Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Очиқлик, ошкоралик ва холислик ахборот сиёсатининг ўзгармас қоидаларидир

Очиқлик, ошкоралик ва холислик ахборот сиёсатининг ўзгармас қоидаларидир

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Давлат бошқаруви тизими ва давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш” мавзусида видеосеминар ташкил этилди.

Онлайн тарзда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг масъул ходимлари ҳамда Агентликнинг Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек вилоят ҳокимликларининг Ахборот хизмати раҳбарлари, давлат органи муассислигидаги таҳририятлар бош муҳаррирлари ва мутахассислар иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, сўнгги 3-4 йил ичида мамлакатимизда давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, фуқароларнинг давлат идоралари фаолиятига оид ахборотлардан эркин фойдаланиш имкониятлари кенгайиши ва жамоатчилик муҳокамалари учун қулай шароитлар яратилиши ушбу соҳада янгича муносабат шаклланишига хизмат қилмоқда. Масалан, давлат бошқаруви тизими билан бир қаторда маҳаллий давлат органлари фаолиятида йўлга қўйилган Ахборот хизмати институти давлатнинг жамоатчилик билан алоқаларини янги босқичга олиб чиқди.

Тадбирда давлат бошқаруви тизимида яратилган очиқ ва шаффоф ахборот муҳити, марказий бошқарув органларининг ахборот хизматлари фаолиятининг бугунги ҳолати ва жамоатчилик билан алоқалар соҳасидаги ислоҳотларга оид кўрсаткичлар динамикаси, олиб борилаётган чора-тадирлар натижалари таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра, республика буйича жами 606 та Ахборот хизматлари фаолият олиб бормоқда. Шундан, давлат бошқаруви тизимида ва маҳаллий ҳокимият органлари ҳузуридаги Ахборот хизматлари сони 89 тани ташкил қиляпти. 2019 йилнинг 1 июлидан 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар республика бўйича Ахборот хизматларида мавжуд штатлар сони 433 тадан 1067 тага етган, ҳозирда уларнинг 544 таси ҳудудлар кесимидаги давлат органларининг Ахборот хизмати ходимларидир.

Семинарда қўмита аъзолари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни янги босқичга кўтаришда Ахборот хизматларининг аҳамиятини очиб беришга қаратилган аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, семинарда ҳокимликлар муассислигидаги таҳририятларни қўллаб-қувватлаш тадбирларининг сифатини, муаммоларни ўрганиш ҳамда таҳририятларда эркин ижодий ва иқтисодий шароитлар яратиш механизмининг замонавий услубларини қўллаш зарурлиги таъкидланди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муассис сифатида мажбуриятларини бажариш ҳолати, таҳририятларнинг АКТ воситалари билан таъминланиш даражаси, расмий веб-сайтлар ҳолати, нашрларнинг электрон шакллари мавжудлиги, таҳририятларнинг ижодий ва иқтисодий имкониятларини баҳолаш, эркин шароитлар яратиш ва қўллаб-қувватлаш ишлари Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги ҳолатлар мисолида атрофлича таҳлил қилинди.

Айниқса, босма нашрларни тарқатиш стартегиясини эҳтиёж ва талабдан келиб чиқиб ривожлантириш, ОАВнинг электрон ва веб-сайт шаклининг йўлга қўйилишидаги мавжуд амалиётни қайта кўриб чиқиш ва ижрочилар масъуллигини ошириш лозимлиги ўртага ташланди.

Статистика бўйича Ўзбекистондаги мавжуд ОАВлар сони 2015 йилдагига нисбатан қарийб 70 фоизга ошган (2020 йилда – 1777 та ОАВ). Улардан давлатга қарашли бўлган ОАВ сони 643 та (36,4 фоиз)ни ташкил этади. Бу эса жамоатчиликнинг босма нашрларга бўлган қизиқиши барқарор эканини ҳам кўрсатади.

Охирги даврда босма нашрларни тарқатиш билан боғлиқ жараёнлар тобора оқсаб, почта тизимида турли муаммолар юзага келган. Сўнгги тўрт йилда “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан матбуот тарқатиш ҳажми 3 баробарга камайиб, унинг жами матбуот тарқатишдаги улуши 13 фоизга тушиб қолган. Бу борада жорий йил октябрь ойида Президент раислигида ўтказилган “Маҳаллий почта тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари” мавзусидаги видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга босма нашрларни қўллаб-қувватлаш борасида матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш, даврий нашрларга онлайн обуна хизматини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг IV-бўлими 15-банди билан “Давлат бошқаруви тизимида ҳамда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш” йўналишида белгиланган муҳим вазифалар, шунингдек, давлат раҳбарининг қатор маъруза ва нутқларида билдирилган қатъий фикрлари ахборот маконида давлат органларининг иштироки информацион очиқлик муҳитини яратишга, ОАВ таҳририятларини ривожлантиришга ва уларнинг замонга хос шароитларга эга бўлишига қаратилгандир.

Онлайн видеосеминар давомидаги муҳокамалар асосида ахборот соҳасидаги ишларни ривожлантиришга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланди. Муҳокамалар якуни ва натижалари бўйича Қўмитанинг тегишли тавсиялари ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 224

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.10.2020
Таълим-тарбия масъулияти ва амалий натижалар

Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида қандай ислоҳотлар олиб борилмоқда? Уларнинг амалий натижалари...

28.10.2020
Жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилади

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада куч...

28.10.2020
Қонун лойиҳаси қурилиш сифатининг ошишига хизмат қилади

Қонун лойиҳаси билан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига ҳуқ...

Тадбирлар тақвими