Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Хорижий сафарлар бўйича ҳисоботлар эшитилди

Хорижий сафарлар бўйича ҳисоботлар эшитилди

2020 йил 16 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси хамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов иштирок этди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси парламент делегацияларининг бир қатор хорижий мамлакатларга ташрифи бўйича ҳисоботлар тингланди ва атрофлича муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан жорий йилнинг 3-6 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Шадмановнинг 2020 йил Россия Федерациясининг Санктпетербург шаҳрига Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг (МДҲ ПАА) Маданият, ахборот, туризм ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиясининг (Доимий комиссия) навбатдаги йиғилишидаги иштироки бўйича ҳисоботи эшитилди.

Таъкидлаш жоизки, Доимий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида бир қатор модель қонунлар, Конвенциялар ва тавсиялар лойиҳаларининг муҳокамаларига тайёргарлик бўйича маслаҳатлашувлар ташкил этилди. Жумладан, “МДҲ иштирокчи - давлатларининг маданий мероси объектларини асраш тўғрисидаги Конвенция» лойиҳаси, «Ҳамдўстлик болалари» халқаро маданий-маърифий форумини ўтказиш тўғрисидаги масала, шунингдек «Ҳамдўстлик» Travel Hub» лойиҳаси, “МДҲ иштирокчи - давлатларида бошқа нашрларнинг мажбурий нусхасини такдим этиш юзасидан ягона ёндашувни белгилаш бўйича Тавсиялар” лойиҳаси юзасидан қизғин фикр алмашилди.

Доимий комиссия кун тартибига киритилган яна икки асосий йўналиш - бу модель қонунчилиги ва уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, МДҲ ПАА доирасида соҳага оид айрим низомлар қабул қилиш ва айрим амалдаги ҳужжатларга ўзгартириш киритишдан иборат. Йиғилишда ПААнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши кутилаётган қонун ҳужжатларини муҳокамаларга тайёрлаш ҳолати юзасидан масъуллар ахбороти тингланди ва тегишли тузатишлар киритилди.


Доимий комиссиянинг 2019 йил октябрь йиғилишида бирламчи муҳокама этилган масала - маданият ва санъат, матбуот ва ахборот, спорт ва туризм соҳаларида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Парламентлараро Ассамблеясининг фахрий белгилари ва фахрий ёрлиқлари тўғрисидаги Низомларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳалар ҳам маъқулланди.

Доимий комиссия йиғилиши якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Умуман, Доимий комиссия йиғилишида иштирок этиш Ўзбекистон учун анча самарали бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Биринчидан, Доимий комиссия қарорлари асосида қабул қилинадиган модель қонунларининг муҳим ижобий нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалаларини ўрганиш учун ҳуқуқий асослар шакллантирилди. Бундан ташқари, Доимий комиссия ташаббуси билан МДҲ ПАА томонидан қабул қилинган модель қонунчилигидан Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилик фаолиятида фойдаланиш даражасини таҳлил қилиш имконини берди.

Иккинчидан, МДҲ ПАА иштирокчи-давлатларида «Ҳамдўстлик болалари» халқаро маданий-маърифий форумини ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан таклифлар ишлаб чиқилиши тавсия этилди. «Travel Hub «Ҳамдўстлик» лойиҳаси доирасида эса Ўзбекистон Республикасининг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча таклифлар киритилиши ва мазкур Travel Hub доирасида Ўзбекистоннинг иштирокини кенгайтириш учун янги макон ва музокаралар майдони шакллантирилди.

Шунингдек, Доимий комиссия фаолияти давомида МДҲ иштирокчи-давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг маданият ва санъат, матбуот ва ахборот, спорт ва туризм соҳаларида МДҲ ПАА фаҳрий белгиларига Ўзбекистон Республикасининг шу соҳаларда халқ олдидаги хизматларига муносиб бўлган фуқаролари тақдирланди.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан жорий йилнинг 27-28 февраль кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси (ТуркПА)нинг кинематография соҳасида модель қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган семинарида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қ.Жўраевнинг ҳисоботи эштилди.

