Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган фракциялараро амалий мулоқотига бағишланган йиғилишда Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси масъул ходимлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ички ишлар органларининг терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятида қийноққа солиш, шавқатсиз ва ғайри инсоний ёки қадр-қимматни камситувчи ҳаракатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолари қўлланилган шахсларни тўғри ижтимоий ҳаётга йўналтириш мақсадида Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида Пробация хизмати фаолияти йўлга қўйилди.


Шунингдек, тезкор-қидирув, тергов соҳасида қийноқларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларига келтирилган ва ушланган шахслар билан янги ташкил этилган 484 та сўровхоналарда суҳбат ва сўровлар ўтказилмоқда. Бу борада барча хатти-ҳаракатлар видеокузатув мосламалари орқали қайд этиляпти. Ушбу жараёнлар тергов департаменти раҳбари томонидан доимий кузатиб борилмоқда.

Шу билан бирга, тергов бўлинмаларида видео кузатув воситаларисиз ҳамда эшитиш мосламаларисиз адвокатлар ўзларининг ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашишилари учун алоҳида адвокатлар хоналари ташкил этилган. Тергов ҳибсхоналаридаги мавжуд терговчилар хоналарига жами 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видео кузатув воситалари ўрнатилди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш ва мамлакатимизнинг ҳалқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этилишини таъминлаш мақсадида махфий ҳисобланган айрим маълумотлар очиқ маълумотлар рўйхатига киритилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 54 та жазони ижро этиш муассасалари мавжуд. Шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхонларидир. Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқ маҳкумлар ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.


Таъкидлаш жоиз, 2020 йил 1 август ҳолатига кўра, АҚШда ҳар юз минг одамдан 639 нафари, Россияда 340 нафари, Туркияда 335 нафари, Беларусда 343 нафари, Ўзбекистонда 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.

Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан, 2 203 таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432 таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645 таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилган.

Ўтган давр мобайнида Жиноят-ижроия кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ушбу соҳадаги бир қатор ислоҳотларни қонуний мустаҳкамлади. Хусусан, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш мақсадида вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинди. Шунингдек, маҳкум ўз шахсий хавфсизлигини таъминлашни сўраб муассаса ёки органнинг ҳар қандай ходимига ариза (хабар) билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётган маҳкумларнинг телефон сўзлашуви йўқлов ва учрашувлар олиш сони икки бараварга кўпатирилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун жазо ўтаётган маҳкумларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди. Эътиборлиси, жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларни рағбатлантириш комиссияси таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳудудий вакиллари киритилди.


Тадбирда Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан бу соҳада галдаги вазифа сифатида 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилиши, биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилганда тўғридан-тўғри пробация назоратига олиниши ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилиши бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан фикр ва мулоҳазарлар билдирилди.

Шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.

Муҳокамалар якунида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш, умуман олганда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда Қонунчилик палатаси олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир якунида барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан 2021 Давлат дастурига киритиш учун Ишчи гуруҳга юборилди.


Кўришлар сони: 611

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.01.2021
Н.Исмоилов: 30 июль — Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланади

Дўстлик масофа танламайди, тил, дин ёки ирқ билан чегараланмайди. У нафақат инсонларни, шунингдек, халқларни...

28.01.2021
Н.Исмоилов: 2020 йилги Давлат дастури ижроси — депутатлар муҳокамасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Илм, маърифат ва рақамли иқтисо...

28.01.2021
Парламент дипломатияси: Ўзбекистон-Индонезия парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда ривожланади

Амалий руҳда кечган мулоқот давомида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига...

Тадбирлар тақвими