Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Чегараолди савдони ривожлантириш истиқболи ва имкониятлар

Чегараолди савдони ривожлантириш истиқболи ва имкониятлар

2020 йил 27 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ЎзЛиДеП фракцияси билан ҳамкорликда “Эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва чегараолди савдони ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуида видеоконференция ўтказилди.

Унда Инвестициялар ва ташқи савдо, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Ташқи ишлар, Адлия вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, эркин савдо зоналари чегара пунктларида, аэропортларда, темир йўл боғламаларида ёки мамлакатимизнинг бошқа божхона ҳудудларида ташкил этилади. Соҳани ривожлантириш мустаҳкам қонуний асосга эга бўлишни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан айтганда, 2020 йил 17 февралдаги “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун билан ушбу йўналишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди.

Тадбирда консигнация омборлари, махсус божхона ва солиқ режимлари бўлган ҳудудларни, шунингдек, товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончаларни ўз ичига оладиган эркин савдо зоналари хусусида тўхталиб ўтилди.


Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимизда илк “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ташкил этилди. Ушбу эркин савдо зонасида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, Афғонистон Ислом Республикаси билан ўзаро савдони янада эркинлаштириш, икки давлат тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ўзаро савдо ҳажмларини ошириш белгиланди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди. Жумладан, Афғонистон билан ўзаро савдо ҳажмини 2023 йилгача 2 млрд. АҚШ долларига етказишнинг аниқ чора-тадбирлари назарда тутилган.

Ўзаро муносабатлар жараёнида юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш учун икки мамлакатнинг иқтисодий субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри ишчи алоқалар ўрнатилган. Хусусан, Афғонистоннинг Балх ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти раҳбарлари бошчилигида чегара савдосини ривожлантиришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон — Афғонистон ишчи комиссиясининг мунтазам видеомулоқотлари йўлга қўйилган.

Чегара олди эркин савдо зонаси орқали, жумладан, товуқ гўшти, гигиеник воситалар, мебель маҳсулотлари, болалар кийимлари экспорти йўлга қўйилгани йиғилишда қайд этиб ўтилди. Мармар ва тош маҳсулотлари, тамаки ҳамда халқ истеъмол товарларининг экспорти ҳажмини ошириш, заргарлик йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларига ҳам урғу берилди. Шунингдек, Афғонистондан мева-сабзавот ва ёнғоқ каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва учинчи давлатларга реэкспорт қилиш мақсадида олиб киришни ташкил этиш имкониятлари ҳам ўрганилиши айтиб ўтилди.


Бинобарин, 2021 йилда Афғонистонга экспорт қилиш учун ун, нон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган қиймати 75,6 миллион АҚШ долларига тенг 7 та лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан масофадан туриб танишиш ва савдо қилиш, Афғонистон харидорларига www.cooperation.uz электрон порталининг савдо майдончасидан инглиз тилида фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Ушбу порталдан фойдаланишни Афғонистон ҳудудида кенг тарғиб қилишга тайёргарлик кўриляпти.

Конференцияда Президентимизнинг тегишли ҳужжатларидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, белгиланган вазифалар ва тасдиқланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мурожаатига кўра, “Қўнғирот” ва “Дўстлик” эркин савдо зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги топшириқ муддати 2020 йил 1 июлгача узайтирилгандан кейин ҳам беш ой ўтган бўлса-да топшириқ ижроси таъминланмаётгани айтиб ўтилди. Қорақалпоғистон Республикасида “Қўнғирот”, Андижон вилоятида “Дўстлик” эркин савдо зоналарини ташкил этишнинг қандай ўзига хосликлари, имкониятлари ва истиқболли жиҳатлари борлиги хусусида ҳам қизғин фикр алмашилди.

Конференцияда эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Давлат дастурида белгиланган топшириқлар ижросини тўлиқ таъминлашга қаратилган хулоса ва тавсиялар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 402

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2021
Депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) лавозимига номзодни сайладилар

2021 йил 15 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депу...

14.01.2021
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Таъкидлаш жоиз, таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснин...

14.01.2021
Икки нафар Ҳукумат аъзосининг номзоди кўриб чиқилди

Бугун, 2021 йил 14 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ун...

Тадбирлар тақвими