Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама марказида

ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама марказида

2020 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласига бағишланган кенгайтирилган қўшма йиғилиши видеоконференция тарзида бўлиб ўтди.

Видеоконференция йиғилишида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Марказий банк ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг мутасадди вакиллари иштирок этишди.

Маълумки, Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи бўйича қарор қабул қилишда, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлиги алоҳида таъкидланган эди.

Депутатлар ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон иқтисодиётига нима беради деган масалага алоҳида эътибор қаратишди. Ўтказилган иқтисодий таҳлилларга кўра ҳамкорлик қилиш натижасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ортиши, шу жумладан, саноатда тўқимачилик ва чарм-пойабзал товарлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари вужудга келиши тўғрисидаги тегишли вазирлик ва ташкилотлар мутасаддиларининг фикрларини тинглашди.

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик натижалари алоҳида бахс ва мунозараларга сабаб бўлди, чунки аъзо мамлакатлар нефт, газ қазиб олиш ва уни қайта ишлашда дунёда етакчилардан ҳисобланади. Иқтисодиётнинг ушбу тармоқларида кейинги пайтларда вужудга келган ҳолат, жаҳон бозорларида нархларнинг тез-тез ўзгариб турганлигига кўпкина депутатлар эътибор қаратди ва соҳа мутасаддиларидан бу борадаги уларнинг стратегик қарашларини баён этиб беришларини сўрашди.

Қўмиталар томонидан ЕОИИ давлатларидаги меҳнат миграцияси интеграциянинг энг муҳим масалаларидан бири сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон меҳнат мухоржирларининг чет мамлакатларда, шу жумладан, Россияда, ишлаши ва кун кечириши учун шароит топиши, патент тўловлари, рўйхатга туриш ва бошқа турли хил расмиятчиликлардан ўтиши боғлиқ харажатларга айни пайтда миллиардлаб доллар атрофида маблағлар сарфламоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддиларининг фикрича Ўзбеекистоннинг ЕОИИ яқин ҳамкорлик қилиши фуқароларимиз ушбу давлатларда патент олмасдан расмий ишга ёлланиш, меҳнат мухофазаси, касбга урганиш, малака ошириш, ижтимоий суғурта каби имкониятига эга бўлади.

Туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар очилиши, халқаро юк ҳамда йўловчилар ташиш ҳажмининг кескин ортиши кутилмоқда. Транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошишига имкон яратилиши йиғилишда айтиб ўтилди.

 

Шунингдек, йиғилишда иштирок этган экпертларнинг фикрича, интеграция жараёнлари узоқ муддатда ички бозордаги монополияларга чек қўйилишида ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Ҳар бир соҳада ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчиларга ЕОИИнинг умумий бозорида рақобатчиларнинг пайдо бўлиши Ўзбекистон иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ошишига олиб келади, маҳсулот
(иш, хизмат)ларнинг сифати ошиб нархлари пасаяди, провардида аҳолининг фаровонлиги ошади.

Шу билан биргаликда, йиғилишда ЕОИИ билан яқин ҳамкорликнинг кутилаётган айрим салбий оқибатлари ҳам эътироф этилди.

Жумладан, умумий бозорда яхши ривожланмаган, рақобатга тайёр бўлмаган тармоқлар ва корхоналар ҳисобига иқтисодиётимиз катта зарар кўриб қолиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат саноати (автомобилсозлик, озиқ овқат, фармацевтика ва бошқа соҳалар) 2 млрд. АҚШ доллари атрофида йўқотишга учраши, 100 мингга яқин иш ўринларини қисқариши провардида давлат бюджетига тушумлар камайиши мумкин.

Депутатлар томонидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи олдиндан белгиланган қоидалар орқали бошқариладиган ва низолар келишилган қоидаларга кўра, ҳал эта оладиган ташкилотга ҳали айланиб улугурмаганлиги танқидий баҳоланди. Таҳлилларга кўра, давлатларнинг муҳим манфаатлари тўқнаш келганда иттифоқ қоидаларини бир томонлама бузилиш ҳоллари кузатилмоқда.

Шунингдек, депутатлар ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (Иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоизни ташкил этувчи) Россия Федерацияси ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида бўлиб, улар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани ва оҳирги 2 йилда Россия рубли бир неча баравар қадрсизланганига тўхталган ҳолда ушбу мамлакат билан битта Иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришиш келгусида бизнинг иқтисодиётимизга салбий таъсири ҳақида ҳам таҳлиллар мавжудлигини қайд этишди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан ЕОИИда ягона божхона тарифларининг қўлланилиши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналар импорти ҳисобига амалга оширалаётган йирик инвестицион лойиҳаларни тўхтатиб қўйиш эҳтимоли мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари банк, молия ва бюджет, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорида ҳам интеграциялашувнинг дастлабки йилларида жиддий муаммолар вужудга келиши эҳтимоли борлигини кўрсатиб ўтдилар. Айниқса, мамлакатнинг мустақил макроиқтисодий, пул кредит ва валюта сиёсатини амалга оширишга маълум чекловлар вужудга келиши мумкинлигига эътибор қаратдилар.

Видеоконференция тарзида ўтказилган қўшма йиғилишда, депутатлар таъкидлашдики, Ўзбекистонни ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи жуда жиддий ва мураккаб жараён бўлиб, узоқ кузатувлар ва чуқур таҳлилларни талаб этади.

Йиғилиш якуни билан, муҳокама қилинаётган мавзу бўйича қўмиталар ўз олдида турган навбатдаги вазифаларни белгилаб олишди.


Кўришлар сони: 550

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими