Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди

Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, “Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада оширишнинг муҳим масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбир Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқларида ҳам аёлларга ўзгача бир ишонч ва самимият билан “Аёлларимиз ҳаётий муаммоларни, оила ва маҳалладаги ўткир масалаларни, уларни бартараф этиш йўлларини, жамиятнинг томир уришини бошқалардан кўра яхшироқ биладилар. Улар ўзларининг меҳрибонлиги, юксак масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўла оладилар. Биз давлат ва жамият бошқарувида, вазирлик ва идораларда чуқур билим ва малакага эга бўлган ташаббускор опа-сингилларимизга раҳбарлик лавозимларини ишониб топшириш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз” деган эдилар.


Бугун республикамиз давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳасида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда оила ва ижтимоий муҳитни яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки ҳали хотин-қизларни ўйлантириб келаётган муаммолар, уларнинг сабаблари тўлиқ бартараф этилгани йўқ.

Маълумки, Хотин-қизларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири уларнинг бандлигини таъминлашдир. Муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда 1 миллион атрофида ишсиз аёл бор, бунга доимий иш ўрнига эга бўлмаган, мавсумий ишларда банд аёллар қўшилса, уларнинг сони 2-2,5 миллионни ташкил қилади. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёлғиз оналарни уй-жой билан таъминлаш масалалари  ҳам бугунги кундаги оғриқли муаммолардан биридир. Аммо кўплаб аёлларимиз мана шундай оғриқли дардларини кимга, қаерга айтишини, кимдан ёрдам олишини ҳар доим ҳам билавермайди.


Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга, аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган. Республикамиз БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларини йўқ қилиш ҳақидаги конвенцияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги конвенцияларига МДҲ давлатлари орасидан биринчилар қаторида қўшилди.

Мамлакатимизда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий замин, балки самарали институционал база ҳам шакллантирилди. Аёллар, оила масалалари парламент даражасида муҳокама қилинадиган бўлди. Сенатда алоҳида қўмита, Қонунчилик палатасида эса Оила ва аёллар масалалари комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Гендер тенгликни таъминлаш бўйича республика Комиссияси ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Давра суҳбатида иштирокчилар хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб, қўллаб-қувватлайдиган, чуқур таҳлил юритадиган яхлит тизим яратиш эҳтиёжи сезилаётганлигини муҳокама қилдилар ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича агентлик ташкил этиш масаласини ўйлаб кўриш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, барча даражадаги давлат ва жамоат ташкилотларида салоҳиятли, билимли, малакали аёлларни раҳбарлик вазифасига тайинлаш бўйича квоталаш тартибини киритиш таклифи ҳам мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.

Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 465

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2021
Депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) лавозимига номзодни сайладилар

2021 йил 15 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депу...

14.01.2021
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Таъкидлаш жоиз, таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснин...

14.01.2021
Икки нафар Ҳукумат аъзосининг номзоди кўриб чиқилди

Бугун, 2021 йил 14 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ун...

Тадбирлар тақвими