Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Парламент қуйи палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг видеоселектор тарзидаги кенгайтирилган  йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов иштирок этди.

Йиғилишда Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи концепцияси лойиҳаси, Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси лойиҳаси, депутат А.Бурҳоновнинг “Қирғизистон Республикасига амалга оширган ишчи сафари якунлари тўғрисида”ги ҳамда “Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеясига (ТуркПА) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг аъзо бўлишига оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда “Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи концепцияси лойиҳаси тўғрисида”ги масала юзасидан фикр билдирган депутатлар Марказий Осиё мамлакатлари парламентлараро дўстлик гуруҳини ташкил қилиш ғояси Марказий Осиё давлат раҳбарларининг 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Маслаҳат Кенгаши йиғилиши давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилганини таъкидладилар.

Ҳозирда Марказий Осиё мамлакатлари парламентлараро дўстлик гуруҳининг Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, у қўмита аъзолари томонидан дастлабки тарзда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда. Концепция лойиҳасида Парламентлараро дўстлик гуруҳининг мақсад ва вазифалари баён қилинган. Шунингдек, дўстлик гуруҳини тузиш тартиби ҳамда унинг фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар белгиланган.

Қўмита аъзолари мазкур лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Мазкур ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, лойиҳани тайёрлаш ва такомилига етказиш ишлари билан шуғулланмоқда. Ишчи гуруҳ мазкур ҳужжатни маромига етказиш борасида ишларни давом эттириб, тез кунларда уни Қонунчилик палатаси Кенгашига тақдим этишга келишиб олинди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатияси концепцияси лойиҳаси юзасидан ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Ҳозирда мазкур концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича идоралараро махсус ишчи гуруҳи тузилган  бўлиб, у лойиҳанинг дастлабки матнини муҳокама учун тақдим этди. Лойиҳада парламент дипломатиясининг мақсади, вазифалари ва  асосий тамойиллари, Ўзбекистон Республикасида парламент дипломатиясини шакллантириш ва амалга оширишга таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, парламент дипломатиясининг устувор йўналишлари ҳамда амалга ошириш механизмалари ўз аксини топган. Қўмита аъзолари лойиҳани янада такомиллаштириш ишларини ниҳоясига етказиб, яқин кунлар ичида уни Қонунчилик палатаси Кенгашига тақдим этишга келишиб олдилар.

Шундан сўнг, депутатлар Туркий тилли давлатлар Парламентлараро Ассамблеясига Ўзбекистон Республикасининг аъзо бўлиши масаласини муҳокама қилдилар. Ушбу масалани жадаллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқлаган «2021-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланганига эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, ТуркПА – туркийзабон давлатларнинг Парламент Ассамблеяси бўлиб, 2008 йил 21 ноябрда Истанбул шаҳрида асос солинган. Қароргоҳи (Бош котибияти) Озарбайжоннинг Баку шаҳрида жойлашган. Ҳозирги кунда ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистон давлатлари аъзодир. Венгрия 2018 йилдан бери кузатувчи мақомига эга. ТуркПАнинг бош мақсади — туркийзабон мамлакатларда парламентлараро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, парламент дипломатияси орқали аъзо мамлакатлар ўртасида сиёсий мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг ТуркПАга аъзо бўлиб кириши туркийзабон мамлакатларнинг парламентлари билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, туркий халқларни бир-бирига янада яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатларни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшади. Ҳозирда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг ТуркПАга аъзо бўлишининг мақсадга мувофиқлиги масаласида тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда тадқиқот марказлари билан бирга ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Йиғилишида, шунингдек, депутат А.Бурҳоновнинг Қирғизистон Республикасига амалга оширган ишчи сафари якунлари бўйича ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, ташриф давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан хавфсизлик, минтақавий барқарорлик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган минтақавий лойиҳаларни ишга тушириш, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ҳусусан, 2020 йил 6 март куни Қирғизистон Республикаси Жокорку Кенеши (Миллий парламент)да парламент аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қирғизистон парламенти вакиллари Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо берди. Айниқса, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янги тарихий жиҳатдан янада юқори даражага кўтарилгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Қирғизистон парламенти аъзолари томонидан ҳамкорлик бўйича бир қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё минтақавий парламентлараро Ассамблеясини ташкил этиш, Мониторинг ва баҳолаш бўйича Евроосиё минтақавий парламентлараро форумининг 2020 йилдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш, 2020 йил октябрь ойида Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтадиган Осиё Аёллар форумида Ўзбекистон парламенти вакилларининг ҳам иштирокини таъминлаш, Қирғизистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш каби таклифлар шулар жумласидандир.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 558

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.08.2020
Коррупция ва одил судлов масалаларига оид рейтинг юритиш тартиб-таомиллари муҳокама қилинди

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янада натижадорлиги ва жозибадорлигини ...

12.08.2020
ЁШЛАР-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари устуворлиги сари

2020 йил 12 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини бошлади. Унинг очилиши...

11.08.2020
Адвокатларга қандай имкониятлар бериляпти?

Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлақонли амалга ошириш ва белгиланган ма...

Тадбирлар тақвими