ “Ўзтрансгаз” АЖни газ узатиш тизимининг босқичма-босқич соф операторига айлантириш амалга оширилади.

Тадбирда таъкидланганидек, ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржа орқали табиий газни сотиш ва улгуржи истеъмолчилар табиий газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” АЖ эса фақат газ транспортировкаси билан шуғулланади.

Депутатлар бунга эришиш учун бир қанча бозор механизмларини назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигига эътибор қаратдилар. Хусусан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдириб ўтилди.

Табиий газни барқарор ва узлуксиз етказиб беришда бозор механизмларига ўтиш, хизматлар сифатини яхшилаш, халқаро бизнес амалиётига мувофиқ табиий газ савдосини эркинлаштириш, табиий газ биржасини ташкил этиш ва газ транспорт тизимини трансформация қилиш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш билан бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, тизимни рақамлаштириш ва бизнес-жараёнларни автоматлаштириш каби масалалар ҳам иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Қизғин муҳокама ва мунозарага бой тарзда ўтган тадбир якунида энергетика соҳасида келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан қўмитанинг тегишли таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 179

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2021
Депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) лавозимига номзодни сайладилар

2021 йил 15 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депу...

14.01.2021
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Таъкидлаш жоиз, таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснин...

14.01.2021
Икки нафар Ҳукумат аъзосининг номзоди кўриб чиқилди

Бугун, 2021 йил 14 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ун...

Тадбирлар тақвими