Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қурилиш соҳаси коррупциядан қачон ҳоли бўлади?

Қурилиш соҳаси коррупциядан қачон ҳоли бўлади?

2020 йил 6 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитасида Қурилиш вазирлигининг “Соҳада коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Эшитувда қурилиш соҳасидаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупцияга шароит яратувчи нормалар ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоиз, қурилиш соҳасидаги Регламентларда бир қатор нормалар қурилиш вазирлиги тизимида ишловчи ходимлар учун коррупция ва бюрократияга сабаб бўлувчи омиллар сифатида қолмоқда.

“Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”да бу соҳада тегишли рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун такроран мурожаат қилинганда йиғим ундирилмаслиги белгиланмаган. Бу эса, амалиётда мурожаатчи томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилган ҳолда такроран мурожаат қилганда яна йиғим ундиришга шароит яратмоқда. Ваҳоланки, «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддасида тадбиркорлик субъектининг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмаслиги аниқ кўрсатилган.

Қайд этилганидек, “Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари” (ШНҚ) маънан эскирган. Ундаги бир қатор қоидалар замон талабларига мос келмаслиги билан бир қаторда фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларига ортиқча мажбурият юклайди. Масалан, “Шаҳарсозлик, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш”да муҳандислик тармоқларининг жойлашувини амалга оширишда троллейбус йўллари ва линиялари билан боғлиқ талаблар ҳамда ҳовли жой тармоқлари ва турар жой квартиралари ер участкаларининг ўлчамларини белгилаш бўйича посёлкалар билан боғлиқ қоидалар белгиланган. Бундан ташқари, ШНҚда таълим муассасаларни (кодоскоп, фильмоскоп, рулонлик диафильмлар, видеодвойка, трюмо, кондиционер БК-2500 и ҳоказо) жиҳозлашни белгиловчи нормалар ҳамон мавжуд.

Депутатлар бу борадаги фаолиятда коррупция ва бюрократиянинг олдини олиш билан бирга қонун ҳужжатларини амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалариларини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидладилар.

Эшитувда қурилиш обьектлари бўйича ўтказиладиган тендер (танлов) жараёнида энг кўп коррупция ҳолатлари рўй бериши алоҳида таъкидланди. Хусусан, капитал қурилиш объектларини қуриш учун ғолибларни аниқлашда манфаатлар тўқнашуви бевосита намоён бўлиши, бу борада шаффофлик ва очиқлиқнинг йўқлиги унда коррупцион ҳолатлар авж олишига олиб келиши билдирилди. Мисол учун, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида капитал қурилишда танлов савдолари тўғрисида”ги Низомда танлов савдолари ташкилотчиси танлов савдолари тўғрисида пудратчини камида 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида эълон бериши ёки потенциал пудратчиларга танлов савдоларида қатнашишга таклифнома жўнатиши белгиланган. Ушбу жараённинг дастлабки босиқичида танловда иштирок этадиган шахсларни белгилаш ҳуқуқи ташкилотчининг ўзига берилган.

Шунингдек, Низомнинг 35-бандида талабгорга қўйиладиган талаблар рўйхатидан ташқари, буюртмачи томонидан бошқа талаблар ҳам қўйилиши мумкинлиги ушбу жараёнда коррупция учун кенг имконият яратади.

Депутатлар ушбу низомга вазирлик томонидан ҳанузгача ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида натижали иш қилинмаганини танқид қилдилар.

Қурилиш тартиби бўйича қурилишнинг ҳар бир босқичини тугатгандан сўнг навбатдаги босқичга ўтиш алоҳида назоратга олинади. Лекин, амалда айниқса, бетон намуналарини юқори босим остида синов далолатномалари Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси лабораториясидан берилиши лозим бўлсада, ушбу жараённи ҳақиқатдан бажарилганлигини фақатгина қоғозларда кўриш мумкин бўлиб, бу борада электрон тизим яратилмаган.

2019-2020 йил апрель ҳолатига, прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида 38 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар, имтиёзли қурилиш материаллари ва бошқа моддий бойликлар талон-тарож қилинган. 2018-2019 йилларда қурилиш соҳасида 365 та жиноят содир этилган бўлиб, унинг 72 фоизи коррупция билан боғлиқ. Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 14 нафарини қурилиш вазирлиги тизими ходимлари ташкил қилган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигидан олинган маълумотларга кўра, Қурилиш вазирлиги ва тизимдаги идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга рухсатномалар беришда 2019 йил давомида жами 17418 та ҳолатда қонун бузилиши ҳолатларига қайд этилган.

Эшитув якунида Қурилиш вазирлигига қурилиш соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш, ўтказиладиган танлов (тендер)ларни ахборот технологияларини жорий этган ҳолда онлайн режимда ташкил этиш, доимий равишда “коррупцияга қарши ички аудит” олиб бориш, қурилиш соҳасида қонуности ҳужжатларини қисқартириш, ноаниқлик келтириб чиқарувчи ёки жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбурият юкловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўриш, вазирлик тизимида Жамоатчилик кенгашининг коррупцияга қарши курашишдаги иштироки ва ролини оширишга кўмаклашиш вазифаларини юклаш бўйича Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1173

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими