Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Хотин-қизлар бандлиги таъминланса, жамиятда ижтимоий барқарорлик бўлади

Хотин-қизлар бандлиги таъминланса, жамиятда ижтимоий барқарорлик бўлади

Бугун жаҳонда коронавирус пандемияси салбий таъсир кўрсатмаган соҳанинг ўзи қолмади. COVID-19 туфайли жорий этилган карантин чоралари иқтисодиёт тармоқларининг тўлиқ қувватда фаолият юритишига тўсқинлик қилди. Шу боис, пандемия даврида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш орқали доимий даромадга эга қилиш масаласи барча давлатларда кун тартибига чиқди. Ўзбекистонда бу борада кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди, ва мазкур масала бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 минг нафари ёшлар, 834 минг нафари хотин-қизлардир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аҳоли бандлиги сиёсатининг асосий устувор йўналиши аёллар бандлигини таъминлаш ҳисобланади.

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири биринчи ўринбосарининг “Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ёш оилалар ўртасидаги ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтининг масъул раҳбар ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Аёлларнинг ижтимоий-психологик жиҳатдан барқарорлиги албатта, уларнинг бандлиги орқали таъминланади. Ахборотда айнан ушбу мақсадга эришиш йўлида қилинган ишлар, жумладан аёлларни муносиб иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва малакасини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда оилада аёлнинг ўрнини мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий-психологик ҳимоя қилиш орқали оилавий ажримларга барҳам бериш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ахборотда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида хотин-қизларнинг 14 минг нафари доимий ишга жойлашган, хақ тўланадиган жамоат ишларига 179 минг 933 нафар, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, томорқа ва бошқа йўналишларга 4 минг 404 нафари жалб этилган.

Шу билан бирга, қўлида ҳунари бор, тадбиркорликка малакаси етарли 11 минг нафар хотин-қизларга тижорат банклари томонидан 1 трлн.дан ортиқ кредитлар ажратилишига кўмаклашилган.

Хотин-қизларни миллий ҳунармандчилик (зардўзлик, каштачилик, гилам тўқиш) касбларига йўналтириш мақсадида махаллалардаги уста-хунармандларга “устоз-шогирд” анъаналари бўйича бириктириш ва касб-ҳунарга ўргатишга 4 873 нафар аёллар жалб этилган.

Ҳудудий “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” томонидан 12 минг 186 нафар хотин-қизлар қисқа ўқув курсларида ўқитилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган "Республика худудларида 2020 йилда оғир тyрмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш дастyри"га мувофиқ, жорий йилнинг январь-август ойлари давомида, 7 минг 706 нафар бандлиги таъминланиши лозим бўлган оғир тyрмуш шароитида яшовчи хотин-кизлардан 5 минг 460 нафарини бандлиги таъминланган.

Ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори бўлган 136 та маҳаллада маҳалла гyзарлари ва бошқа бўш тyрган жойларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари учун жой аниқланиб, 2158 нафар хотин-қизларни касбга ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида рўйхатлари шакллантирилган.

Ишсиз, боқувчиси бўлмаган, ёлғиз оналар ва муаммоси бор хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича “Аёллар дафтари”ни маҳаллабай юритиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Республика худудларида ишлаш ниятида бўлган уй бекаларининг ихтисослиrи бўйича бандлигини таъминлаш ва ишга жойлаштириш юзасидан Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда "йўл харитаси" ишлаб чиқилиб тасдиқланган. Аниқланган 1400 нафар аёлни ишга жойлаштириш юзасидан аник вазифалар белгиланган.

Депутатлар амалга оширилган ишларни эътироф этган ҳолда мазкур йўналишдаги айрим камчиликларга тўхталиб ўтдилар. Хусусан, ҳудудларда 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшаётгани, уларнинг аксарияти профлактик ҳисобда туриши, бу албатта, қилинган ишлардан кўра қилинадиган ишларнинг салмоғи қанчалик кўп эканлигидан далолат бериб турибди/

Республикада 2020 йилнинг 8 ойи давомида оилавий ажралишлар 16 минг 878 та, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 минг 333 та кам оилавий ажралишлар рўйхатга олинган. Мазкур ажримлар натижасида жорий йилнинг ўзида республика бўйича 14 минг 528 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган. Тўлиқсиз оилада вояга етаётган фарзандларнинг тарбияси оғир оқибатларга олиб келаётганлигини, бу бўйича вазирлик томонидан олиб борилаётган ишлар етарли бўлмаётганлиги депутатлар томонидан танқид остига олинди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласида қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ўртага ташланди.

Йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди. Қизғин бахс-мунозаралар тарзида, таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 140

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.10.2020
Таълим-тарбия масъулияти ва амалий натижалар

Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида қандай ислоҳотлар олиб борилмоқда? Уларнинг амалий натижалари...

28.10.2020
Жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилади

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада куч...

28.10.2020
Қонун лойиҳаси қурилиш сифатининг ошишига хизмат қилади

Қонун лойиҳаси билан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига ҳуқ...

Тадбирлар тақвими