Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Янги  таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси аъзолар ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа координаторлари билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир видеокоференц-алоқа тарзида ўтказилди.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзолари, сиёсий партиялар фракцияларидан депутатлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур халқаро тадбирни очар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов жумладан, қуйидагиларни таькидлади: “Қонун лойиҳасини дунёдаги шу соҳанинг кучли экспертлари билан ўзаро муҳокама қилиниши, қонуннинг асл мақсад ва моҳияти, унда яратилаётган имкониятларни батафсил тушунтирилиши халқаро экспертлар томонидан ҳуқуқий таҳлил тайёрлаш жараёнига холис ёндашишга имкон беради.

Тадбир иштирокчилари томонидан ушбу қонун лойиҳасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўрнатилган талаблар, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг, Инсонийлик мезонлари бўйича ЕХҲТнинг тавсиялари ўз аксини топгани, шунингдек, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, диний қадриятлари ва бугунги кун воқелиги ҳам инобатга олинганлиги эътироф этилди.

Сўнгги 4 йилда мамлакат тараққиётининг барча соҳаларида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига ўтди. Ватанимизда ташқи, ички сиёсат, хусусан, иқтисодиётни эркинлаштириш ва барча соҳаларни ривожлантириш жараёнида миллий ва умуминсоний қадриятлар, айниқса, диний эркинлик ва бағрикенгликни реал ҳаётда амалга оширишда янги давр бошланди. Эътиборли жиҳати мамлакатимиз халқимиз кўз ўнгида бўлгани каби жаҳон ҳамжамияти эътирофида ҳам янги Ўзбекистон намоён бўла бошлади. Рўй бераётган туб ўзгаришларнинг мантиқий исботи сифатида виждон эркинлиги ва диний ташкилотларга оид янги қонун лойиҳаси яратилди.  

Лойиҳада соҳага оид муносабатларни тартибга солиш ягона қонунга бирлаштирилиб, кўпгина атама ва тушунчаларга аниқлик киритилмоқда, ваколатли давлат органларининг вазифалари конкретлаштирилмоқда.

Бу борада диний ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилиб, амалда бўлган қонундаги бир қатор чекловларга ҳам барҳам берилмоқда.

Жумладан, қонун бузилишига йўл қўйган диний ташкилотлар фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш фақат суд тартибида амалга оширилиши ва уларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 6 ойгача имкон бериш каби қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.

Диққатга сазовор томони, янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига келиб тушганидан сўнг, уни биринчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган қонун лойиҳаси юзасидан фуқароларимиз, жамоатчилик вакиллари, халқаро ташкилотлар ўз таклифларини билдиришмоқда. Ўтган бир ой мобайнида фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари томонидан 500 га яқин таклифлар келиб тушди ва аҳоли томонидан ижобий қарши олинди. Масъул қўмита аъзолари томонидан ҳар бир таклиф устида бир неча маротаба ишланди. Лойиҳада инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, динлараро бағрикенгликка алоҳида этибор қаратилганлиги халқаро экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Тадбирда Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва инсон ҳуқуқлари борасида самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан тилга олинди.

Дарҳақиқат, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, мамлакатимизда динлараро тотувлик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашга, шунингдек, фуқароларнинг диний ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳамда жамиятда виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик тамойилларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ушбу жиҳатлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қайд этилди.

 


Кўришлар сони: 347

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.10.2020
Таълим-тарбия масъулияти ва амалий натижалар

Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида қандай ислоҳотлар олиб борилмоқда? Уларнинг амалий натижалари...

28.10.2020
Жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилади

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада куч...

28.10.2020
Қонун лойиҳаси қурилиш сифатининг ошишига хизмат қилади

Қонун лойиҳаси билан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига ҳуқ...

Тадбирлар тақвими