Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатлар одил судлов самарадорлиги ва қонунчиликни муҳокама қилдилар

Депутатлар одил судлов самарадорлиги ва қонунчиликни муҳокама қилдилар

Жорий йилнинг 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан видеоконференц алоқа режимида “Одил судлов самарадорлиги ва қонунчилик” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда депутатлар, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, судъялар олий мактаби, Бош прокуратура, Адвокатлар палатаси, мутахассис ва экспертлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Яқинда давлатимиз раҳбари суд тизимини такомиллаштириш масаласидаги мажлисда “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”, дея таъкидлаб ўтган эди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судлов самарадорлигини таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилган тизимли ва кенг кўламли ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Бироқ, шунга қарамай Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар томонидан жорий йилнинг июнь ойида жойларда олиб борилган мулоқотлар давомида суд ишларида ортиқча бюрократиянинг сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришда такрорловчи босқичлар мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари томонидан очиқчасига айтиб ўтилган эди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 24 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон айнан мана шундай муаммоларнинг ечимини таъминлашга қаратилгани билан аҳмиятлидир.

Масалан, депутатлар томонидан ўтказилган мулоқотлар давомида жойларда аҳоли “маъмурий суд фуқароларни ҳимоя қилишдан кўра, кўпроқ уларни жазолаш билан шуғулланяптику” деган эътирозларини айтишган эди. Эндиликда фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш белгиланди. Бу эса маъмурий суднинг ўз табиатига мос келадиган, яъни фуқаро ва тадбиркорларни мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати ва қарорларидан ҳимоя қилиш билан шуғулланишига шароит яратади.

Қолаверса, туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнига туманлараро маъмурий судларининг ташкил этилиши туфайли судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан холи ва мустақил фаолият юритишлари таъминланади.

Шунингдек, фармон билан прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра, жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда.

Эътиборлиси шундаки, жойларда одамлар суднинг турли инстанцияларида ишлар якуний ечимини топмасдан узоқ муддат давомида сарсон бўлаётганликларини айтишган эди. Йиллар давомида келаётган ушбу муаммо Фармонда ўзининг ижобий ечимини топди. Яъни энди “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади. Натижада, ишни назорат татибида кўриш институти бекор қилинади, суднинг тегишли апелляция ва кассация босқичида эса иш бўйича якуний тўхтамга келинади, суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади, пировардида одамлар сарсон бўлишининг олди олинади.

Семинарда сўнгги йилларда Олий суд томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан самарали фойдаланилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Чунончи, судьянинг муайян ишни қонуний ва адолатли ҳал этишда таянадиган “қуроли” бу – қонун. Бироқ, қонун лойиҳаларини Олий суд томонидан парламентда ҳимоя қилиш ва маромига етказишда афсуски ўз ечимини кутиб турган масалалар ҳам бор.

Шу боис, қонун ижодкорлиги борасида Олий суд ва парламент жуда яқиндан ҳамкорликда ишлаши талаб этилади. Фармонда Олий суд тузилмасида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармасини тузишнинг кўзда тутилганлиги эса суд ҳокимиятининг қонун ижодкорлиги фаолиятида профессионал иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Қизғин савол-жавоб руҳида ўтган семинарда мутахассислар суд қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида уларни инвентаризациядан ўтказиш ва бир қатор кодекс ва қонунларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклиф ва тавсиялар беришди. Айниқса, яқин кунларда ишлаб чиқиладиган суд қонунчилигини такомиллаштиришга оид қонун лойиҳаси ниҳоятда пухта бўлиши, амалиётда низо келтириб чиқармаслиги ва энг асосийси фармон билан назарда тутилаётган ислоҳотларни ўзида тўлиқ мужассам этган бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 


Кўришлар сони: 432

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2020
ЎзХДП фракцияси таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш бўйича таклифлар тайёрлашга киришди

Пандемия билан боғлиқ қийинчиликларни енгиб ўтиш учун таълим тизимида улкан ва масъулиятли ишлар ...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

Тадбирлар тақвими