Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат пенсия таъминотидаги муаммолар қачон ўз ечимини топади?

Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат пенсия таъминотидаги муаммолар қачон ўз ечимини топади?

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам бу йўналишга алоҳида урғу берган ҳолда, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож, пенсия ёшидаги қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидлаган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракцияси ва Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари томонидан бугунги кунда пенсия ва нафақа таъминоти масаласида фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган муаммолар ўрганилиб, таҳлил қилинган.

Жорий йил 3 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг видеоконференция тарзида ўтказган йиғилиши айнан пенсия ва нафақа тайинлаш ҳамда пенсия тизимини ислоҳ қилиш масаласи муҳокамасига бағишланди.


Видеомулоқот шаклида ўтказилган йиғилишда депутатлардан ташқари, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг масъул ходимлари ҳам иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосарининг “Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳолати, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар” мавзусида ахбороти эшитилди.

Ахборотда таъкидланганидек, бугунги кунда республикамизда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 млн. 678 минг нафарни ташкил этиб, аҳоли сонидаги улуши 10,9 фоизни ташкил қилмоқда (шундан, 3 млн. 313 минг нафари пенсия ва 365 минг нафари нафақалар олувчилар ҳисобланади).


2019 йилда 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар пенсиясининг энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори энг кам иш ҳақи (пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори)нинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилди. Бундан ташқари, 1-гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчи шахсларга энг кам иш ҳақи (пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори)нинг 25 фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча тўловлар жорий этилгани маълум қилинди.

Давлат пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, биргина 2019 йилнинг ўзида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, соҳага оид 3 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та Фармони қабул қилинди.

Пенсия миқдори ва муддатлари тўғрисида маълумотларни жамғармага келмаган ҳолда олишлари учун пенсионерларга интерактив хизматлар жорий қилинди, 2,4 млн. нафардан ортиқ пенсия ва нафақа олувчиларнинг мобиль телефонлари “SMS-pensiya” интерактив хизматига уланди. Албатта, тизимда олиб борилган ижобий ишлар билан бирга, қатор муаммолар борлиги ҳам таъкидланди.


Жумладан, депутатлар томонидан тизимда йиллар мобайнида ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолаётгани, бунинг оқибатида фуқароларнинг пенсияга оид ҳуқуқ ва манфаатларига путур етаётганига эътибор қаратилди. Хусусан, қўшма йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги) ишлаб, пенсияга чиққан шахслар бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ пенсия олаётгани билан боғлиқ масала муҳокамалар марказида бўлди.

Айтиш керакки, депутатлар ўз сайлов округларида бўлганида, фуқаролар, мутасадди идоралар вакиллари билан бевосита мулоқот асосида ушбу муаммоли масалани атрофлича ўрганиб, таҳлилий маълумотларни тайёрлаганлар.

Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқишда, айрим муаммолар келиб чиқяпти. Хусусан, ўз вақтида жамоа ва давлат хўжаликлари (колхоз, совхоз)да меҳнатда иштирок этиш минимуми турлича белгиланган. Жамоа хўжаликлари (охиргиси 2005 йилда) тарқатиб юборилганидан сўнг ишчилар ишсиз қолиши натижасида меҳнат стажида катта узилишлар юзага келган. Асосий муаммо жамоа хўжалиги ва ширкат хўжаликларида меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган фуқароларнинг ушбу хўжаликлардаги меҳнат фаолияти (масалан, ҳар йилги меҳнат минимум қарорлари) тўғрисидаги маълумотлар архив сақловига топширилмаган ёки умуман мажуд эмас.

Бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги) ишлаб, пенсияга чиққан шахслар бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ пенсия олишга мажбур бўлмоқда ва уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, бу уларнинг айби эмас, меъёрий ҳужжатлардаги камчилик сабаблидир.

Қўшма йиғилишда депутатлар томонидан ушбу муаммони бартараф этиш учун 2005 йилга қадар жамоа ва ширкат хўжаликларидаги меҳнат фаолияти даврларини тўлиқ йил сифатида инобатга олиниши тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кераклиги ҳақидаги таклиф илгари сурилди.

Бундан ташқари, тўлиқсиз ёшга доир пенсия масаласи ҳам кенг муҳокама қилинди. Ҳозирда камида 7 йил иш стажига эга бўлган шахсларга тўлиқсиз ёшга доир пенсия тайинланмоқда. Ушбу пенсиянинг энг кам миқдори 236 000 сўмни ташкил этмоқда. Табиийки, ушбу пенсия миқдори пенсионернинг бир ойлик сарф-харажатлари учун етарлими, деган савол туғилади. Депутатлар томонидан ёшга доир пенсия миқдорини “Истеъмол саватчаси” индексига асосланган ҳолда янги қоида асосида белгилаш таклифи билдирилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда аҳоли томонидан бўлаётган жуда кўплаб мурожаатларда пенсия ҳисоблашда ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, исталган беш йиллик кетма-кетликдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинишини белгилаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Берилган ахборот юзасидан кескин баҳс-мунозараларда, депутатлар томонидан масаланинг ижтимоий жиҳатига асосий эътибор қаратилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда пенсия ва нафақа тизимини такомиллаштириш, уни тайинлаш ҳамда тўлаш жараёнларини соддалаштириш, шаффофлигини таъминлашда электрон тизимни янада кенгроқ қўллашга алоҳида урғу берилди.

Йиғилишда кўтарилган қатор муаммоларни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги Фармонига мувофиқ, Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқишда, албатта, инобатга олиши зарурлиги тўғрисидаги фикрлар билдирилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблар тарзида ўтказилган қўшма йиғилиш якунида соҳадаги мавжуд муаммоларни имкон қадар қисқа муддатларда ҳал этиш кераклиги таъкидланиб, бу ҳақда ташкилотчиларнинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 724

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.08.2020
Коррупция ва одил судлов масалаларига оид рейтинг юритиш тартиб-таомиллари муҳокама қилинди

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янада натижадорлиги ва жозибадорлигини ...

12.08.2020
ЁШЛАР-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари устуворлиги сари

2020 йил 12 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини бошлади. Унинг очилиши...

11.08.2020
Адвокатларга қандай имкониятлар бериляпти?

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлақонли амалга ошириш ва белгиланган ма...

Тадбирлар тақвими