Маълумки, ТуркПА туркийзабон давлатларнинг Парламент Ассамблеяси бўлиб, 2008 йил 21 ноябрда Истанбул шаҳрида асос солинган. Қароргоҳи (Бош котибияти) Озарбайжоннинг Боку шаҳрида жойлашган. Ҳозирги кунда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистон аъзо. Венгрия 2018 йилдан бери кузатувчи мақомига эга. ТуркПА Бош котиби - Алтинбек Мамаюсупов (Қирғизистон).


Ўзбекистон Республикаси ҳозирда ТуркПА аъзоси эмас. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқлаган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»нинг 271-бандида жорий йилнинг 1 октябрига қадар Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеясига аъзо бўлиш масаласини жадаллаштириш вазифаси белгиланган. Бу борада алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади ва унда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеясига аъзо бўлишининг мақсадга мувофиқлиги масаласини ўрганиш; сиёсий қарор қабул қилиш натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг расман ташкилот аъзолигига қабул қилинишининг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини ҳал этиш; парламент палаталари Кенгашларининг қўшма қарори орқали Олий Мажлиснинг Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеясидаги доимий таркибини шакллантириш; Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш назарда тутилади.

ТуркПАнинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган семинарида. «Кинематография ва аудиовизуал маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш тўғрисида»ги модель қонун лойиҳаси ҳамда «Кинематография тўғрисида»ги модель қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар иккала қонун лойиҳалари ҳам Ўзбекистон учун долзарб аҳамиятга эга. Мазкур модель қонунлар Ўзбекистонда кинематография соҳасида миллий қонунчиликни ривожлантиришда, жумладан, худди шу номдаги қонунларни ишлаб чиқишда асос сифатида хизмат қилиши мумкин. Ушбу қонунларнинг қабул қилиниши, ўз навбатида, мамлакатимизда кино соҳасининг ривожланишига туртки беради.  

Қолаверса, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури»да Ўзбекистон Республикасида кинематография соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш (227-банд); Ўзбекистон Республикасининг «Кинематография тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш (229-банд); Хорижий кинокомпаниялар ва киностудияларни мамлакатга жалб этиш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш (230-банд) каби устувор вазифалар белгилаб олинган.

Семинар давомида, шунингдек, болалар фильмлари, анимация сектори ва унинг ривожланиш хусусиятлари тўғрисида иштирокчи давлатлар ўзаро тажриба алмашдилар. Семинар дастурига кўра, унинг иштирокчилари Анқара шаҳри атрофида жойлашган “ISF Studios” анимацион фильмлар марказига ташриф буюрдилар ва унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

ISF studio рақамли санъат асарлари ва анимация соҳасида Туркиядаги энг йирик марказлардан бири бўлиб, асосан Туркия телерадиокампанияси (TRT) буюртмаси асосида болалар учун мультсериаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Анимацион асарлар орқали Туркиянинг бой тарихи, маданияти ва санъатини кенг тарғиб этади. Унинг қатор анимацион асарлари, хусусан, Rafadan Tayfa (Зумрашалар саргузаштлари) мультсерилаи ҳозирда нафақат Туркияда, балки дунёдаги қатор мамлакатларда катта қизиқиш билан намойиш этилмоқда.

Семинар давомида бир қатор учрашув ва мулоқотлар ташкил қилинди. Жумладан, Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ) Мустафа Шентоп семинар иштирокчиларини қабул қилди ва Ўзбекистон парламенти вакилининг мазкур семинарда иштирок этаётганлиги учун самимий миннатдорчилик билдирди. У Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари динамик равишда ривожланиб бораётганлигидан мамнун эканлигини изҳор қилди. Унинг фикрича, “кейинги уч йил ичида Ўзбекистоннинг ички ва ва ташқи сиёсатида жуда катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қардош туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Айниқса, бундан бир ҳафта олдин Туркия Президенти ҳузуридаги Миллий кутубхонанинг очилиш маросимига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев рафиқаси билан иштирок этганлиги икки мамлакатнинг муносабатларида янги саҳифа очди”.

ТБММ раиси Ўзбекистоннинг тез орада ТуркПАга тўлақонли аъзо бўлиб киришига умид билдирди ва ТуркПАнинг қардош туркий халқларнинг биргаликда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун қулай платформа эканлигини таъкидлади.

Мустафо Шентоп жорий йилнинг апрель ойида Анқара шаҳрида ТБММнинг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрилаётганини қайд этиб, туркийзабон мамлакатларнинг парламент делегацияларини юбилей тантаналарига қатнашишга таклиф қилди.

Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонининг Юридик бошқармаси катта референти Ж.Ваккасовнинг 2020 йил 15 январь - 14 февраль кунлари Хиндистонда (Нью Дели) бўлиб ўтган Қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича 35-халқаро ўқув дастуридаги иштирок бўйича ҳисоботи эшитилди.

Парламент тадқиқотлари бюроси (BPST) томонидан ташкил этилган ва тўлалигича Хиндистон ҳукумати томонидан молиялаштирилган мазкур ўқув-трейнинг дастуридан жой олган асосий машғулотлар Ҳиндистон Парламент кутубхонаси биносида ўтказилди. Ўқув-трейнинг дастурининг асосий мақсади қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари ва парламент томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг самарали услубларини қўллашда халқаро тажриба, қонунчилик технологияларидан фойдаланиш бўйича малака ошириш, қонун нормаларини талқин қилиш, шарҳлаш билимлари бўйича тажриба алмашишдан иборат.

Дунёнинг 26 давлатидан (Арманистон, Аргентина, Бангладеш, Беларус, Бутан, Гаяна, Малдив ороллари, Молдова, Миянма, Малави, Тожикистон, Танзания, Тринидад ва Табаго, Замбия ва бошқалар) 42 нафар иштирокчи қатнашган ўқув-трейнинг давомида “Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун IT хизматлар”, “Рақамли оламда ҳуқуқий маълумотларга кириш”, “Ноқонуний пул айланмаларига қарши кураш”, “Ҳуқуқий ислоҳотлар”, “Рақобат тўғрисидаги қонун таҳлили”, “Ҳокимиятнинг бўлиниш принциплари”, “Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш қоидалари”, “Қонун ижодкорлигида жамоатчиликнинг иштироки”, “Интеллектуал мулк ҳуқуқи”, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун таҳлили”, “Қонун ижодкорлиги малака ва услублари”, “Атроф муҳит ҳуқуқи”, “Транспорт воситалари соҳасидаги қонун ҳужжатлари”, “Қонунчилик таклифларини ўрганиш, “Парламентда қонунларни қабул қилиш”, “Кибер қонунлар: тавсиф ва муаммолар”, “Жиноят ҳуқуқи ва маълумотга бўлган ҳуқуқ”, “Халқаро шартномаларни тузиш”, “Қонунчиликда талаб: қонунлар, Конституция, сиёсат ва бошқарувга таъсир этувчи омиллар” каби мавзуларда маърузалар ташкил қилинди.

Шунингдек, ўқув дастури доирасида барча иштирокчилар томонидан ўз давлатларининг ҳуқуқ тизими, қонун ижокорлиги тизими ва босқичлари мавзуларида тақдимотлар ўтказилди. Бу ҳодиса дунёнинг 26 давлатининг Конституцияси, давлат бошқарув тизими ва қонун ижодкорлиги тизими тўғрисида хилма-хил фойдали маълумотларга эга бўлиш имкониятини берди.

Дастур доирасида иштирокчилар, шунингдек, Раджастон штатининг Джайпур шаҳрига саёҳат қилиб, у ерда Раджастон штатининг маҳаллий парламенти (Vidhan Sabha) фаолияти билан яқиндан танишдилар. Джайпур ҳуқуқшунослик коллежида ўқувчилар ва дастур иштирокчилари билан конференция ўтказилди.

Ўқув-трейнинг бошқа давлатларнинг парламентлари вакиллари билан ўзаро тажриба алмашиш, мулоқот ўрнатиш учун муҳим платформа вазифасини бажарди. Бундан ташқари, маърузачилар қонун ижодкорлиги, қонун ҳужжатларини талқин қилиш бўйича бой билим ва кўникмаларга эга бўлиб, шу каби дастурларга ҳар йили бир нечта девон ходимларини юбориш муҳим ҳисобланади. Чунки, бу каби дастурлар ходимларнинг дунё қараши, соҳавий билимлари ва малакаларининг ошиши учун жуда фойдалидир. Қолаверса, қонун нормаларининг амалиётда бехато ишлаши, турли даражадаги хатоларга йўл қўймаслик учун қонун ижодкорига матнларни оқилона тузишга етарлича вақт тақдим этилиши лозим.

Тадбир якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 240

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими