Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Парламентда судьялар мустақиллигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Парламентда судьялар мустақиллигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2020 йил 30 июнь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Маълумки, 30 июнь кунги видеоселектор йиғилишида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва коррупцияга қарши курашишга қаратилган 30 га яқин вазифалар белгиланган эди. Уларга кўра, масалан илғор хорижий амалиёт асосида, суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида ташкил этиш, Олий суд томонидан ишларни назорат тартибида кўрилишини бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, жорий йил якунига қадар суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизими жорий этилади.

Видеоселектор йиғилишида “ҳамма раҳбарларга суднинг фаолиятига аралашиш, судьяларни одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш таъқиқланиши” алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Айтиш жоизки, йиғилишда назарда тутилган бир қатор вазифалар бевосита Олий Мажлис палаталари масъуллигида амалга оширилади. Масалан, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари эндиликда доимий равишда ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчилик иштирокида мулоқотлар ўтказиб, соҳадаги муаммоларни маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб боришади. Парламентнинг масъул қўмиталари эса, ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишини таъминлайди ҳамда натижалари бўйича парламент эшитувларини ўтказиб боради.

Комиссия йиғилишида Давлат раҳбари томонидан видеоселекторда кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан “йўл харитаси” ишлаб чиқилишига келишиб олинди.

Охирги йилларда судни давлат ҳокимиятининг алоҳида ва  мустақил бўғини сифатида фаолият кўрсатишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бинобарин, суд ҳокимиятининг икки олий органи Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

Маъмурий судлар ташкил этилиши оқибатида фуқароларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг бюрократик тазйиқларидан суд орқали ҳимояланиш кафолатлари яратилди. Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи конституциявий мақомга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди.

Бироқ, шунга қарамай охирги кунларда судьяларнинг дахлсизлигига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 10 июль куни, жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг раиси Я.Беккамов, Жарқўрғон туман маъмурий судининг раиси Х.Рахимова ҳамда уларнинг ҳайдовчилари хизмат автотранспорт воситаларида, туман суди биноси томон ҳаракатланиб келаётганларида улар туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан туман марказига кираверишда ўрнатилган блок постдан ўтказилмагани борасида маълумотлар тарқалди.

Худди шундай, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига келиб тушган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 13 июль куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг судьяси А.Эргашев Гулистон шаҳар ҳудудига киришда ўрнатилган блок постдан ўтмоқчи бўлганида, унинг бошқарувидаги автотранспорт воситаси ўтказиб юборилмаган.

Судьянинг дахлсизлиги нафақат унинг турар жойига, хизмат хонасига, алоқа воситаларига, хат-хабарларига, балки унинг фойдаланадиган транспорти ва унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир, – дейди Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов. – “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 68-моддасига мувофиқ, судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади.

Йиғилиш аъзолари Судьялар олий кенгашидан юқоридаги ҳар иккала ҳолатни чуқур ўрганиш, қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганда, тўпланган материалларни мутасадди идорага ҳамда натижаси бўйича Комиссияга киритилиши юзасидан қарор қабул қилдилар.

Бундан ташқари, Комиссия қарори билан Бош прокуратурадан Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида судьялар дахлсизлигига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан суриштирув ҳаракатларини алоҳида назоратга олиш, Олий суддан эса судьялар мустақиллиги кафолатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш сўралди.

Шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг масъул қўмиталарига судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги қонунлар ижроси юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини парламентда эшитишни ташкиллаштириш топширилди. 


Кўришлар сони: 1507

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2020
ЎзХДП фракцияси таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш бўйича таклифлар тайёрлашга киришди

Пандемия билан боғлиқ қийинчиликларни енгиб ўтиш учун таълим тизимида улкан ва масъулиятли ишлар ...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

Тадбирлар тақвими