Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Макроиқтисодий барқарорлик, инфляцияни пасайтириш масалалари депутатлар назоратида

Макроиқтисодий барқарорлик, инфляцияни пасайтириш масалалари депутатлар назоратида

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляция даражасини пасайтиришга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг жорий йилнинг ўтган даврида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляция даражасини пасайтириш бўйича олиб борган ишлари тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Таъкидлаш лозим, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожатномасида 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш – иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги бош вазифа экани, шу йилдан бошлаб инфляциявий таргетлаш тизимини жорий қилишга ўтилгани таъкидлаб, бу борада Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги иқтисодий ўсиш билан инфляция ўртасида мувозанатни таъминлаши, ташқи хавф-хатарларни ҳисобга олиши зарурлига эътибор қаратган эди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳар чоракда юқорида санаб ўтилган вазирлик ва ташкилотларнинг мазкур йўналишда амалга ошираётган ишлари хусусида уларнинг ахборотларини эшитиб боришни режа қилган. Таъкидлаш лозим, мазкур амалиёт Қонунчилик палатаси фаолиятида янги йўналишдир.


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборотида пандемия шароитида макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳаларида ўсиш суръатларининг кескин пасайиб кетмаслиги борасида кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумотлар келтириб ўтилди.

Депутатлар ҳозирги синовли даврда мамлакатимизда камбағаллик муаммоси кескинлашиб кетиши эҳтимоли мавжудлиги, вазирлик ушбу масалани бартараф этиш буйича тизимли чора-тадбирлар кўриши лозимлигини таъкидладилар. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қайта ташкил этилган вазирлик олдига қўйилган вазифалар, хусусан, камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ мақсадларга йўналтирилган стратегияни ишлаб чиқишни аҳолининг манфаатларидан келиб чиқиб тезлаштириш бугуннинг энг долзарб масаласи экани қайд этилди.

Шунингдек, депутатлар жорий йилнинг биринчи чорагида инвестициялар, ташқи савдо ва экспорт ҳажми пандемия туфайли эмас, балки бошқа омиллар таъсирида қисқарганини таъкидлаб, вазирлик ушбу ҳолатнинг сабабларини чуқур ва атрофлича таҳлил қилиш лозимлигига эътибор қаратдилар.

Муҳокамалар чоғида “яширин иктисодиёт” улушини янада қисқартириш, унинг вужудга келиш омилларига қарши курашиш мақсадида вазирлик олдида турган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.


Молия вазирлигининг ахборотида эса пандемия даврида давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, заҳираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш борасида вазирлик томонидан олиб борилаётган тизимли ишларга вазир ўринбосари тўхталиб ўтди. Ахборотда таъкидланишича, бюджет даромадлари бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши бюджетдан молиялаштириладиган иш хақи, нафақа ва ижтимоий тўловларнинг муддатидан кечиктирмай тўлаб бориш имконини берган.

Депутатлар йилнинг ўтган даврида Давлат бюджетининг даромадлар қисми бажарилиши, харажатларнинг тўлиқ молиялаштирилгани, бюджет тақчиллигини қоплаш манбааларига алоҳида эътибор қаратишди. Ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг биринчи чорагидаги кўрсаткичлар тўлиқ ижро этилганлиги асосан ўтган йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботларнинг йил бошида топширилгани билан боғлиқ. Лекин, йилнинг иккинчи ва қолган чоракларида тадбиркорлик фаоллиги сусайиши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг узилиши туфайли бюджет тақчиллиги янада ортиши мумкинлиги ва унинг олдини олиш учун ноанъанавий чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.

Депутатларнинг сўзларига кўра, коронавирус пандемиясининг мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий вазиятга салбий таъсирини юмшатиш, унинг одамлар соғлигига таъсирини минималлаштириш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари фаолияти барқарорлигини сақлаб қолиш ва иқтисодий фаолликни босқичма-босқич тиклаш – бугунги куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Йиғилиш сўнггида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган ахборотлар маълумот учун қабул қилинди ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 195

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими