Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Фуқароларни рўйхатдан ўтказиш: муаммолар ечими ва ислоҳотлар

Фуқароларни рўйхатдан ўтказиш:  муаммолар ечими ва ислоҳотлар

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ички миграцияни либераллаштириш ва мақбуллаштириш, хусусан, прописка институтини тубдан ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифлар киритиш вазифаси белгиланган эди.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бугунги кунда долзарб масалалардан бўлиб келаётган ушбу вазифани амалдаги ижросига қаратилган бўлиб, соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

Жорий йил 6 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида фуқароларни рўйхатдан ўтказиш тизими ислоҳотлари масалаларига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди.

Видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, Ички ишлар вазирлиги, сиёсий партиялар фаоллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда паспорт тизимини, хусусан, унинг шахс ҳуқуқларини чекловчи нормаларни соддалаштириш ҳамда бекор қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, илгари мавжуд бўлган фуқароларнинг пропискасиз ишга жойлашишга бўлган чеклов олиб ташланди ҳамда пропискасиз фуқарони ишга қабул қилганлик учун жавобгарлик бекор қилинди. Вояга етмаганларнинг қонунда белгиланган муддатда паспорт олмаганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди.

Давра суҳбатида Президентимиз Фармони ижроси юзасидан жорий йил апрель ойида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунда белгиланган нормаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур ҳужжатлар асосида прописка тизимида кўп йиллардан буён фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган масалаларга ечим бўлиб хизмат қиладиган қатор янги механизмлар белгилаб берилди. Хусусан, соҳадаги ислоҳотлар рухсат бериш тизимидан босқичма-босқич огоҳлантириш хусусиятига эга бўлган тизимга ўтишга қаратилди.

Шунингдек, аҳолининг турган жойи бўйича ҳисобдан ўтиши онлайн шаклда Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилиши йўлга қўйилди. Фуқароларнинг вақтинча пропискасиз мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш муддати 5 суткадан 10 суткага узайтирилди. Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари енгиллаштирилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда барча фуқароларимиз учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Шу асосда узоқ йиллар давомида пропискаси бўлмаганлиги сабабли ўз номларига кўчмас мулк расмийлаштириш имконига эга бўлмаган шахсларнинг бу борадаги муаммоларига барҳам берилади. Бу эса, қанчадан қанча фуқароларимизнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатда ўтган ҳолда яшаш ҳуқуқини беради.

Давра суҳбатида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасининг бекор қилиниши ҳам маълум маънода адолатсизликнинг олдини олишга қаратилган норма эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ишлаб чиқилган қонунда фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда ўз номида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилаётгани эса яна бир муҳим масалалардан саналади.

Тадбир иштирокчилари соҳада шу каби амалга оширилаётган ислоҳотларни олдинга ташланган катта қадам ва катта янгилик сифатида эътироф этишди. Бу саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатимиз барча фуқарорларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Қизғин савол-жавоблар тарзида бўлиб ўтган давра суҳбати якунида мамлакатимизда паспорт тизимида амалга оширилган ислоҳотлардан аҳолининг хабардорлигини ошириш, шу билан биргаликда, соҳада белгиланган вазифаларни амалиётда тўлиқ ишлашида парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.


Кўришлар сони: 407

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими