Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Диний эркинлик соҳасидаги ўзгаришлар — мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим қисми

Диний эркинлик соҳасидаги ўзгаришлар — мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим қисми

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, соҳадаги таклиф ва тавсияларни амалга ошириш бўйича 2018 йил 4 майдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг Қўшма қарорлари билан тасдиқланган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан парламент эшитуви видеоконференция тарзида ўтказилди.

Парламент эшитувида депутатлар, сенаторлар, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик институтлари, БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳид, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, мазкур бошқарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, АҚШнинг Давлат департаменти, мазкур департаментнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси, “Глобал иштирок институти” халқаро нодавлат ташкилоти, Бригам Янг университети вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов кириш сўзида 2017 йилнинг октябрь ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳид 15 йил давомида Ўзбекистонга илк ташриф буюргани, мазкур ташриф якунларида билдирилган 12 та тавсия эътиборга олинган ҳолда мамлакатимиз парламенти томонидан эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланганини айтиб ўтди.

Таъкидланганидек, пандемия кўп мамлакатларда диний муросасизликка олиб келди, нафрат уйғотувчи ҳисларни авж олдириш, вирус тарқалишида бошқа дин ва эътиқод вакилларини айблаш каби ҳолатлар ўткир тус олди. Эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган туб ўзгаришлар Ўзбекистонда юз бераётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг ажралмас таркибий қисми саналади. Бу ўзгаришлар Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган вазифаларида белгиланган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган Резолюциясининг қабул қилиниши тарихий воқеа бўлди.

Ўз навбатида, А. Саидов сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш, фуқаролик институтларининг ролини кучайтиришда, шунингдек, диний эркинлик соҳасида кўмак бериб келаётган барча халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Парламент эшитуви давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Д. Эшнаев ва Халқаро ислом академияси проректори И. Усмонов ахборотлари эшитилди.

Адлия вазири ўринбосари А. Тошқулов диний ташкилотларни ҳуқуқий тартибга солишда катта ўзгаришлар рўй бергани тўғрисида тўхталиб ўтди. Хусусан, рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божининг беш бараваргача камайгани, тақдим этиладиган ҳужжатлар сонининг сезиларли қисқартирилгани, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказувчи органга ҳар чоракда ҳисобот бериш бекор қилиниб, бир йилда бир маротаба электрон тарзда қисқартирилган ҳажмда маълумот тақдим этилиши, адлия органларининг диний ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати, диний ташкилот томонидан қонун ёки устав талабларига риоя этилмаганлиги учун БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима қўллаш тартиби бекор қилинганлиги келтирилди. Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида давлат ва дин ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда миллий, хорижий ва халқаро тажриба эътиборга олинганлиги таъкидланди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Д. Эшнаев “Йўл харитаси”га мувофиқ, амалга оширилган ишлар ва натижалар бўйича маълумот берди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 2277 та диний ташкилот фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 2094 тасини исломий диний ташкилотлар, шу жумладан, 2067 тасини масжидлар ташкил этади. Шунингдек, 166 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий ва 6 та баҳоий жамоалари, биттадан кришначилар жамияти ва буддавийлар ибодатхонаси ҳамда конфессиялараро Ўзбекистон Библия жамияти фаолият юритмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгаши ўзининг йиғилишларини йилига икки марта ўтказиб келмоқда.

Диний таълимда туб ўзгаришлар юз берди, илмий-тадқиқот фаолияти изчиллик билан олиб борилмоқда. “Йўл харитаси”да белгиланган халқаро учрашув ва тадбирлар мунтазам равишда ташкил қилинмоқда. Мисол тариқасида 2019 йил ноябрь ойида Тошкент ва Самарқандда АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти ҳамкорлигида ўтказилган “Дин ва қонун устуворлиги” мавзусида Ўзбекистон — Америка илмий-амалий семинарини келтириш ўринли.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, профессор И. Усмонов ўз чиқишида бугунги кунда республикада Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, 9 та мадраса, жумладан, 2 та ихтисослаштирилган хотин-қизлар билим юрти, Тошкент православ диний семинарияси, Тошкент протестант семинарияси каби ўқув муассасалари фаолият юритиб келаётганини таъкидлади. Мамлакатда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилган. Вилоятларда калом, ҳадис, фикҳ, ақида ва тасаввуф илми мактаблари очилган. Шунингдек, Ўзбекистон тўлиқ Инжил христианлари маркази, Ўзбекистон Инжил христиан-баптистлар черковлари иттифоқи фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншунослик”, “Фикҳ”, “Қуръон”, “Ҳадис” каби янги диний мутахассисликлар бўйича ўқув режаси жорий этилди. Академияда диний таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик”, “Ислом тарихи ва манбашунослик”, “Ақида” каби кафедралар очилди. Ушбу диний мутахассисликлар бўйича 100 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

Парламент эшитувида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳид нутқ сўзлади. У Ўзбекистонда эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида сезиларли ўсишга эришилганини эътироф этди.

Парламент эшитувининг бошқа иштирокчилари ҳам Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида муҳим ислоҳотлар рўй бераётганини таъкидлашди. Хусусан, диний конфессиялар вакилларининг айтишларича, қонунчилик ва амалиётдаги ўзгаришлар давлатнинг диний соҳадаги сиёсатини амалга ошириш йўлида реал ва жиддий қарорлар қабул қилганининг яққол тасдиғидир.

Қатнашчилар республикада COVID-19 пандемияси шароитида инфекция тарқалиб кетишининг олдини олишда турли диний ташкилотлар вакиллари ҳам катта ҳисса қўшишаётганини қайд этиб ўтишди. Турли конфессияларнинг етакчи намояндаларининг коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олиш бўйича аҳолининг кенг қатламлари ўртасида олиб борилаётган фаол тарғибот ва маърифий фаолияти мамлакатдаги санитария-эпидемиологик вазиятга ижобий таъсир этди.

Якунда парламент эшитуви иштирокчилари таклифларини инобатга олган ҳолда “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни самарали бажаришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1144

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.10.2020
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда қонунчиликдаги мавжуд камчилик бартараф этилади

Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда давлат-хусусий ...

21.10.2020
Давлат тилининг обрў-эътибори — бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан маърифий тадбир...

21.10.2020
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида бир қанча қонун лойиҳаси қуйи палата мажлиси кун тариби...

Тадбирлар тақвими