Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи меҳнат миграцияси жараёнларига қандай таъсир кўрсатади?

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи меҳнат миграцияси жараёнларига қандай таъсир кўрсатади?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, ушбу мақсадда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу берилди. Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масалаларини чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, якуний хулосани бериш вазифаси халқ вакиллари зиммасига юклатилди.

Шу муносабат билан, жорий йил 26 мартда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масалани ўрганиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра, мазкур масалани ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди ва Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган тадбирлар режаси тасдиқланди.

Бугунги кунда қуйи палата қўмиталари томонидан барча йўналишлар бўйича Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи чуқур ўрганилмоқда.


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг видеоконференция тарзида ўтказган йиғилиши айнан мазкур масала муҳокамасига бағишланди.

Видеомулоқот шаклида ўтказилган йиғилишда қўмита аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг мутасадди ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳиддиновнинг “Ўзбекистонда меҳнат миграцияси масалалари ва истиқболдаги режалар, вазирликнинг Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласидаги ёндашуви тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Маълумки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) 2015 йилдан буён фаолият юритиб, Россия, Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон мамлакатларини бирлаштиради.


Таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси, нафақат Ўзбекистон фуқаролари учун, балки Иттифоққа аъзо давлатларнинг меҳнат мигрантлари учун ҳам асосий ташриф мамлакати ҳисобланади.

Ахборотда таъкидланганидек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида россиялик ҳамкорлар билан ишчи гуруҳ тузилиб, йиғилган маълумотлар ва ўрганишларни комплекс таҳлили амалга оширилган. Жумладан, ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш доирасида меҳнат миграцияси соҳасидаги миллий қонунчилигимизни Евроосиё иқтисодий иттифоқ қонунчилигига мослаштириш ва уйғунлаштириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ҳимояси, ижтимоий-иқтисодий ҳолатига таъсирининг ижобий ва салбий тарафлари, меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзгаришларнинг Ўзбекистон Респубикаси иқтисодиётига таъсири таҳлил қилиб чиқилган.

Аъзо давлатларнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлиги ЕОИИ тўғрисидаги Шартноманинг XXVI бўлимида белгиланган.

Товар, хизмат ва капиталнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш билан бир қаторда, ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши шартномада белгилаб ўтилган. ЕОИИ тўғрисидаги Шартнома, иштирокчи-мамлакатлар ҳудудларида, аъзо давлатлар фуқороларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш эркинлигини таъминлайди ва меҳнат миграцияси сиёсатини уйғунлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш мажбуриятини юклайди.

Шартнома ЕОИИ фуқароларини Иттифоқ ҳудудида ташкилий асосда танлаб олиш ва ишга жойлаштириш тартибини белгилайди, шунингдек, ижтимоий таъминот, тиббий хизмат, меҳнат даврини ҳисобга олиш ва меҳнат мигрантлари томонидан тўпланган пенсияларини тўланиши масалаларини мувофиқлаштиради.


Шартноманинг қоидалари тиббий суғурта полиси мавжудлигидан қатъи назар, ишчилар ва уларнинг оила аъзоларига бепул шошилинч ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини назарда тутади.

Миллий қонунчилигимизни Евроосиё иқтисодий иттифоқ қонунчилигига мослаштириш ва уйғунлаштириш таҳлили шуни кўрсатдики, кўзатувчи мақоми доирасида ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни талаб этмайди. Агар аъзо давлат сифатида ЕОИИга қўшилсак, у ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ва бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати пайдо бўлади.

Вазирликнинг фикрича, Иттифоққа аъзо бўлиш меҳнат муносабатлари масаласида Ўзбекистон учун кутилаётган бир қатор ижобий натижаларни бериши мумкин. Хусусан, Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши мамлакатимиз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг имкониятларини кенгайтиради, мигрантларнинг хорижий мамлакатда ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади. Шунингдек, мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетишини ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди. Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми патент олиш учун харажатларнинг пасайиши, мигрантлар сонининг кўпайиши ва мақомни легализациялаш натижасида даромадларнинг кўпайиши ҳисобига ошади (дастлабки 2-3 йил ичида 2 баробардан кўпроқ, ҳозирги 4-5 миллиард АҚШ долларидан йилига 8-9 миллиард АҚШ доллари ҳисобида).

Бу ҳамкорлик халқимизнинг манфаатларига хизмат қилиши ва мамлакатимиз иқтисодиётини янада ўсишига ёрдам бериши айтиб ўтилди.


Шу билан бирга, Иттифоққа аъзо бўлишнинг айрим камчиликлари ҳам санаб ўтилди. Жумладан, сифатли ишчи кучининг мамлакатдан чиқиб кетиши ва бунинг оқибатида мамлакатда унга бўлган талаб ҳамда таклифнинг бузилиши юз бериши мумкин. Айрим мигрантларнинг хорижий мамлакатда ўзини тутиши ва хорижий тилларни билмаслиги Ўзбекистон обрўсига салбий таъсир ўтказади. Мигрантларнинг турли хил салбий оқимларга қўшилиш эҳтимоли ошади, айрим тармоқларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши оқибатида иш ўринларининг йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Берилган ахборот юзасидан кечган баҳс-мунозараларда депутатлар томонидан масаланинг сиёсий жиҳатига асосий эътибор қаратилди. Гарчи иттифоқ номи иқтисодий бўлса-да, ҳар қандай иқтисодий жараён сиёсатдан айри тарзда кечмаслиги борасидаги фикрлар ўртага ташланди.

Шу билан бирга, депутатлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш (аъзо бўлиш) доирасида юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсирни камайтириш юзасидан бирламчи чора-тадбирлар ҳам кўрилиши зарурлигини таъкидладилар.

Фикрлар турлича. Айрим депутатлар бу масалани ижобий томони, салбий таъсирлардан кўра кўпроқ, деб таъкидлаган бўлса, айрим халқ вакиллари унга қарши фикрларни ҳам билдирдилар. Қизғин савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар остида ўтган йиғилишда қўмита аъзолари томонидан меҳнат миграцияси жараёнларини ҳуқуқий тартибга солишда мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши мигрантлар учун анча енгилликларни яратиши, лекин бу масалани янада пухта, чуқур ўрганиб, салбий оқибатларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ёндашувини ҳам ҳисобга олган ҳолда, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиб эмас, балки кузатувчи сифатида иштирок этиш таклифини ўйлаб кўриб, бир хулосага келиш кераклиги тўғрисидаги фикрлар билдирилди.

Албатта, ёндашувлар ҳар хил. Ҳали олдимизда бу масалани чуқур ўрганиш вазифаси турибди. Етти эмас, етмиш марта ўлчаб бир кесиш кераклигини барчамиз чуқур ҳис этиб турибмиз.

 

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 963

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.08.2020
Коррупция ва одил судлов масалаларига оид рейтинг юритиш тартиб-таомиллари муҳокама қилинди

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янада натижадорлиги ва жозибадорлигини ...

12.08.2020
ЁШЛАР-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари устуворлиги сари

2020 йил 12 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини бошлади. Унинг очилиши...

11.08.2020
Адвокатларга қандай имкониятлар бериляпти?

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлақонли амалга ошириш ва белгиланган ма...

Тадбирлар тақвими