Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ёшлар парламенти: Мақсад ва вазифалар аниқ

Ёшлар парламенти: Мақсад ва вазифалар аниқ

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда? БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси қандай бўлиши керак?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда шу саволларга жавоб изланди.

“Ёшлар ва парламент” мавзуида ташкил этилган йиғилишни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов олиб борди. Унда депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мутасаддилари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, барча сиёсий партияларнинг Ёшлар қаноти раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

Видеоконференцияда Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшлар масаласига алоҳида урғу берилгани, натижада ёшлар ҳамда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси каби масалалар бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилангани айтиб ўтилди.


Таъкидланганидек, жаҳон парламентларида 30 ёшгача бўлган депутатлар 2 фоиздан сал кўпроқни ташкил қилади. Дунё миқёсида 30 ёшгача бўлган депутатлар 2016 йилда 1,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб бор йўғи 2,2 фоизга етган, парламентлар юқори палаталарининг 76 фоизида 30 ёшгача бўлган депутат ёки Сенат аъзолари умуман мавжуд эмас, 2016 йилдан бугунги кунга қадар ёш эркак парламентчилар сони ёш аёл парламентчиларга нисбаттан кескин ўсган.

Ўзбекистонда қизғин сиёсий курашлар остида ўтган сайловлар натижасида янги парламент қуйи палатаси депутатларининг таркиби шаклланди. Уларнинг 48 нафарини аёллар, 9 нафарини, яъни 6 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ўтган чақириққа нисбатан қарийб 3 фоизга кўпдир.

Йиғилишда БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияси лойиҳаси ҳақида ҳам сўз юритилди. Қайд этилганидек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан бир қатор давлат идоралари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи конвенциянинг концепцияси ва лойиҳасини ишлаб чиққан. Уни янада такомиллаштириш ва таклифларни олиш мақсадида бир қатор давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, шу билан бирга, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ҳам юборилган. Олинган таклиф ва тавсиялар натижасида конвенция лойиҳаси маромига етказилган. Айни вақтда ушбу ҳужжат кенг халқаро муҳокамасига тақдим этилган.

Сўзга чиққанлар Олий Мажлис палаталари ҳузурида ташкил этилаётган Ёшлар парламентининг мақсадлари, вазифалари ҳақида тўхталиб ўтишди.


Мазкур парламент ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, уларни сиёсий фаол қатламга айлантириш каби долзарб вазифалар қаторида йигит-қизларларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган масалаларни ўз ичига олиши зарурлиги белгиланди.

Шунингдек, йиғилишда хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги асосий иштироки ёшлар парламентини ташкил этиш орқали амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир давомида ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлик даражасини оширишга сиёсий партияларнинг роли қизғин муҳокама қилинди. Мамлакатимизда фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар, чунончи, ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш” ДП, “Адолат” СДП, ЎзХДП, Экологик партия Ёшлар қаноти вакиллари ўз чиқишида ёшлар ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлгини ошириш бўйича қилинган ишлар етарли эмаслигини таъкидлаб, истиқболда қилинадиган ишлар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини илгари суришди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан йиғилиш давомида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни тегишли мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ижросининг назоратини олиб бориш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаш учун келишиб олинди.


Тадбир ташкилотчилари

Ёшлар масалалари бўйича комиссия

Кўришлар сони: 474

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.07.2020
Хусусий бандлик агентликларига ишониш мумкинми? Соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бандлик. Аслида дунёнинг аксарият мамлакатлари учун ўта долзарб, айниқса, бугунги коронавирус панде...

06.07.2020
Аудиторлик ташкилотлари аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказади

Аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакалилик ва махфийлик принципл...

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

Тадбирлар тақвими