Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қўмитада Сув хўжалиги вазирлигининг ахбороти эшитилди

Қўмитада Сув хўжалиги вазирлигининг ахбороти эшитилди

2020 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси Сув хўжалиги вазири ўринбосарининг “Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитди.

Қўмита эшитувида таъкидланганидек, ўтган давр оралиғида иқлим ўзгариши ва бошқа антропоген таъсирлар оқибатида Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва шу каби йирик дарёлар шаклланадиган музликлар ўртача 30 фоизга қисқариб, дарёларнинг сувлилик даражаси пасаймоқда.

Глобал иқлим ўзгариши, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли йиллик олинаётган сув белгиланган лимитига нисбатан ўртача 20 фоизга қисқарган. Бугунга келиб Ўзбекистон аҳолиси эса 34 миллион кишидан ошди, аҳоли жон бошига ўртача 1 500 м3 сув тўғри келмоқда. 2030 йилгача аҳоли сони 39 млн нафаргача кўпайиб, бу кўрсаткич 1 250 мга тушиб кетиши мумкин. Бу шароитда республика аҳолисининг ичимлик сувига бўлган талаби 2,3 миллиард куб метрдан 3,0 миллиард куб метрга етиши кутилмоқда. Шунингдек, саноат ва энергетика соҳалари фаол ривожланиб, йиллик сув истеъмоли 1,9 миллиард куб метрдан 2030 йилга бориб 3,5 миллиард куб метрга етади.

Бундан кўриниб турибдики, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлаш учун қишлоқ хўжалигига ажратилган сувнинг улушидан камаяди. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантиришнинг 11 та устувор йўналишлари белгиланган. Ушбу устувор йўналишларни амалга ошириш орқали мамлакатимизнинг барча иқтисодиёт тармоқларини сув билан кафолатли таъминлаб сув хавфсизлигига эришиш кўзда тутилган.

Қайд этилганидек, концепцияга мувофиқ ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, сувни етказиб бериш учун давлат томонидан қилинаётган харажатлар истеъмолчилар томонидан қоплаш механизмлари босқичма-босқич жорий қилинади, сув хўжалиги соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилади.

Концепциянинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ҳар уч йилда тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш стратегиялари орқали босқичма-босқич амалга оширилади. Фармоннинг «Йўл харита»сига асосан Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг дастлабки 3 йиллик стратегияси ишлаб чиқилган. Стратегиянинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида видеоконференция кўринишида муҳокама қилиниб, тегишли таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда депутатлар сув хўжалигида уч йил ичида барча нуқталарни онлайн маълумот узатиш қурилмалари билан жиҳозлаш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан ҳам қизиқдилар.

Қўмита эшитувида депутатлар аксарият сув хўжалиги объектларидан 50-60 йилдан буён фойдаланиб келинаётганлиги сабабли, уларнинг техник ҳолати талабга жавоб бермаслиги, сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилаётганини ҳисобга олиб, уларни бартараф этиш бўйича вазирликка ўзларининг таклифларини бердилар.

Тадбир якунида муҳокама этилган масала юзасидан қўмита ва вазирликнинг ўзаро ҳамкорликда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди ва қўмитанинг таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли қарори қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 220

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2020
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, барча соҳада инновацион технология ва илғор ғояларни қўллаш,...

18.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Имтиёзли кредитлар ёшларнинг таълим олишини кафолатлайди

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қара...

17.09.2020
Коронавирус пандемиясига қарши кураш масалалари Туркий тилли давлатлар Парламентлари муҳокамасида

Коронавирус бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Маълумотларга...

Тадбирлар тақвими