Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатларнинг жиддий эътирозига нима сабаб бўлди?

Депутатларнинг жиддий эътирозига нима сабаб бўлди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг ижроси юзасидан Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Давергеодезкадастр» қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, мазкур фармон юртимизда йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш мақсадида қабул қилинган эди.

Йиғилишда дастлаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов сўзга чиқиб, Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"ни тузиш белгиланганлигини таъкидлади. Шунингдек, мазкур концепцияни амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш ва давлат-хусусий шерикликни жорий этиш ҳақида ҳам айтиб ўтди. Албатта, ушбу вазифалар нафақат вазирликлар, балки Қонунчилик палатасининг Аграр ва ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутатлари зиммасига ҳам масъулият юклаши, шу маънода, мазкур концепцияни амалга ошириш, уни ҳаётга татбиқ этишда депутатлар ҳамда вазирликлар билан ҳамкорликда иш юритиш лозимлиги қайд этилди.

Ҳисоботда келтирилишича, фармон билан қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси тасдиқланди. Концепция доирасида 2019-2030 йилларда қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан жами 1,1 млн. гектар, шундан, 2019-2024 йилларда 298,5 минг гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш режалаштирилган.

Режага мувофиқ, ўтган 2019 йилда 72,6 минг гектар, шундан 38,6 минг гектар қишлоқ хўжалигида оборотдан чиққан суғориладиган ерлар ҳамда 34 минг гектар ер ости сув заҳираси мавжуд лалми ва яйлов ерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 апрелдаги баёни билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилнинг апрель-май ойларида фойдаланишдан чиққан ва сув заҳираси мавжуд бўлган жами 38,4 минг гектар ерларни фойдаланишга киритиш белгиланиб, 143 та лойиҳаларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди ҳамда ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 158,4 млрд сўм маблағ ажратилган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 майдаги  “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020 йилда жами 280,1 минг гектар, шундан, 125 минг га қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ва 155,1 минг га ер ости сув заҳираси мавжуд ерларни ўзлаштириш белгиланган.

Фойдаланишга киритилган майдонларнинг 41 минг гектарига қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, 6,3 минг гектарига озуқа экинлари, 5,7 минг гектарига шоли, 4,8 минг гектарига дуккакли, 2,7 минг гектарига мойли, 2,7 минг гектарига сабзавот, 1,7 минг гектарига полиз, 44 гектарига картошка, 1,6 минг гектарига пахта, 1,1 минг гектарига ғалла ва 5 минг гектарига бошқа экинлар экилган. Бундан ташқари 5,1 минг гектар интенсив боғ, 3,7 минг гектар токзор ва 557 гектар тутзор барпо этилган.

Эшитув давомида Концепция доирасида 2019-2022 йилларда экинларни суғоришда 253,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгилангани алоҳида қайд этилди.

2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда 43,8 минг гектар майдонларда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда томчилатиб суғориш тизими ғўза майдонларида 20,2 минг гектар, боғ майдонларида 7,9 минг гектар, токзорларда 4,5 минг гектар, бошқа қишлоқ экинларда 1,7 минг гектар, ёмғирлатиб суғориш тизими эса бошоқли дон экинларида 622 гектар, сабзавот экинларида 404 гектар, озуқабоп экинларда 733 гектар ва дискретли (пульсар) суғориш тизими ғўза экинларида 4,2 минг гектарда жорий қилинган.

Тадбирда ерларни қайта фойдаланишга киритиш тадбирлари айрим худудларда суст даражада олиб борилгани депутатларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Жумладан, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига 2019-2024 йилларда ўзлаштирилиши белгиланган Наманган вилоятида 11,5 минг гектарнинг 15,5 фоизи, Қорақалпоғистон Республикасида 91,7 минг гектардан 18 фоизи ва Қашқадарё вилоятида 69,5 минг гектар майдоннинг 23,2 фоизи қайта фойдаланишга киритилган.

Туманлар кесимида ушбу ҳолат таҳлил қилинадиган бўлса, айрим худудларда бу кўрсаткич паст даражада. Яъни, Асака, Улуғнор, Чуст, Бўстонлиқ, Пискент, Шеробод, Зарбдор ва Арнасой туманларида 10-12 фоиз, Мингбулоқ, Кегейли, Қўнғирот, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманларида 6-8 фоиз, Қарши, Қамаши, Китоб, Миришкор, Муборак, Нишон, Мирзачўл, Тўрақўрғон 1-5 фоизга бажарилган бўлса, Мархамат, Жалақудуқ, Касби, Деҳқонобод ва Бойсун туманларида ушбу тадбирлар ҳалигача бошланмаган.

Бугунги кунда ҳатто бир қарич ерни фойдаланишга киритиш масаласи ўта муҳим ҳисоблансада, юқоридаги туманларда бу тадбирлар суст даражада олиб борилиши ташвишли ҳолат эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан Фармоннинг “Йўл харитаси”даги 13 ва 36-бандлари бўйича масалалар, бугунги кунда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида картошка экиш бўйича муаммо мавжудлиги, Андижон вилоятида ердан тўғри фойдаланишда кадастр ходимларининг етишмаслик масалалари, Тошкент вилоятида “е-ijroauksion” ягона электрон савдо майдончаси орқали олинган ерлар бўйича муаммолар кўтарилганлиги ва бу масалаларга алоҳида эътибор бериш зарурлиги қайд этилди.

Видеоконференция якунида ушбу Фармоннинг ижросининг кейинги муҳокамаси жорий йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича ўтказилиши белгиланди.

 

 


Кўришлар сони: 599

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...

Тадбирлар тақвими